“Боботоғ” тоғларида қор, қир-адирларида баҳор
Сурхондарё вилоятидаги “Боботоғ” массиви мафтункор “Боботоғ” миллий табиат боғи қўйнидаги сўлим гўша. Айни пайтда боботоғликлар икки фасл-қиш зийнати ва баҳор тароватидан баҳра олмоқда.
Табиат жонкуярларининг айтишича, шу кунларда миллий табиат боғининг баланд тоғлари оппоқ қор қўйнида сокин мудрамоқда. Назоратчилар ёввойи жониворларга озуқа тарқатиш билан банд. Тоғ этакларида баҳор нафаси эсмоқда. Табиатнинг унсиз сир-синоати қудрати билан қир-адирлар уйғониб, баҳор даракчиси бойчечак бўй кўрсатди. Қишлоқ одамлари дала юмушларини бошлашга ҳозирлик кўрмоқда.






Миллий табиат боғи Ўзбекистон ва Тожикистон чегарасида жойлашган. Денгиз сатҳидан 2 минг 290 метр баландликдаги Заркоса тоғи табиат боғининг энг баланд чўққиси саналади. Бир йўла йилнинг икки фаслини бағрига сиғдира олган бетакрор ҳудудда Оқмачит, Чагам, Янгиобод қишлоқлари бор.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири