Омбудсман маърузаси кўриб чиқилди
Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг 2025 йилдаги фаолияти тўғрисидаги маърузасини кўриб чиқди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида тарихий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Инсон қадрини юксалтириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишнинг самарали тизими яратилди.
Ўзбекистон бу борадаги халқаро талаб ва мажбуриятларни тўлақонли бажариб келмоқда ва бу нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан кенг эътироф этилмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) институти фаолияти ҳам тубдан ислоҳ қилинди. Унинг ваколатлари кенгайтирилиб, ҳудудлардаги фаолияти кучайтирилди.
Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 10 сентябрдаги фармонига асосан Омбудсман институтининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича мустақил миллий институт сифатидаги аҳамияти янада оширилди.
Ушбу фармон билан Омбудсманнинг ҳудудларда доимий асосда ишловчи минтақавий вакиллари фаолияти йўлга қўйилди. Бугунги кунда минтақавий вакиллар фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиб, муаммоларни тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда бартараф этмоқда.
2024 йил 15 ноябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Қонун билан Омбудсманнинг ваколатлари кенгайтирилди. Институционал мақоми янада мустаҳкамланди. Ушбу ҳужжатда Омбудсманга ўз вазифаларини монеликсиз ҳамда самарали амалга ошириши учун қўшимча кафолат ва ҳуқуқлар берилди.
Мазкур Қонунга асосан Омбудсман қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус муассасалар, вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларида, вақтинча сақлаш ва тергов ҳибсхоналарида, жазони ижро этиш муассасаларида бўлиб, мониторинг ва назорат тадбирларини ўтказмоқда.
Омбудсман маърузасига кўра, 2025 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) номига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан 26 минг 372 та мурожаатлар келиб тушган.
[gallery-27583]
Омбудсман томонидан мурожаатларни ўрганиш натижасида инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги қонунбузилиш ҳолатлари, уларга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан давлат органлари ва идораларига, мансабдор шахсларга 194 та тақдимнома, талабнома, ариза ва даъво аризалари ҳамда хулоса шаклидаги таъсир чоралари киритилган.
Вакил томонидан қўлланилган таъсир чоралари 2024 йилга нисбатан 7 фоизга ошган. Шунингдек, Омбудсман томонидан ташкилотлар ёки мансабдор шахсларга 36 та тақдимнома киритилиб, уларнинг 72,2 фоизи ижобий ҳал этилган.
Мурожаатларни кўриб чиқиш якунига кўра, Омбудсман томонидан фуқаролар манфаатида 11,8 млрд.сўмдан ортиқ маблағ ундирилишига кўмаклашилган.
Ҳисобот йилида Омбудсман ва Жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 954 та мониторинг ташрифлари амалга оширилган. Натижада жазони ижро этиш муассасаларида инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан самарали назоратни таъминлашга эришилган.
Жаҳон ҳамжамиятида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда миллий институтларнинг фаол иштироки долзарб аҳамият касб этмоқда. Омбудсман халқаро шериклик ва институционал ҳамкорликни кенгайтириш орқали миллий ҳуқуқий механизмларни такомиллаштиришга муносиб ҳисса қўшмоқда.
2025 йилда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили дунё Омбудсманлари платформаси Осиё-Тинч океани форумига аъзо бўлди. Дания Омбудсмани ҳамда Германиянинг Фридрих Эберт жамғармаси билан икки томонлама ҳамкорлик меморандумларини имзолади. Омбудсман ва Россиянинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ўртасида чет элда вақтинча яшаётган фуқаролар ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган 2025 — 2026 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” имзоланди.
Депутатлар Омбудсманнинг 2025 йилдаги фаолияти давомида қийноққа солиш, шафқатсиз, ғайриинсоний ва қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турлари қўлланилишининг олдини олиш мақсадида ўтказилган мониторингларга эътибор қаратдилар. Бу борадаги ишларнинг самарадорлигини янада ошириш зарурлигини қайд этди.
Шу билан бирга, Омбудсманнинг ўтган йилдаги фаолияти якунлари бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилиб, унинг фаолиятини янада такомиллаштириш, фуқароларнинг янги таҳрирдаги Конституция ва бошқа қонунларда кафолатланган ҳуқуқлари, эркинликларини таъминлаш бўйича қатор тавсиялар бердилар.
Мажлисда сиёсий партиялар фракциялари раҳбарлари ҳам Омбудсман маърузаси юзасидан ўз муносабатларини билдириб ўтди. Мунозаралардан сўнг, кўриб чиқилган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Гулруҳ АГЗАМОВА, Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси:
— Омбудсманнинг Қонунчилик палатасига тақдим қилган навбатдаги йиллик маърузаси дастлабки тарзда қўмитамиз йиғилишида, шунингдек, сиёсий партиялар фракциялари йиғилишларида атрофлича кўриб чиқилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда Омбудсманнинг Қонунчилик палатаси билан ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилди. Бу ҳамкорлик қонун ижодкорлиги жараёнида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, амалдаги қонунларни такомиллаштириш ҳамда фуқаролар мурожаатлари асосида тизимли муаммоларни бартараф этишга хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда Омбудсман қонун лойиҳаларини экспертизадан ўтказишда ҳам фаол иштирок этмоқда. Шунингдек, Омбудсман ва депутатлар ҳамкорлигида жойларда ўрганиш ишлари мунтазам олиб борилмоқда. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли вазирликларга парламент сўровлари юборилди. Шу билан бирга, қатор вазирлик ва идораларга тақдимномалар киритилди.
Қўмита ташаббуси билан Омбудсманнинг минтақавий вакиллари ҳамкорлигида инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, амалдаги қонунлар инвентаризация қилинди.
Жойларга амалий ташрифлар шуни кўрсатдики, Ўзбекистонда Омбудсман институти амалиёти сўнгги йилларда сезиларли даражада фаоллашган.
Феруза ЭШМАТОВА, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман):
— Биз учун ҳар бир мурожаат — бу шунчаки рақам эмас. Унинг ортида инсон қадрини юксалтириш масаласи турибди. Омбудсман институтининг позицияси аниқ: ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилган фуқарога кўмаклашиш.
Халқимизнинг ижтимоий фаоллиги ошмоқда, бу инсон ҳуқуқлари борасидаги давлат сиёсати ва Омбудсманга ишонч ортаётганининг ифодасидир.
Бугунги кунда биз нафақат мурожаатларни кўриб чиқиш, балки улар ортидаги тизимли муаммоларни аниқлашга ҳаракат қилмоқдамиз. Биз мамлакатимизда яратилаётган янги имкониятлар ва қонунчиликдаги ижобий ўзгаришлар ҳақида фуқароларни янада кенгроқ хабардор қилишни асосий мақсадларимиздан бири сифатида белгилаганмиз.
“Омбудсман мактаби”, “Омбудсман соати”, “Тенглик ва ҳурмат” платформаси доирасида очиқ мулоқотлар ўтказмоқдамиз. Шунингдек, хориждаги фуқароларимиз билан ҳам доимий учрашувлар ташкил этяпмиз.
Ташқи ишлар, Ички ишлар вазирликлари ҳамда Миграция агентлиги ҳамкорлигида алоҳида режа ишлаб чиқилган.
Унга мувофиқ, фуқароларимизнинг хорижда ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, уларнинг мурожаатларини тезкор кўриб чиқиш ва давлат органлари ўртасида мувофиқлаштирилган ҳаракатни таъминлашга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз.
Шуҳрат ЖЎРАЕВ, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман)нинг Навоий вилоятидаги минтақавий вакили:
— Давлатимиз томонидан Омбудсманнинг минтақавий вакиллари фаолиятига алоҳида эътибор берилаётгани ҳудудларда, айниқса, олис маҳаллаларда аҳоли ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда сезиларли натижа бермоқда.
Масалан, саноат ривожланиб бораётган Навоий вилоятида табиийки, меҳнат муносабатлари билан боғлиқ мурожаатлар сони кўпаймоқда. Биз ушбу мурожаатларни кўриб чиқиш, тегишли мутасаддилар билан ҳал этиш баробарида, фуқароларимизнинг бу борадаги ҳуқуқий билимларини ошириш чораларини кўрмоқдамиз.
Нурулло Насриев, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА