Фарғона вилояти кўрсаткичлари рақамларда (+видео)
Фарғона вилоятида ўтган 2025 йилда ҳар жабҳада кескин иқтисодий ўсиш рўй берди. Масалан, аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 2017 йилда 7 миллион сўмни ташкил этган бўлса, 2025 йилга келиб, 26,6 миллион сўмга етди ёки 3,8 баробар ўсди. Ўтган йилларда 519 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланиб, уларнинг даромадлари оширилди ва 53 минг оила камбағаллик рейстридан чиқарилди. Вилоятда 26 та йирик, 357 та ўрта ва кичик инвестиция лойиҳалари ишга туширилиб, салкам 3 миллиард доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилди. Қишлоқ хўжалигида ўтган йили 94,3 минг гектар майдонда 816,7 минг тонна ғалла етиштирилиб, ўртача ҳосилдорлик 86,6 центнерни ташкил этди. Пахтачиликда 72 минг гектарда 324 минг тонна ҳосил олинди. Мева-сабзавот экспорти 403 миллион долларга етди.
Вилоятда инвестиция ва экспорт ҳажмларини изчил ошириш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш ҳар бир масалага тизимли ҳамда манзилли ёндашишни талаб этади. Бу 2026 йил режаларида инобатга олинди. Яъни умумий қиймати 8,2 миллиард доллар бўлган янги йирик лойиҳалар пакети шакллантирилди. Жорий йилнинг ўзида умумий қиймати 4,2 миллиард доллар бўлган лойиҳаларни ишга тушириш режалаштирилган. Ушбу лойиҳаларнинг 2,7 миллиард доллари саноат, 210 миллион доллари қишлоқ хўжалиги, 1,2 миллиард доллари сервис ва туризм соҳаларига тўғри келади.

Бандлик ва камбағалликни қисқартириш бўйича аниқ мақсадли кўрсаткичлар белгиланди. 2026 йилда жами 595 минг нафар, шундан 98 минг доимий иш ўрни яратиш, 423 минг аҳолини даромадли қилиш ҳамда 74 минг иш ўрнини “соя”дан чиқариш режалаштирилган.
Бувайда, Учкўприк, Қува, Ўзбекистон, Ёзёвон туманлари ҳамда Марғилон, Фарғона, Қўқон ва Қувасой шаҳарларини ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудларга айлантириш вазифаси қўйилди. Шу мақсадда 7 та туман ва 132 та “оғир” маҳаллада инфратузилмани яхшилаш орқали ишсизлик ва камбағалликни икки карра қисқартириш учун 800 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилади. Шунингдек, банклар томонидан “Маҳалла лойиҳаси” дастури доирасида 1,4 триллион сўмлик кредит ресурслари йўналтирилади.

Қишлоқ хўжалигида мева-сабзавот маҳсулотларини хом ҳолда эмас, юқори қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулот сифатида сотиш орқали экспорт ҳажмини 510 миллион долларга етказиш вазифаси белгилаб олинди. Шу боис, Фарғона ва Қувасой шаҳарларида хитойлик инвесторлар иштирокида умумий қиймати 175 миллион доллар бўлган агрологистика марказлари барпо этилади.
Ўзбекистон, Бешариқ ва Олтиариқ туманларида чорвачилик, сутни қайта ишлаш ва наслли жўжа етиштириш йўналишларида умумий қиймати 21 миллион доллар бўлган 4 та лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган.

Маълумки, ижтимоий инфратузилмани аҳолининг сон жиҳатидан ўсишига мос равишда ривожлантириш зарур. Жорий йилда 33 та мактаб қурилиши ва реконструксияси учун 343 миллиард сўм ажратилмоқда.
Фарғона вилоятида 2025 йилдан бошлаб янги тажриба жорий этиляпти. Дастлаб Марғилонда, энди эса Қўқон шаҳрида 17 та давлат идорасини “Янги Ўзбекистон” массивига кўчириш орқали аҳолига барча давлат хизматларини бир жойда кўрсатадиган қулай ва самарали тизимни шакллантириш вазифаси белгиланди.

Aхборот технологиялари соҳасида Фарғона вилояти иқтисодиётининг муҳим драйвери сифатида IТ йўналишини жадал ривожлантириш ҳам бош вазифалардан бири қилиб белгиланган.
Вилоятда 139 та IТ-парк резиденти фаолият юритмоқда. Жорий йилда ахборот технологиялари хизматларининг ҳажмини 3,5 триллион сўмга, экспортни эса 30 миллион долларга етказиш мақсад қилинган. Фарғона шаҳрида янги ИТ-парк ва мажмуаси, Марғилон шаҳрида халқаро IТ олий ўқув юрти, шунингдек, Фарғона шаҳрида “Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари” лойиҳасини ишга тушириш режалаштирилган.
Ҳар бир лойиҳа аҳоли бандлиги ва турмуш даражасини ошириш билан узвий боғлаб амалга оширилади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/r0RTUKZtjK4" title="Farg‘ona viloyati ko‘rsatkichlari raqamlarda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов(видео, сурат), ЎзА