Хонадонларнинг чироқлари доимо ёниб турсин (+видео)
Қарор ва ижро
Мамлакатимиз энергетика хавфсизлигини таъминлаш, соҳада қонунийликни мустаҳкамлаш ва аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш бугунги ислоҳотларнинг марказида турибди. Хусусан, Тошкент вилоятида ҳам электр энергияси етказиб бериш тизими улкан масштабга эга. Мутахассислар маълумотига кўра, ҳозир ҳудуд бўйича жами 791 минг 704 нафар истеъмолчи мавжуд бўлиб, уларга 24,4 минг километрдан ортиқ электр узатиш тармоқлари ва 7 567 та трансформатор пунктлари орқали хизмат кўрсатилмоқда.
Прокуратура назорати остида амалга оширилаётган ўрганишлар шуни кўрсатадики, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тизимга уланишда коррупция ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида рақамлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўтган даврда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ва Давлат дастурлари ижросини таъминлаш борасида салмоқли ишлар қилинди. Айниқса, аҳолини барқарор электр энергияси билан таъминлаш мақсадида 2025 йилда улкан ҳажмдаги таъмирлаш ишлари бажарилди. Жумладан, жойларда 2 минг 616,1 километр тармоқ ва 777 та трансформатор пункти мукаммал таъмирланди. 6 минг 930 километр тармоқ ва 2 минг 126 та трансформаторда жорий таъмирлаш ишлари якунланган.
Айниқса, Президентимизнинг 2024 йил 23 сентябрдаги "Камбағалликдан фаровонлик сари" дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ва бошқа муҳим ҳужжатлар ижроси доимий назоратга олинган. Уларга кўра, ҳудудлардаги 853,1 километр ҳаво линияси реконструкция қилиниб, 94 та янги трансформатор ўрнатилди. Янги массивлар учун 21 километр тармоқ, 1 та подстанция ва 12 та трансформатор пункти қуриб битказилди.
[gallery-27599]
Ўз навбатида электр тармоқлари объектларида юзага келиши мумкин бўлган авариявий ҳолатларнинг олдини олиш, моддий техник базани мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, “Ҳудудий Электр тармоқлари” АЖ томонидан Тошкент вилоятининг 22 та шаҳар туман электр бўлимлари учун 30 тадан зиёд хизмат автомашиналари тарқатилди. Эндиликда марказдан узоқ туманлар, тоғли ва тоғолди ҳудудларга махсус “йўлтанламас” хизмат автомобиллари билан борган ҳолда зарур хизматлар кўрсатилади. Мазкур техникалар тизимда тезкор ва самарали ишни ташкил қилиш, юзага келган носозликларни вақтида бартараф этиш ва ходимлар фаолиятини янада енгиллаштиришга ёрдам беради.
Бундан ташқари, тизимда ёш ходимларга қаратилган эътибор ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш устувор йўналишларидан бирига айланган. Бўстонлиқ туманида ташкил этилган “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раисининг тизимда фаолият юритаётган ёшлар билан учрашувида ҳам айнан мана шундай имкониятлардан кенг фойдаланган ҳолда юртимизга садоқат билан хизмат қилиш тўғрисида сўз юритилди.
Бошқарув раиси дастлаб Президентимизнинг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасидаги устувор вазифалар хусусида алоҳида тўхталди. Бу борада келгусида соҳа вакиллари олдига қўйилган муҳим топшириқлар ва ёшларнинг ўрни ҳақида ўз фикрларини айтиб ўтди. Қайд этилганидек, соҳада мавжуд муаммолар, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, инновацион технологияларни жорий этиш, рақамлаштириш масалаларида ёш ходимларнинг фаол иштирокини таъминлаш муҳимдир.
– Очиқ мулоқотда ёшлар ҳам қатор янги ғоя ва ташаббусларини билдирди. Кўтарилган муаммоларга жойида ечим топиш чоралари кўрилиб, барча таклифлар қўллаб-қувватланди. Бугунги кунда Тошкент вилоятида 400 нафардан ортиқ ёш ходимларимиз ишлайди. Уларнинг тажрибасини ошириш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилган, – дейди “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Тошкент филиали бош муҳандиси Пўлат Муҳаммаджонов.
Умуман олганда, энергетика соҳасида амалга оширилаётган ҳар бир лойиҳа ва сарфланаётган маблағлар халқимиз манфаатларига хизмат қилиши билан аҳамиятли. Пировардида эса ҳар бир хонадонда чироқ ёниши ва тадбиркорларнинг фаолияти тўхтовсиз энергия билан таъминланишидир.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/zBY_6ebo8qM" title="Xonadonlarning chiroqlari doimo yonib tursin" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А.Мусаев, А.Алижонов (сурат, видео), ЎзА