Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази лабораториялари ЖССТнинг глобал тармоқларга қабул қилинди
Дори воситалари ва биологик препаратлар сифатини назорат қилиш миллий тизимини такомиллаштириш доирасида Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази томонидан халқаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда. Марказ лабораториялари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг нуфузли глобал тармоқларига аффилланган аъзо мақомида қабул қилинди.
Хусусан, Дори воситалари сифатини назорат қилиш ва стандартлаштириш лабораторияси ЖССТнинг WHO Global Network of National Quality Control Laboratories for Pharmaceuticals (WHO-GNP) глобал тармоғига аффилланган аъзо сифатида қўшилди.
Шунингдек, Вакциналар, зардоб препаратлари ва микробиологик таҳлил лабораторияси ЖССТнинг WHO Global Network of National Control Laboratories for Biologicals (WHO-NNB) глобал тармоғига аффилланган аъзо мақомини олди.
Ушбу тармоқларда иштирок этиш миллий лабораторияларни халқаро сифат назорати тизимига интеграция қилади, ЖССТ томонидан уйғунлаштирилган методика ва стандартларни амалиётга жорий этиш имконини беради. Бу эса лаборатория синовлари натижаларининг ишончлилиги ва таққосланиш даражасини оширади, шунингдек эксперт ва методологик кўмак олиш имкониятларини кенгайтиради.
Аффилланган аъзо мақомининг берилиши Марказ лаборатория салоҳиятининг изчил ривожланаётганини кўрсатади ҳамда дори воситалари ва вакциналарнинг сифати, хавфсизлиги ва самарадорлигини таъминлашда халқаро ёндашувларга қатъий содиқликни тасдиқлайди.
М.Қосимова, ЎзА