Велоспорт: Самира Исмоиловага Осиёда тенг келадигани йўқ
Саудия Арабистони мезбонлигида ўтаётган шоссе бўйича Осиё чемпионати Ўзбекистон терма жамоаси учун муваффақиятли давом этмоқда.
Мусобақанинг U23 ёш тоифасидаги аёллар ўртасида ўтказилган 109,2 километр масофадаги гуруҳ пойгасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Самира Исмоилова олтин медалга сазовор бўлди.
Шуни таъкидлаб ўтишимиз лозимки, Самира ушбу пойгада масофани 3 соат 17 дақиқа 16 сония натижа билан барча рақибаларини қарийб бир дақиқа ортда қолдирган ҳолда босиб ўтди.

Дарвоқе, ушбу муваффақият жамоавий ҳаракат самараси бўлиб, олтин медални қўлга киритишда Самира Исмоиловага жамоадошлари Асал Ризаева, Анна Кускова ҳамда Ксения Ли яқиндан ёрдам кўрсатиб, сўнгги сонияларгача кураш олиб борди.
Шунингдек, мусобақанинг U23 ёш тоифасидаги йигитлар ўртасида бўлиб ўтган гуруҳ пойгасида Фарруҳ Бобошеров тўртинчи, Диёр Тоҳиров олтинчи, Бегзод Баҳодиров саккизинчи, Самандар Жониқулов кучли ўнликдан жой олди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА