Деҳқонободда ўқувчилар ҳақиқатдан қаровсиз уйда ўқитилганмиди?
Журналистик суриштирув
Яқинда Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманидаги тоғли қишлоқлардан бирида ўқувчилар қаровсиз уйда таълим олаётгани ҳақидаги хабарлар жамоатчилик ўртасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Мазкур ҳолат турли эътироз ва саволларни ҳам келтириб чиқарди.
Ўқувчилар ҳақиқатдан ҳам етарли шарт-шароитлар мавжуд бўлмаган хонадонда ўқитилганми, деган саволга аниқлик киритиш мақсадида ҳодиса жойига бориб, ҳолатни ўргандик.
Маълум бўлишича, туманнинг Шакарбулоқ қишлоғи олис тоғли ҳудудда жойлашган бўлиб, ушбу ҳудуддаги 80-сонли умумий ўрта таълим мактабида 150 нафарга яқин ўқувчи таҳсил олади.
Дастлаб ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда кўрилган, ўқувчилар ўқитилган қаровсиз уй маҳаллий аҳоли вакили ёрдамида топилди. Унинг маълумотига кўра, эски бино ёпилганидан сўнг, тахминан бир ҳафта давомида ушбу уйда ўқувлар ўтказилган.
Мазкур уй ва унинг атрофидаги ҳолат жуда ачинарли ва қаровсиз, бу ерда анчадан буён одам яшамагани яққол кўриниб турибди. Уй эшигига эски қулф осилган. Мактаб раҳбарияти иштирокида қулфни очиб, ичкарига кирдик. Битта кичик коридор ва учта хона мавжуд. Буржуйка печлар ўрнатилган, лекин парта ва доскалар аллақачон олиб чиқиб кетилган. Хоналар болаларга таълим бериш учун мутлақо талабга жавоб бермайди.
Ушбу уйда дарс ўтилган ёки ўтилмагани ҳақида мактаб раҳбари Ражаб Абраевга юзландик. Унинг таъкидлашича, уйда бор йўғи бир кун, бир соатлик дарс ташкил қилинган.
Демак, умуман дарс ўтилмаган, деган иддаолар ўринсиз, бир кун бўлса ҳам дарс ўтилган. Юқорида аҳоли вакили бир ҳафтага яқин муддатда таълим берилганини қўшимча қилганди.
Нега бундай қарорга келингани билан қизиқдик? Бу ҳолатни Р.Абраев қуйидагича изоҳлади.
[gallery-27494]
– Мактабимизнинг асосий биноси ўтган асрнинг 80-йилларида қурилган бўлиб, ҳозирда анча эскирган. Қўшимча биномиз 2015 йилда қурилган, – дейди мактаб раҳбари. – Жорий йилнинг 18 январь санасигача мана шу иккита бинода ўқувчиларга таълим бериб келдик. Янги бинода тўртта, эски бинода 10 та синф ўқитилар эди. Ота-оналарнинг мурожаатига асосан эски бинонинг яроқсиз ҳолга келиб қолгани учун, СЭС ходимлари келиб, ёпилиш далолатномаси қилиб кетишди. Янги бинода эса тўртта синфхона мавжуд. Умумий 14 та синф бўлиб, ўқувчиларни 4 та синфга жойлаштиришнинг иложи бўлмади. Икки сменада ҳам жойлаштира олмадик. Тўртта синф жойсиз қолди. Шу боис ўша хонадонда ота-оналар билан келишган ҳолда дарсларни ташкил қилгандик.
Кимнинг буйруғига асосан бундай қарорга келдингиз, сўраймиз ундан
– Туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғининг топшириғига асосан, – дейди Р.Абраев фикрини давом эттириб. – Ота-оналар телефон орқали мурожаат қилишган. Бўлим бошлиғи Бўриев телефон қилиб, “Менга муаммо қилмасдан, аҳоли хонадонлари бўлса ҳам бир жойга жойлаштириб, ўқит”, деган гапларни айтди. Уни ота-оналар эшитиб: “Майли, аҳоли хонадонлари бўлса ҳам, фарзандларимизни ўқитинг, иссиқ хона бўлсин”, дейишди. Бор-йўғи бир кун ўқитдик.
Абраевнинг таъкидлашича, ҳозирда ўқувчилар Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан комплектлаштириб янги бинодаги тўртта синфга жойлаштириб ўқитилмоқда. Натижада иккита синф ўқувчиларига бир пайтнинг ўзида, битта хонада икки нафар ўқитувчи таълим бермоқда. Ачинарлиси ҳудуд аҳолисининг асосий қисми тожик миллатига мансуб бўлгани боис таълим икки тилда: тожик ва ўзбек тилларида олиб борилади. Бу эса таълим жараёнини янада мураккаблаштирмоқда.
Шундан сўнг айни пайтда ёпиб қўйилган, бир пайтлар ҳашар йўли билан қурилган эски мактаб биносини айландик. Ёғочларини халқ тилида “вахмак” деб аталувчи чумолилар кемириб ташлаган. Поли бетон ва зах. Синфхоналар қоронғи. Иситиш тизими ишламайди. Ҳозирча кутубхона сифатида фойдаланилаётган хонада китоблар сочилиб ётибди. Ўқувчиларнинг сифатли таълим олиши, спорт машғулотларини олиб бориши учун етарлича шароитга эга эмас. Уларга нафақат қўшимча бино, балки спорт зали, очиқ стадион, шинам кутубхона, лаборатория хоналари ҳам жуда зарур.
Ушбу масала юзасидан дастлаб туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими раҳбаридан изоҳ сўрадик.
– 2025 йил декабрь ойидан бошлаб туманимиздаги 80-умумий ўрта таълим мактабида ўқув-тарбия ишларини олиб бориш учун ноқулай шароитлар мавжудлиги бўйича фуқаролар томонидан мурожаатлар қилинган, – дейди туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи Берди Бўриев. – 2025 йил 23 декабрь куни туман санитария-эпидемиологик осойишталик марказига ҳам мурожаат қилинган. Шундан сўнг ушбу ташкилот томонидан 2026 йил 15 январь куни расмий билдириш хати тақдим этилган. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида 17 январь куни Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази билан ҳамкорликда жойига чиқиб ўрганиш ишлари олиб борилди. Эски бино кўздан кечирилди. Ҳақиқатдан ҳам айрим камчиликлар мавжуд эканлиги аниқланди. Шуни инобатга олган ҳолда, мазкур мактабнинг асосий биноси 80 ўринли, замонавий типда қурилгани ҳисобга олиниб, мактабда мавжуд 128 нафар ўқувчини икки сменада ўқитиш тавсия этилди. Ҳозирги кунда мазкур мактабда қурилиш ишларини олиб бориш масаласи ҳам кун тартибида турибди. Муҳтарам Президентимиз томонидан Деҳқонобод туманидаги маҳаллалар “қизил” ҳудуд сифатида белгиланганини инобатга олган ҳолда 241 миллиард сўм маблағ ажратилган. Шу асосда тумандаги умумий ўрта таълим мактабларини янгидан қуриш ишлари режалаштирилмоқда. Жумладан, 80-умумий ўрта таълим мактабида ҳам 120 ўринли янги мактаб биносини қуриш, режага киритилган.
Айнан шу шов-шувларга сабаб бўлган ҳолат – ўша ҳудудда кимнингдир хонадонида дарс ўтилгани билан боғлиқ вазият тўғрими, сўраймиз ундан.
– Йўқ, бу ерда битта жиҳатга эътибор қаратмоқчиман. Мен юқорида таъкидлаганимдек, 2026 йил 17 январь куни мактаб жамоаси ва ота-оналар иштирокида ўтказилган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда юқори ташкилотларнинг меъёрий ҳужжатларига таяниб, ўқувчилар сони ҳисоб-китоб қилинди. Мактабда 128 нафар ўқувчи мавжуд бўлгани учун 80 ўринли асосий бинода икки навбатда ўқитиш тўғрисида тавсия берилган. Қолган фикрларни эса нотўғри деб ҳисоблайман. Сабаби, мен доим меъёрий ҳужжатлар ва қонунлар асосида иш тутиб келаман. Хонадонда ўқитиш билан боғлиқ ҳеч қандай буйруқ бермаганман.
Шу ўринда яна бир савол, эски бино туман СЭСнинг иштирокида нега ёпилган эди?
– 1987 йилда қурилган 80 ўринли эски ўқув бинода ўқувчиларга санитария талабларига зид шароитда таълим бериб келинган. Фуқаронинг бир неча маротаба қилган ариза-шикоятлари асосида туман Санитария-эпидемиология осойишталиги ва жамоат саломатлиги бўлими томонидан текширув ўтказилди, – дейди Деҳқонобод тумани Санитария-эпидемиология осойишталиги ва жамоат саломатлиги бўлими болалар-ўсмирлар гигиенаси бўйича мутахассиси Ҳусан Абдиев. – Ўрганишлар давомида ўқув хоналарида сунъий ва табиий ёритиш етарли эмаслиги, иситиш тизими эски ва хавфли ҳолатда экани, вентиляция йўқлиги, полнинг бетон ҳолда қолгани аниқланди. Бу ҳолатлар ўқувчилар соғлиғига жиддий хавф туғдириши қайд этилди. Шунингдек, ўқув хоналарида болалар меъёрдан ортиқ жойлаштирилгани, доска билан биринчи парта оралиғи санитария қоидаларига мос келмаслиги белгиланди. Қиш мавсумида ис газидан заҳарланиш хавфи юқори экани сабабли бино фаолияти вақтинча тўхтатилди. 2026 йил 19 январда қабул қилинган қарорга асосан камчиликлар бартараф этилгунига қадар эски ўқув биноси ёпилди. Ўқув жараён эса вақтинча бошқа мактабда икки сменада ташкил этилди. Ўзбошимчалик билан мослаштирилган уйда ташкил этилган дарс машғулотлари ҳам бартараф этилди.
Эски бино ёпилди. Мослаштирилган хонадон эса умуман талабга жавоб бермайди. Барча ўқувчилар 4 та синфга тиқилган ҳолда ўқишга мажбур. Бу ҳолат қачонгача давом этади? Таълим жараёни эса тўхтамаслиги керак. Қўшимча ўқув бино қачон қуриб берилади. Шу саволлар билан туман ҳокимлиги мутасаддиларига мурожаат қилдик.
– Ижтимоий тармоқларда Деҳқонобод туманидаги 80-сонли умумий ўрта таълим мактабига оид тарқалган ҳолат туман ҳокимлиги томонидан зудлик билан ўрганилди, – дейди ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ҳамда маънавий-маърифий масалалар бўйича туман ҳокими ўринбосари Сардор Маҳмудов. – Ўрганишлар натижасида мактабнинг эски биноси замонавий таълим талабларига жавоб бермаслиги ҳамда янги ўқув биноси қуриш зарурлиги аниқланди.
Шунингдек, ўқув жараёни қисқа муддат давомида мослаштирилмаган хусусий уйда ташкил этилгани тасдиқланиб, ушбу ҳолат бўйича мактаб раҳбарияти фаолиятига ҳуқуқий баҳо бериш масаласи кўриб чиқилмоқда. Айни пайтда ўқув жараёни санитария талабларига жавоб берадиган асосий бинода икки сменада ташкил этилган.
Маълум қилинишича, янги 120 ўринли замонавий мактаб биносини барпо этиш бўйича таклифлар шакллантирилиб, тегишли ташкилотлар билан келишув ҳамда лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда. Янги бинода ўқитувчилар хонаси, кутубхона ва спорт зали ҳам назарда тутилган.
Барча жараёнлар амалдаги қонунчилик ва меъёрий талаблар асосида амалга оширилиб, мазкур масала туман ҳокимлиги томонидан доимий назоратга олинган.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, ўқувчиларнинг зарур шарт-шароитлар мавжуд бўлмаган хонадонда таълим олаётгани акс этган видео лавҳалар ва улар ортидан тарқалган турли муҳокамаларда асосий масала кимнинг жазоланиши эмас. Энг муҳими, ҳудудда ўқувчиларнинг сифатли таълим-тарбия олиши учун етарли шарт-шароитлар мавжуд эмаслиги масаласига ечим топишдир.
Шу маънода, масъул идоралар томонидан эътиборни айбдорларни аниқлаш ва жазолашга эмас, балки келажак авлоднинг сифатли таълим-тарбия олиши учун зарур шароит ва қулайликларни яратишга, жумладан, қисқа муддатларда қўшимча ўқув биносини барпо этиш масаласига қаратиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари