БМТ: Миллионлаб одам очарчилик ёқасида
Яқинда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ҒАО) ҳамда Жаҳон озиқ-овқат дастури (WАР) ер юзидаги глобал даражада иссиқ 16 нуқтада озиқ-овқат билан боғлиқ вазият жуда тез ёмонлашаётганидан огоҳлантирувчи қўшма ҳисобот эълон қилди.
Бундай манзилларнинг аксарида очарчилик қуролли можаро, иқтисодий инқироз, фавқулодда об-ҳаво шароити ва молия танқислиги туфайли юзага келмоқда.
2025 йил ноябрдан 2026 йил майгача бўлган даврни қамраб олган ҳужжат муаллифлари оммавий очарчиликнинг олдини олиш кечикаётганини таъкидлаган.
Ҳисоботда 6 ҳудуд – Гаити, Мали, Фаластин, Жанубий Судан, Судан ва Яман энг жиддий ташвиш туғдираётгани айтилган.
Афғонистон, Конго Демократик Республикаси, Мьянма, Нигерия, Сомали ва Сурия каби яна 6 мамлакат эса “ўта юқори хавф” сифатида таснифланган.
Бошқа “қайноқ” нуқталар қаторига Буркина-Фасо, Чад, Кения ва Бангладешдаги Роҳинжа вазияти киритилган.
Кўмакка эҳтиёж кучайиб бораётганига қарамай, инсонпарварлик дастурлари учун ажратилаётган маблағ кескин камайди. Мўлжалдаги 29 миллиард доллардан октябрь ойи охирига келиб атиги 10,5 миллиард доллар тўпланган. Натижада мактаб овқатланиш дастурлари тўхтатилди, қочқинлар ва кўчирилганларга ёрдам камайди.
Шунингдек, ҒАО маблағ етишмовчилиги қишлоқ хўжалиги ташаббуслари, жумладан уруғлик таъминоти, ветеринария хизмати ва экиш мавсумидан олдинги эҳтиёт чораларини хавф остида қолдирганидан огоҳлантирмоқда.
Жаҳон озиқ-овқат дастури масъуллари очарчиликни олдиндан тахмин қилиш ва олдини олиш мумкинлигини таъкидлаб, халқаро ҳамжамиятни мазкур эҳтимолий муаммога шошилинч эътибор қаратиш, чидамлилик ва озиқ-овқат хавфсизлигига сармоя киритиш, низоли ҳудудларга гуманитар ёрдам тўсиқсиз киришини таъминлашга чақирган.
Жаҳон озиқ-овқат дастури бош директори Синди Маккейн сўзларига кўра, дунё олдини олиш мумкин бўлган фалокат ёқасида турибди, кечикиш беқарорликни кучайтиради, миграция кўламини янада кенгайтириб, янги можаролар келтириб чиқаради.
С.Раҳимов, ЎзА