Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Илмга етаклаган умр йўли

Инсон ҳаётида илм турли ўрин тутади. Айримлар учун у касб бўлса, бошқалар учун ҳаёт мазмунига айланади.

Физика-математика фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими Гулмирза Худойберганов ана шундай илмни умр йўли сифатида танлаган фидойи олимлар сирасига киради.

Олимнинг 80 йиллик ҳаёт йўли бир шахс тақдири билан чекланмай, бутун бир илмий мактаб, маънавий позиция ва интеллектуал маданият тарихи билан уйғундир. Унинг илмий фаолияти юзлаб мақолалар, монографиялар, ўқув қўлланмалар, халқаро нашрлар ҳамда ўнлаб шогирдлар тайёрлаш орқали миллий ва жаҳон математикаси тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Гулмирза Худойберганов 1946 йил 1 февралда Хоразм вилоятида туғилган. Болалик йиллариданоқ меҳнат, интизом ва масъулият муҳитида камол топган бўлажак олим Манғит шаҳридаги М.В.Ломоносов номидаги ўрта мактабда таҳсил олган. Ушбу даврда математикани тафаккурни чархловчи, фикрлаш маданиятини шакллантирувчи фан сифатида англай бошлади.

1963 йилда Тошкент давлат университети (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети)нинг Механика-математика факультетига ўқишга кириши унинг келгуси илмий тақдирини белгилаб берди. 1966–1969 йилларда М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университетида таҳсил олиши ёш тадқиқотчининг илмий салоҳиятини тўла очиб берди. Профессор Б.В.Шабат раҳбарлигида тайёрланган диплом иши кейинги тадқиқотлар учун мустаҳкам пойдевор бўлди.

1969 йилдан бошлаб Гулмирза Худойбергановнинг меҳнат фаолияти Ўзбекистон Миллий университети билан узвий боғланди. Ярим асрдан ортиқ вақт мобайнида у мазкур даргоҳда тадқиқотчи, устоз ва раҳбар сифатида самарали фаолият юритди. Стажёр-тадқиқотчидан профессор даражасигача бўлган йўл илмий ва маънавий камолот билан уйғун кечди.

Россия Фанлар академияси Сибир бўлимида номзодлик диссертациясини муддатидан олдин ҳимоя қилиши, 1992 йилда докторлик диссертациясини ёқлаши уни мустақил илмий мактаб етакчиси сифатида шакллантирди. Кафедра мудири ва факультет декани сифатида у соғлом академик муҳитни қарор топтириш, устоз–шогирд анъаналарини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратди.

Профессор Гулмирза Худойбергановнинг илмий тадқиқотлари кўп ўлчовли комплекс анализ соҳасида янги илмий йўналишларни ривожлантирди. Полиномиал қавариқлик назарияси, Рунге теоремаси аналоглари, шунингдек, матрица аргументли голоморф функциялар назариясига оид ишлари халқаро миқёсда эътироф этилди. 1984 йилда А.М.Китманов билан ҳаммуаллифликда таклиф этилган машҳур мисол кейинчалик “Худойбергановнинг соялар масаласи” номи билан илм-фанда кенг муҳокама қилинди.

2001–2005 йилларда Қарши давлат университети ректори сифатида у таълим муассасасининг илмий ва ташкилий салоҳиятини оширишга қаратилган самарали ислоҳотларни амалга оширди.

Айни пайтда ҳам профессор Гулмирза Худойберганов фаол илмий ҳаётни давом эттирмоқда. У семинарлар ва илмий муҳокамаларда иштирок этади, мақолалар устида ишлайди, ёш тадқиқотчиларга маслаҳат беради. Унинг илмий раҳбарлигида 20 га яқин шогирд фан номзоди ва фан доктори (PhD) даражаларини қўлга киритган.

Олим 1995 йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими” унвони, 2001 йилда “Ўзбекистон мустақиллигининг 10 йиллиги” кўкрак нишони, 2021 йилда эса “Соғлом авлод учун” ордени билан тақдирланган.

Профессор Гулмирза Худойбергановнинг илмга бағишланган ҳаёт йўли, бой илмий мероси ва шогирдпарварлик анъаналари бугунги ва келгуси авлодлар учун ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади.

Б. Шоимқулов,
физика-математика фанлари доктори, профессор

Д. Джумабаев,
М.В. Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг
Тошкент шаҳридаги филиали директори ўринбосари

Б. Абдуллаев,
физика-математика фанлари доктори, профессор