Насия ёки муддатли тўлов: аввал харид қил, кейин бўлиб тўла (+видео)
Айтайлик, iPhone 17 бозорда 18 миллион сўм. Насияга эса 12 ойга 2 миллион 600 минг сўмдан бўлиб тўлаш мумкин. Шунда 12 ойга жами тўлов 31 миллион сўмни ташкил этади. Яъни, 13 миллион сўм ортиқча тўлов қилинади. Хўш, фоиз қаерда унда? Бу харидорга айтилмайди. Чунки, нархнинг ичига яширилган.
Марказий банк маълумотига кўра, айрим насия савдоларда устама 45 фоизгача етади. Бу эса банк кредити билан солиштирилганда деярли 70 фоизлик ставкага тенг. 2025 йилда қарийб 5 миллиондан ортиқ аҳоли насия савдодан фойдаланган.
Насия савдонинг ҳуқуқий ва молиявий оқибатлари қандай, исломий муомалаларда қайси шартнома турига киради?
Банк-молия академиясининг катта ўқитувчиси, ислом молияси эксперти Ҳамид Раҳматов билан суҳбатда ана шу саволларга жавоб изладик.
– Насия савдо – товарни ҳозир топшириб, тўловни келишилган муддатда кейинга қолдириш асосида амалга ошириладиган савдо тури. Унинг шаръий асоси ишонч ва адолат тамойилига асосланган, – дейди Ҳамид Раҳматов. – Насия савдо, кўпинча нақд савдо билан бир хил ҳуқуқий тузилишга эга, фақат тўлов вақтини кейинга кўчириш билан фарқланади. Шу боис, насия савдо исломий молияда молиявий муносабатларнинг хавф-хатарини адолатли тақсимлаш механизмини таъминлайди ва рибо (фоиз) олишга йўл қўймайди. Натижада, муомаладаги томонлар товар ва хизматлар қиймати учун ҳақиқий тўловни амалга оширади ва иқтисодий фаолиятни қўллаб-қувватлайди. Насия савдо исломий молияда фақат фоизсиз молиявий операция эмас, балки ихчам ва адолатли савдо механизми сифатида қаралади.
– Насия савдо кредитдан нимаси билан тубдан фарқ қилади?
– Кредит асосан пул маблағи ўз вақтида қайтарилиши керак бўлган қарз сифатида берилади ва ўша пулга нисбатан фоиз талаб қилинади. Бу эса исломий қоидаларда қатъий ман қилинадиган рибо тамойилини ташкил этади. Бунда пулнинг қиймати вақт билан бирга ошириладиган табиий нарса сифатида қаралса ҳам, фоиз шаклида унинг қийматини кўпайтириш шаръан қабул қилинмайди. Насия савдо эса реал товарга асосланган савдодир ва унда тўловнинг кечиктирилиши қандай қилиб ҳисоблангани белгиланган нархда акс этади. Демак, насия савдода тўловнинг оширилиши фоиз эмас, товар нархининг келишилган муддат билан боғлиқ хусусияти сифатида тушунилади. Бу шаръий жиҳатдан мақбулдир.
Насия савдода нархнинг нақд савдодан юқори бўлиши тузилган шартномада олдиндан аниқ келишилган ва томонлар розилик билан қабул қилган бўлса, шариатга зид ҳисобланмайди. Чунки, савдо шароитларида нарх фақат товар қиймати билан чекланмай, тўлов муддати, рисклар ва бозор шароити каби омилларни ҳам инобатга олади. Бу концепция шаръан мақбул бўлиб, у реал иқтисодий муносабатларни акс эттиради, яъни вақтнинг қийматини аниқ кўрсатиб беради, аммо у фоизни ўз ичига олмайди. Шу сабабли насия савдо пул бозори эмас, балки товар бозори механизмлари асосида шаклланадиган савдо бўлгани учун шариат томонидан қабул қилинади.
– Насия савдонинг шариатга мувофиқ бўлиши учун қандай асосий шартлар талаб қилинади?
– Насия савдонинг шаръий мувофиқлиги учун бир нечта муҳим шартлар бор: аввалдан товарнинг ҳақиқий мавжудлиги ва томонлар ўртасида унинг хусусиятларининг тўлиқ аниқ бўлиши, иккинчидан нарх ва тўлов муддати олдиндан келишиб олиниши, учинчидан эса ноаниқлик ва яширин фоизнинг бўлмаслиги, бундан ташқари, томонлар тузилган шартномага келишув қоидалари асосида ихтиёрий розилик билдирган бўлиши шарт. Бу талабларнинг ижро этилиши шаръий талабларга мувофиқ келишни таъминлайди ва эҳтимолий низо ва сохта амалиётларнинг олдини олади. Натижада, насия савдо асосий савдо шартномаси тамойилида амал қилади ва унинг шаръий муносабати аниқ, очиқ бўлади.
Исломий молияда харидор тўловни кечиктирган ҳолатда, банк ёки сотувчи томонидан қўшимча фоиз талаб қилинмайди, чунки бу фоизга асосланган даромаддир ва шариатда ман этилади. Аммо мажбурий шартнома қоидалари доирасида, келишилган муддатдан кечикканлик учун интизомий чора сифатида жарима белгиланиши мумкин, лекин у жарима пулининг фойдага айлантирилиши шариатга мувофиқ эмас ва одатда хайрияга йўналтирилиши керак. Бундай ёндашув бозор иштирокчилари учун интизомни таъминлайди. Шу билан бирга, самарали риск бошқарув тизими орқали қарзларни тўлиқ кўриб чиқиш ва келишилган муддатларга риоя қилиш талаби ҳам муҳимдир.
– Насия савдода риск кимнинг зиммасида бўлади ёки рисклар қандай тартибга солинади?
– Насия савдода риск тақсимоти савдо муносабатларининг адолатлилигини таъминлайди, чунки агар товар сотувчи томонидан харидорга ҳануз топширилмаган бўлса, ундаги риск ва фойда потенциали ҳам сотувчи зиммасига боғлиқ бўлади. Аксинча, агар товар харидорга расман топширилган ва қабул қилинган бўлса, ундаги риск ҳам харидор зиммасига ўтади. Шу билан бирга, томонлар шартномада рисклар қандай бошқарилиши, шартлар қандай бажарилиши ҳақида аниқ келишиб олишлари шаръий хавф-хатарни камайтириб, муомала барқарорлигини оширади.
Инфляция шароитида иқтисодий субъектлар учун нархлар ва тўлов муддатлари орасидаги номутаносиблик муҳим рискдир, аммо насия савдо моделлари бунда ҳам ўзини оқлай олади. Шунинг учун насия савдо шартномаси тузилаётганда, ҳар икки тараф инфляция, бозор шароити ва пул оқими мавзуларини олдиндан инобатга олиб, нарх ва тўлов жадвалини аниқ белгилаб қўйиши керак. Бу ҳолатда товар нархининг муддатли белгиланиши — инфляция таъсирини юмшатади ва томонларнинг молиявий режалаштиришини осонлаштиради. Шунинг учун кўп иқтисодчи ва исломий молия экспертлари насия савдони инфляция шароитида ҳам тасдиқланган режа, шаффофлик ва адолатли тарзда ишлайдиган механизм сифатида кўради.
– Насия савдо орқали аҳолининг молиявий инклюзияси қандай таъминланади?
– Молиявий инклюзия – аҳолининг молиявий хизматларга кенг кириши демакдир ва насия савдо бу борада муҳим восита бўлиб хизмат қилади. Чунки кўп кишиларда нақд пул йўқ, лекин уларга эҳтиёждаги товарлар ва хизматларни муддатли тўлаш орқали сотиб олиш имконияти яратилади. Шунинг учун насия савдо инсонларнинг савдо ва хизматлар бозорига интеграциясини оширади, бу ўз навбатида иқтисодий фаолликни рағбатлантиради ва кичик бизнес ҳамда хусусий истеъмолчилар учун молиявий синовни юмшатади. Бу механизм жамиятдаги иқтисодий тенгсизликни камайтиришга ҳам ёрдам беради.
Замонавий исломий банклар асосан насия савдони мурабаха тизими орқали фаол қўллайди, бу ерда банк аввал товарни харид қилиб олади ва кейин уни муддатли сотади. Бу модел банкнинг ҳам, мижознинг ҳам шаръий талабларга тўлиқ мувофиқ муносабатда бўлишини таъминлайди, зеро у товар асосига қурилган молиялаштиришдир. Шу билан бирга, банклар бу механизм орқали истеъмол ҳамда кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларини молиялаштириб, бозор имкониятларини кенгайтириш имконига эга бўлади.
– Ўзбекистонда нима сабабдан насия савдода нархлар юқори?
– Ўзбекистонда насия савдода нархларнинг қимматлиги бир қанча омиллар билан боғлиқ: инфляция даражаси юқори, кредит ва маблағлаштириш харажатлари катта, шунингдек, рисклар учун премиялар қўшилади ва бозор шароитига мос келадиган институционал механизмлар тўлиқ шаклланмаган. Шунинг учун товар нархи муддатли тўловда юқори кўринишда намоён бўлади ва бу ижтимоий, ҳам иқтисодий жиҳатдан таъсир қилади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/HiZgUEC8x9Q" title="Nasiya yoki muddatli to‘lov:avval xarid qil, keyin bo‘lib to‘la" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Шаҳноза Маматуропова, ЎзА