Эроннинг беқарорлашуви минтақа тинчлиги учун таҳдид солади(ми)?
“The Wall Street Journal” нашри Эроннинг ички муаммолари ва ҳозирги вазиятнинг қўшни давлатларга таъсири ҳақида мақола чоп этди. Хусусан, нашр мамлакат кўп миллатли бўлиб қолиши ва чегаралари тарихан этник ва ижтимоий-иқтисодий хилма-хилликни акс эттиришига урғу берган.
Мақолада ички можародан тортиб ташқи аралашувгача бўлган кескин сценарийлар қўшнилар ҳамда Россия ва Туркия каби йирик кучларда хавотир уйғотаётганидан огоҳлантирилган. Зеро, айни жараёнда минтақавий барқарорлик долзарб бўлиб қолмоқда.
Шунингдек, Эрон минтақалари ўртасидаги тафовут асосан ижтимоий-иқтисодий хусусиятга эгалиги, ташқи ҳудудий даъволар билан боғлиқ эмаслиги таъкидланган.
– Эрондаги кейинги воқеалар бутун Яқин Шарқ, Жанубий Кавказ ва Марказий Осиё учун муайян оқибатларга олиб келади, – дея хулоса қилган муаллифлар.
Яқинда “Hudson Institute” таҳлилчилари ҳам Эронга қўшни мамлакатлар, хусусан Озарбайжон, Арманистон ва Грузия норозилик намойишининг эҳтимолий таъсиридан хавотирда эканини ёзган эди.
Мазкур давлатлар учун ҳозирги беқарорлик натижасида юзага келадиган иқтисодий йўқотиш асосий хавф сифатида тилга олинган. Зеро, ҳар уч давлат Ислом Республикаси билан турли даражада савдо алоқасини сақлаб келмоқда. Масалан, Озарбайжон Россия ва Эрон ўртасида муҳим транзит маскани вазифасини ўтайди. Арманистон Туркия ва Озарбайжон билан нисбатан ёпиқ чегаралар шароитида Эронни муҳим иқтисодий йўл, деб билади. Грузиянинг Эрон билан савдоси сўнгги йилларда барқарор ривожланмоқда.
Фақат АҚШнинг Ислом Республикаси билан иқтисодий ҳамкорликни давом эттираётган мамлакатларга 25 фоиз тариф жорий этиш таҳдиди қўшимча ноаниқлик омили бўлиб қолмоқда. Жанубий Кавказ иқтисодиётига бевосита таъсири чекланган эса-да, айни чора умумий беқарорлик асносида минтақага босимни кучайтириши мумкин.
Хавотирли яна бир сабаб – гуманитар инқироз чуқурлашуви эҳтимоли мавжудлиги. Агар Эрондаги вазият кескин ёмонлашса, Жанубий Кавказ мамлакатлари қочқинлар оқимига дуч келиши мумкин. Бу мавжуд иқтисодий-ижтимоий тизимга қўшимча юк бўлади. Қолаверса, Эрон билан қуруқлик чегарасига эга Арманистон ва Озарбайжон учун этник озчиликнинг аҳволи алоҳида ташвиш туғдиради. Аниқроғи, Ереван қўшни юртдаги арман жамоаси учун хавф борлигидан хавотирда, Боку эса мамлакат шимолидаги этник озарбайжонлар зич жойлашган ҳудудлардаги вазиятни диққат билан кузатмоқда.
Шу нуқтаи назардан эксперт Эрондаги беқарорлик Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги тинчлик жараёнига ҳам билвосита салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидлайди.
Умуман, Жанубий Кавказ мамлакатлари Ислом Республикасида барқарорлик сақланишидан манфаатдор. Бинобарин, ҳозирча воқеалар ривожини олдиндан айтиб бўлмаяпти.
Хуллас, 2026 йил бошидан ушбу минтақада геосиёсий кескинлик ва шу билан бирга Эрон атрофидаги вазият минтақавий хавфсизликнинг асосий омилига айланиши мумкинлиги эҳтимоли кучайди.
С.Раҳимов, ЎзА