ОКМКда янги мажмуа қурилиши бошланди: мис ишлаб чиқариш ҳажми ва экспорт салоҳияти ортади
2026 йил бошига келиб мис жаҳон бозорида нафақат саноат метали, балки давлатларнинг иқтисодий қудратини белгиловчи стратегик ресурс мақомини тўлақонли эгаллади. Жорий йил январь ойи ҳолатига кўра, Лондон металл биржасида (LME) мис нархи бир тонна учун 12 500 – 13 000 доллар атрофида қайд этилмоқда, бу эса ўтган даврларга нисбатан 40 фоизлик ўсишни англатади. Дунё бозорида кутилаётган 150 минг тоннадан 330 минг тоннагача бўлган тозаланган мис танқислиги шароитида мамлакатимизда тоғ-кон саноатини ривожлантириш ва ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш масалаларига устувор аҳамият қаратилмоқда.
Шу мақсадда “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖда ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга қаратилган навбатдаги йирик инвестиция лойиҳасига старт берилди. Хусусан, комбинатнинг 2-Мис бойитиш фабрикасида маъданларни қайта ишлаш қувватини йиллик 5 миллион тоннага ошириш мақсадида янги бойитиш мажмуаси барпо этилмоқда. Умумий майдони 3,1 гектарни ташкил этувчи ушбу объект қурилиши “Олмалиқметаллургқурилиш” трести томонидан жадал суръатларда олиб борилмоқда. Лойиҳа доирасида Марказий таъмирлаш механика заводида тайёрланган замонавий технологик ускуналар ўрнатилиб, майдалаш, янчиш, флотация ва қуюлтириш каби мураккаб технологик жараёнлар тўлиқ маҳаллийлаштириш асосида йўлга қўйилмоқда.
“Ёшлик-I” кони маъданини қайта ишлашга ихтисослашган мазкур мажмуа фаолияти натижасида йилига қўшимча 74,2 минг тонна концентрат олинишига эришилади. Бу эса ўз навбатида мис катоди билан бир қаторда олтин ва кумуш каби қимматбаҳо металлар ишлаб чиқариш ҳажмининг сезиларли даражада ошишини таъминлайди. Лойиҳанинг тўлиқ қувват билан ишга туширилиши 600 та янги иш ўрни яратиш, бюджетга тўловлар миқдорини кўпайтириш ва 2-Мис бойитиш фабрикасининг умумий ишлаб чиқариш қувватини 10 миллион тоннага етказиш имконини беради.
Бир сўз билан айтганда, жаҳон бозоридаги қулай конъюнктура ва янги қувватларнинг уйғунлашуви мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини юксалтириш ва иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
ОКМК Ахборот хизмати