Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш – мамлакат тараққиёти учун муҳим қадам
Навоий шаҳридаги Ёшлар марказида вилоят Статистика бошқармаси томонидан жорий йилнинг 15 январидан бошланадиган аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш жараёнига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда охирги умуммиллий аҳолини рўйхатга олиш жараёни 1989 йилда ўтказилган бўлиб, ўтган 35 йилдан ортиқ вақт ичида демографик ва ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичларда сезиларли ўзгаришлар юз берди. Бу ўзгаришлар замонавий талаблар ва халқаро стандартларга мувофиқ аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишнинг янги босқичини ташкил этиш заруриятини келтириб чиқарди.
Ушбу мақсадда Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди, унда аҳолини камида ҳар 10 йилда, қишлоқ хўжалигини эса ҳар 5 йилда рўйхатга олиш белгиланди. 2021 йилда аҳоли ва 2022 йилда қишлоқ хўжалиги синов тариқасида рўйхатга олинди. Тўлиқ рўйхатга олишни амалга ошириш учун зарур техник тайёргарлик, ҳуқуқий асослар ва бошқа омилларга тайёргарлик ишлаб чиқилганидан сўнг, ушбу тадбир 2026 йилга кўчирилди.
– Аҳолини рўйхатга олиш жараёнининг қишлоқ хўжалиги билан уйғун ҳолда амалга оширилиши муҳим стратегик аҳамиятга эга бўлиб, рўйхатга олиш харажатларини сезиларли даражада қисқартириш, вақтни тежаш ва сўровларни мақбуллаштириш имконини беради, – дейди бошқарма бош юрист консульти Акмал Муродов. – Бу ёндашув мамлакатнинг молиявий ва ташкилий ресурсларини самарали бошқаришга хизмат қилади, шу билан бирга маълумотларнинг тўлиқлиги ва сифатини оширади. 2026 йил 15 январдан 28 февралгача бўлиб ўтадиган жараён 3 та босқичда ташкил этилади. Дастлабки 17 кун давомида аҳолига интернет орқали маълумотларни киритиш имконияти яратилади. Бунда фуқаролар census.stat.uz портали орқали OneID тизими ёрдамида рўйхатдан ўтади. Аҳоли ўзи ва оила аъзолари тўғрисидаги саволномани мустақил тўлдириши мумкин бўлади. Кейинги бир ой мобайнида эса “маҳалла еттилиги” аъзолари иштирокида уйма-уй юрилиб, маълумотлар йиғилади. Жараённи муваффақиятли амалга ошириш учун “маҳалла еттилиги” аъзолари махсус дастурлар асосида тайёрланди ва уларнинг фаолияти рағбатлантирилиб борилади. Уларнинг аҳоли билан доимий мулоқотда бўлиши ва маҳаллий аҳоли эҳтиёжи ҳамда шароитларини яхши билиши рўйхатга олиш маълумотларининг сифатини, ҳаққонийлиги ва аниқлигини кафолатлайди. Бу ёндашув нафақат иқтисодий тежамкорликни таъминлайди, балки давлат ва жамият ўртасидаги ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлайди.
[gallery-27132]
Рўйхатга олиш жараёнлари якунлангандан сўнг маълумотларни қайта ишлаш ва таҳлил қилиш босқичи бошланади. Натижалар Европа статистиклар конференциясининг 2020 йилги тавсияларига мувофиқ умумлаштирилади. Натижада мамлакатимиз аҳолисининг демографик таркиби, миграция жараёнлари, оилавий ҳолати, фаолият турлари ва даромад манбалари тўғрисида ягона маълумотлар базаси шаклланади. Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш, чорвачилик ва паррандачилик соҳасига оид кўрсаткичлар аниқланади.
Йиғилган маълумотлар республика ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли саломатлигини яхшилаш ва оилаларга ёрдам кўрсатиш бўйича дастурларни манзилли ишлаб чиқишда муҳим ахборот базаси бўлиб хизмат қилади.
– Сўровномадаги 71 та саволнинг 54 таси аҳолига, 17 таси қишлоқ хўжалигига оид, – дейди бошқарма масъул ходими Зафар Бозоров. – Жумладан, саволномадан асосий демографик кўрсаткичлар, аҳолининг даромад манбаи, бандлиги ва таълим даражаси, турар жой хусусиятлари, айрим тоифалар, чет эл фуқаролари ҳамда қишлоқ хўжалиги бўйича саволлар ўрин олган. Ушбу тадбир халқаро ташкилотлар томонидан ҳам юқори баҳоланмоқда. БМТ Аҳолишунослик жамғармаси ва БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти экспертлари Ўзбекистоннинг аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш бўйича тайёргарлик ишлари ва ушбу жараённинг биргаликда ташкил этилишига ижобий хулосалар билдирган. Халқаро ташкилотларнинг қўллаб-қувватлови эса Ўзбекистондаги рўйхатга олиш жараёнининг глобал стандартларга мувофиқлигини ва унинг натижалари халқаро миқёсда эътироф этилишини кўрсатади.
Матбуот анжуманида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари