“Telsartan H 80 mg / 12,5 mg” препаратини истеъмол қилманг – Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази “Dr. Reddy’s Laboratories Ltd” компаниясининг Ўзбекистон Республикасидаги ваколатхонасидан келиб тушган расмий маълумотга асосан қуйидагиларни маълум қилади.
Ишлаб чиқарувчи томонидан ўтказилган сифат назорати ва барқарорлик синовлари натижаларига кўра, “Telsartan H 80 mg/12,5 mg” дори воситасининг C2501976 сериясида фаол модда — гидрохлоротиазид миқдорининг белгиланган меъёрлардан четга чиққанлиги аниқланган. Мазкур ҳолат дори воситасининг сифат кўрсаткичларига оид номувофиқлик сифатида баҳоланган.
Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муомалага киритилган C2501977 серияси бўйича фаол модда миқдорига оид бундай номувофиқлик қайд этилмаган.
Бироқ ушбу серия, номувофиқлик аниқланган серия билан бир хил ишлаб чиқариш лотига мансуб бўлган фаол моддадан ишлаб чиқарилгани сабабли, дори воситалари муомаласи хавфсизлигини таъминлаш ҳамда эҳтимолий хавфларнинг олдини олиш мақсадида, профилактик чоралар доирасида бозордан қайтариб олинмоқда.
Шу муносабат билан, юқорида кўрсатилган сериядаги “Telsartan H 80 mg / 12,5 mg” препаратини сотиб олган фуқаролардан ушбу дори воситасини истеъмол қилмасликлари, агар у аввалдан мавжуд бўлса, ундан фойдаланмасликлари, шунингдек, зарурат туғилганда даволовчи шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда муқобил дори воситасини танлашлари сўралади.
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази аҳолини дори воситаларидан фойдаланишда доимо эҳтиёткорликка риоя этишга, дори воситаларини шифокор тавсиясисиз ўзбошимчалик билан қабул қилмасликка ҳамда улар билан боғлиқ ҳар қандай ахборотни фақат расмий ва ишончли манбалар орқали текшириб олишга чақиради.
Шунингдек, дори воситалари муомаласига оид маълумотлар юзасидан асоссиз хулосалар чиқармаслик, турли норасмий манбаларда тарқатилаётган тасдиқланмаган хабарларга ишонмаслик тавсия этилади.
Маълумотларга кўра, “Telsartan H” қон босимини пасайтириш учун қўлланиладиган комбинацияланган дори воситаси бўлиб, фақат шифокор тавсияси билан қабул қилиниши керак.
Моҳигул Қосимова тайёрлади, ЎзА