Жорий йил футболчиларимиз учун масъулиятли йил бўлади
Сўнгги йилларда мамлакатимизда футболга қаратилаётган эътибор ва олиб борилаётган тизимли ишлар самарасини чарм тўп усталаримиз қўлга киритаётган улкан натижаларда кўрмоқдамиз.
Хусусан, ўтган 2025 йил Ўзбекистон футболи учун тарихий ва унутилмас мавсум сифатида ёдда қолди.
Миллий терма жамоалар, ёшлар ва ўсмирлар жамоалари, шунингдек, клубларимиз халқаро ва минтақавий майдонларда юқори натижалар қайд этиб, мамлакат футболининг изчил ривожланиш йўлида эканини амалда намоён қилди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги ФИФА Жаҳон чемпионатига илк бор йўл олгани энг қувонарли воқелик бўлди. Мазкур натижа нафақат мамлакатимизда, балки халқаро футбол жамоатчилиги томонидан ҳам катта эътироф этилди
Шунингдек, термамиз Марказий Осиё футбол ассоциацияси ташаббуси билан ўтказилган CAFA Миллатлар кубоги ва Бирлашган Араб Амирликларида футбол бўйича “Ал-Айн халқаро кубоги” финалларида азалий рақибимиз Эронга қарши майдонга тушиб, икки бор зафар қучган ҳолда бош совринни қўлга киритди.

Ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари ҳам йил давомида юқори натижалар қайд этди. Хусусан, 17 ёшгача бўлган футболчиларимиз Осиё чемпионатида зафар қучиб, Қатарда ўтган жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритди. Ислом Исмоилов бошчилигидаги Ўзбекистон U17 терма жамоаси Доҳадаги мундиалда муносиб иштирок этгани мамлакатимиз футбол захиралари қанчалик салоҳиятли эканини амалда намоён этди.
Терма жамоалар ўйини яхшиланишида миллий чемпионатларимизнинг ҳам ўрни беқиёс. 2025 йил ички чемпионат ва кубок баҳслари юқори савияда ташкил этилди. Суперлига ва Ўзбекистон кубогидаги натижалар клубларимиз футболида ҳам тизимли ислоҳотлар ва профессионал ёндашув самара бераётганини кўрсатди.

Хусусан, орадан 24 йил ўтиб “Нефтчи” клуби мамлакат чемпионига айланган бўлса, “Бухоро” клуби ўз тарихида илк маротаба кубокда вице-чемпион, дея эътироф этилди.
Шунингдек, “AFC Special Elite Youth Football Awards – 2025” тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси томонидан ташкил этиб келинаётган U19 чемпионати Осиёда тенгсиз деб топилди ва Йилнинг энг яхши ёшлар лигаси деб эътироф этилди.
Дарвоқе, Абдуқодир Ҳусанов, Элдор Шомуродов, Аббосбек Файзуллаев, Жалолиддин Машарипов, Рустам Ашурматов, Отабек Шукуров каби бир қатор футболчиларимиз хорижда ўзларининг ёрқин ўйинларини намойиш этаётгани қувонарли.
Умуман олганда, 2025 йил Ўзбекистон футболи янги босқичга кўтарилган давр сифатида тарихга кирди.

Жорий йил ҳам футболчиларимизни турли даражадаги мусобақалар кутмоқда. Хўш, 2026 йил миллий терма жамоа ва клубларимиз қандай мусобақаларда қатнашади?
Дастлаб, 6-24 январь кунлари Саудия Арабистонида бўлиб ўтадиган U23 ёш тоифасидаги Осиё кубогида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ўйинларига гувоҳ бўламиз.
Шу кунлар оралиғида, аниқроғи, 15 январь куни ОФК Аёллар чемпионлар лигасининг чорак финалига қуръа ташланади. Ушбу мусобақанинг гуруҳ баҳсларидан муносиб ўтган Қаршининг "Севинч" жамоаси рақиби аниқланади ва 1/4 финал учрашуви 22-23 март кунлари бўлиб ўтади.
27 январь куни Индонезияда футзал бўйича Осиё чемпионати бошланиб, 7 февралгача давом этади. Турнирда Ўзбекистон футзал миллий терма жамоаси "C" гуруҳида 28 январь куни Тожикистон, 30 январь санасида Австралия ва 1 февралда Япония терма жамоалари билан куч синашади.

Шунингдек, 7-24 май кунлари Саудия Арабистонида ўтказиладиган 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё кубогига 12 февраль куни қуръа ташланади ва Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси иштирок этадиган гуруҳ ва рақиблар номи аниқ бўлади.
Футбол бўйича Аёллар Осиё чемпионати 1-21 март кунлари Австралияда ташкил этилади. Унда Ўзбекистон аёллар терма жамоаси қуйидаги рақиблар билан куч синашади:
3 март. КХДР - Ўзбекистон
6 март. Ўзбекистон - Хитой
9 март. Бангладеш - Ўзбекистон
Ўзбекистон U20 терма жамоаси эса 1-18 апрель кунлари Таиландда ўтказиладиган Осиё кубогида қатнашади.

Жорий йилги мавсумнинг энг муҳим мусобақаларидан бири - футбол бўйича Жаҳон чемпионати АҚШ, Канада ва Мексика давлатларида 11 июнь куни старт олади ва 19 июлга қадар давом этади.
Биз учун аҳамиятли бўлган ушбу Жаҳон чемпионатида Фабио Каннаваро бошчилигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси “K” гуруҳидан жой олган.
Дунё биринчилигида Ўзбекистон терма жамоасининг гуруҳдаги илк ўйини 18 июнь соат 07:00 да Колумбия термасига қарши ўтса, 23 июнь соат 22:00да Португалия ва 28 июнь санасида соат 04:30 саралаш ғолибининг бири билан рақобатлашади.
Умид қиламизки, футболчиларимиз мундиалда барчамиз кутган тарихий ғалабаларга эга чиқади.

Мундиалдан сўнг Суперлига ғолиби “Нефтчи” Элит Осиё чемпионлар лигасида, Ўзбекистон кубоги ғолиби “Пахтакор” эса ОЧЛ-2 турнирида қатнашади. Ушбу мусобақалар сентябрь ойининг иккинчи ярмида бошланади. Шунингдек, миллий чемпионатимиз ва кубок мусобақаларига ҳам гувоҳ бўламиз.
Ҳа, 2026 йилги футбол мавсуми жуда масъулиятли ва бу қизғин ўтадиган мусобақаларда терма жамоа ва клубларимизга омад тилаб қоламиз.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА