Бугун, 26 декабрь куни пойтахтимиздаги Республика гимнастика марказида ташкил этилган байрам тадбирида бир қатор номинациялар бўйича совриндорлар номи эълон қилинди.
Нафис спорт тури бўйича халқаро майдонда мамлакатимиз шарафини улуғлашга ҳисса қўшиб келаётган спортчилар, мураббийлар ва мутахассислар орасидан 2025 йилги лауреатларни тақдирлаш маросими ёш спортчилар томонидан тайёрланган ажойиб кўргазмали чиқиш ҳамда миллий гимнастика мактабига мустаҳкам пойдевор қўйган спорт фахрийларини табриклаш билан бошланди.

Сўнгра байрамона руҳда қитъа ва жаҳон чемпионатларида йил давомидаги нуфузли мусобақаларда муваффақиятга эришганларнинг номи маълум қилинди.
Ёш гимнастикачиларнинг истеъдод ва салоҳиятини юзага чиқаришда фидойилик кўрсатиб келаётган мутахассислар, тиббиёт ходимлари, психологлар ва мутахассислар, ҳамкор ташкилотларга эҳтиром кўрсатилди.

Тадбир давомида Тахмина Икромова “Йилнинг энг яхши спортчиси”, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Лилия Власова “Энг яхши мураббий”, Равшан Мирзаев “Йилнинг энг яхши ҳаками” деб топилди.
Т.Рўзиев, ЎзА