Ливия ҳарбий генерали Туркияда ҳалокатга учради
Ливия Қуролли кучлари бош штаби раҳбари, генерал Муҳаммад Али Аҳмад ал-Ҳаддад Анқара яқинида юз берган самолёт ҳалокатида вафот этди, деб хабар бермоқда “Euronews” нашри.
Таъкидланишича, генерал Туркия пойтахтида икки давлат ўртасида ҳарбий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган музокаралардан сўнг Триполига қайтaётган бўлган.
Расмийларга кўра, “Falcon 50” туридаги учоқ парвоздан кўп ўтмай техник носозликка учраган. Учувчилар самолёт Эсенбўға аэропортидан учиб чиққанидан кейин электр тизимида муаммо борлигини пайқаб қолиб, фавқулодда қўниш сўраган. Бироқ Ҳаймана ҳудуди яқинида қўнишга ҳаракат чоғида аэропорт назоратчиси билан алоқа узилган.
Ҳодиса оқибатида генерал ал-Ҳаддад билан бирга яна тўрт нафар юқори лавозимли ҳарбий амалдор ва уч нафар экипаж аъзоси ҳалок бўлган.
Самолёт қолдиқлари Анқарадан тахминан 70 километр жанубда жойлашган Ҳаймана туманидаги Қесикқавоқ қишлоғи яқинидан топилди. Туркия Адлия вазирлиги воқеа юзасидан тўрт нафар прокурор тергов олиб бораётганини маълум қилди. Ливия томони ҳам ўз мутахассисларидан иборат гуруҳни Туркияга юбориб, қўшма терговда иштирок этишини билдирган.
Ҳалокатдан сўнг Анқара аэропорти вақтинча ёпилиб, айрим рейслар бошқа шаҳарларга йўналтирилди.
Мусулмон Зиё, ЎзА