Футбол: “Андижон” учун бугун муҳим ўйин бор
Футбол бўйича Осиё чемпионлар лигаси-2 мусобақасининг ғарбий минтақаси “B” гуруҳида 6-тур учрашувлари бугун, 24 декабрь куни старт олади. Ушбу тур доирасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган “Андижон” жамоаси Қатарда маҳаллий “Ал-Аҳли” клубига қарши майдонга тушади. Гуруҳдаги яна бир беллашувда эса “Арқадағ” ўз уйида “Ал-Холдия” жамоасини қабул қилади.
Биз учун аҳамиятли бўлган “Ал-Аҳли” — “Андижон” ўртасидаги учрашув Тошкент вақти билан соат 21:00 да старт олади. Баҳсда мезбонлар яшил, жамоамиз эса анъанавий қизил либосда майдонга тушади.

Учрашув Доҳа шаҳридаги “Ал-Тумама” стадионида бўлиб ўтади. Маълумот ўрнида, ушбу замонавий спорт иншооти 2022 йил Қатарда ўтказилган футбол бўйича жаҳон чемпионати ўйинларига мезбонлик қилган. Стадион 2021 йил 21 октябрда фойдаланишга топширилган бўлиб, 44 400 нафар мухлисни сиғдира олади.

Мазкур тўқнашувни ироқлик ҳакамлар бригадаси бошқаради. Хусусан, бош ҳакам вазифасини Зайд Тамер Муҳаммад бажаради. Унга қанот ҳакамлари сифатида Хайдар Абдулхассан Али Улбайди ҳамда Амир Довуд Хуссейн Алвиндави ёрдам беради. Захира ҳаками этиб эса Ахмед Кадим Гатеа Ристам тайинланган.

Маълумот ўрнида: “B” гуруҳида “Ал-Аҳли” 7 очко билан пешқадамлик қилмоқда. “Ал-Холдия” 6 очко билан иккинчи, “Андижон” 5 очко билан учинчи, “Арқадағ” эса 4 очко билан тўртинчи ўринни эгаллаб турибди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА