Ургутда қишга қандай тайёргарлик кўрилди?
Президент ташрифидан сўнг
Давлатимиз раҳбари яқинда Ургутга ташрифи давомида масъулларга туман аҳолисининг турмуш даражасини яхшилаш, инфратузилма билан боғлиқ муаммоларни қисқа фурсатларда бартараф этиш юзасидан топшириқлар берган эди. Ушбу вазифалар ижроси таъминланяптими? Ҳудудларни совуқ кунларга тайёрлаш борасидаги амалий ишлардан аҳоли розими? Раҳбарлар мавсумни беталафот ўтказиш масъулиятини ҳис қиляптими?

Туман ҳокимлигида ўтказилган муҳокамада масъуллардан ана шу саволларга жавоб сўралди.
Вазирлар Маҳкамаси ва вилоят ҳокимининг тегишли қарорлари асосида туманда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ва уни беталофат ўтказиш бўйича комплекс чора-тадбирлар белгиланиб, ижтимоий соҳа объектларининг узлуксиз фаолиятини таъминлаш, аҳолига кўрсатиладиган коммунал хизматлар сифатини ошириш ҳамда турли нохуш ҳолатларнинг олдини олиш учун зарур юмушлар бажарилгани қайд этилди.

Жумладан, мавсум учун аҳолига 62 минг 907 тонна кўмир тарқатиш режалаштирилиб, фуқароларнинг буюртмалари “my.coal” платформаси орқали қабул қилинмоқда. Жараён маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан мувофиқлаштириб борилмоқда. Шу пайтгача аҳолига тумандаги Жарқишлоқ ва Бунёдкор маҳаллаларида ташкил этилган кўмир омборхоналари ҳамда Самарқанд шаҳридаги “Зарафшон” станцияси орқали 51 минг 255 тонна кўмир имтиёзли нархларда етказиб берилган.
Ижтимоий соҳа объектларига эса 11763 тонна кўмир ажратилиши белгиланиб, ёз ойларидаёқ мактабгача ва мактаб таълими муассасаларига 9041 тонна, соғлиқни сақлаш объектларига 2186 тонна, маданият бўлимига 50 тонна, спорт бўлимига 25 тонна, техникум ва олий таълим ташкилотларига 461 тонна кўмир тарқатилган.
Бундан ташқари, умумтаълим мактаблари ва боғчаларни мавсумга тайёрлаш мақсадида 1,6 миллиард сўмлик таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Жумладан, 10 та мактабнинг иситиш тизими бутунлай янгидан таъмирланди. Бундан ташқари, 90 та мактабга иситиш қозонлари ўрнатилди.
Тумандаги тиббиёт муассасаларида ҳам мавсум олдидан 642 миллион сўмлик таъмирлаш ишлари бажарилиб, 20 та муассасанинг том қисми таъмирланади, 1 та қозонхона янгиланади, 13 та муассасанинг иссиқлик тизими реконструкция қилинган.
Бугунги кунда туман аҳолиси “Ургут” ва “Деҳқонобод” электр тармоқлари корхонаси томонидан электр энергияси билан таъминланмоқда. Йил давомида жойларда 65 та янги трансформатор, 1429 та темир-бетон устун ўрнатилди, 97,6 километр янги ҳаво тармоғи тортилди. 124 та трансформатор ва 258 километр тармоқ таъмирланди. Шу билан бирга йил бошидан буён 268 та объектда 7326,3 кВт қуёш панеллари ўрнатилди. Аммо айни пайтда маҳаллаларда электр таъминотида узилиш, трансформаторларнинг ортиқ юклама билан ишлаши ва бунинг оқибатида авариялар кузатилмоқда. Муҳокама давомида мазкур ҳолатлар юзасидан масъуллардан изоҳ сўралди. Юзага келаётган авария ҳолатларини тезкор бартараф этиш бўйича туман штаби ва ишчи гуруҳ масъулиятини ошириш, аҳолини табиий газ ва суюлтирилган газ билан таъминлаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда тумандаги 6031 хонадон ва 157 та улгуржи истеъмолчи табиий газ билан таъминланган (7,3 фоиз). Қолган аҳоли (92,7 фоиз) маиший газ баллонларидан фойдаланади. Аҳолига 45 кунлик муддатда газ баллонлари етказиб берилмоқда.
Муҳокамада, шунингдек, тумандаги 90 та кўп қаватли уйда электр, газ ва сув таъминоти узлуксизлигини таъминлаш, кўрсатилаётган коммунал хизматлар сифатини ошириш энг муҳим вазифалардан бири экани қайд этилиб, бу борада мутасаддилар ва бошқарув сервис компаниялари раҳбарларининг вазифалари белгилаб берилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири