Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида бокс бўйича катталар ўртасидаги IBA жаҳон чемпионати куни кеча ўз якунига етди. Унда дунёнинг 108 та давлатдан 428 нафар боксчи иштирок этди.
Қувонарлиси, мазкур мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси таркибида Ҳасанбой Дўсматов ва Асадхўжа Мўйдинхўжаев олтин, Абдумалик Халоқов, Жавоҳир Умматалиев, Тўрабек Хабибуллаев ва Арман Маханов кумуш медалига сазовор бўлган бўлса, Асилбек Жалилов, Хўжаназар Нортожиев, Фазлиддин Эркинбоев каби чарм қўлқоп усталаримиз бронза медали билан тақдирланди.

Дарвоқе, вазни 51 килограммгача бўлган боксчимиз Ҳасанбой Дўсматов жаҳон чемпионатининг “Энг яхши боксчи” дея эътироф этилди.
Чемпионат якунларига кўра, медаль жамғаришда умумжамоа ҳисобида Россия терма жамоаси 7 та олтин, 5 та кумуш ва 1 та бронза медаль билан1-ўринни банд этди. Иккинчи ўринни 3 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медаль тўплаган Қозоғистон термасига насиб этди. Боксчиларимиз эса 2 та олтин, 4 та кумуш ва 3 та бронза медалга эга чиқиб кучли учликдан ўрин олди.

Шуни таъкидлаб ўтишимиз лозимки, жаҳон чемпионатида ғолиб бўлган боксчилари 300 минг АҚШ доллари пул мукофоти билан тақдирланди. Кумуш медаль соҳиблари 150 минг, бронза медаль эгалари 75 минг, чорак финал иштирокчилари эса 10 минг АҚШ доллари пул мукофотига сазовор бўлди..

Белгиланган ушбу мукофот пуллари қуйидагича тақсимланади: 50 % — боксчига, 25 % — мураббий ва қолган яна 25 % — миллий федерацияга.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА