“Euronews”: Ўзбекистон 9,46 миллиард евролик йирик яшил энергия лойиҳасини ишга туширмоқда
Ўзбекистон ўзининг энг йирик қайта тикланадиган энергия лойиҳасини ишга туширмоқда, бу мамлакат энергетика манзарасини тубдан ўзгартиради, деб ёзди “Euronews” нашри.
Хабарда таъкидланишича, 9,46 миллиард евролик инвестиция билан мамлакат 2026 йилга келиб ҳар бир хонадонни тоза электр энергияси билан таъминлайдиган 42 та объект қуришни режалаштирмоқда. Бу бугунги кунгача энг йирик ташаббус бўлиб, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда энергетика ва барқарорликка ёндашувини сезиларли даражада ўзгартиради.
– Лойиҳани Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентда бўлиб ўтган “Барқарор энергетика – Янги Ўзбекистоннинг келажак сари ишончли қадами” форумида эълон қилди. Келгуси йили Ўзбекистон ўзининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини фақат яшил манбалардан тўлиқ қоплашга ваъда бермоқда. Умумий энергия ишлаб чиқариш 23 миллиард киловатт-соатга етади ва бутун мамлакат эҳтиёжларини қоплайди, -дейилади мақолада.
Муаллифнинг қайд этишича, лойиҳа 16 та янги электр станцияси, энергия сақлаш тизимлари, подстанциялар ва 420 км узунликдаги юқори кучланишли электр узатиш линияларини қуришни ўз ичига олади.
С.Раҳимов, ЎзА