Бюджет лойиҳаси муҳокамаларида депутатлар бир қатор саволларни ўртага ташлади.
Сайдулла Неъматов, депутат:
— Ўзбекистон иқтисодиёти ўсиш баробарида бюджет дефицити ҳам ошиб бориши кузатилмоқда. Хусусан, бу йил 51 миллиард, кейинги йил 59 миллиард, ундан кейинги йил 70 миллиарддан кўпроқ дефицит прогноз қилинмоқда. Бюджет тақчиллиги ошаётган бир пайтда айрим қўшимча харажатлар кўпайиб бораётгани одамни ўйлантиради. Харажатларни оптималлаштириш, камайтириш бўйича қандай чоралар кўрилмоқда?
Жамшид Қўчқоров, иқтисодиёт ва молия вазири:
— Бюджет тақчиллиги ҳақиқатан ошиб келяпти. Бюджет тақчиллиги ЯИМга нисбатан олиниши реал ҳисобда кўрсатади. Даромад билан харажат ўртасидаги фарқ тақчиллик деб олинадиган бўлса, 59 миллиард сўм ҳеч нимани билдирмайди. ЯИМ давлатнинг ўзи ярата оладиган даромад бўладиган бўлса, шу даромадга нисбатан тақчиллик қарздорликка бориб тақалади.
Кўп йиллар давомида профицит билан келганмиз. Бу яхши ҳолат эмас. Бунинг сабаби бюджет тақчиллигини молиялаштиришда ҳеч ким бизга кредит бермас эди. Чунки солиқ сиёсатида, валюта конвертациясида муаммолар бор эди. Умуман, сўнгги 8 йилдаги ислоҳотлар йўқ эди.
Тақчилликнинг катталиги ҳам яхши эмас. Ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан 3 фоиз тақчиллик нормал. Иқтисодий ўсиш бор бўлган давлатда олинаётган қарз, тақчиллик ўзини оқлаган бўлади. Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида ҳар йили юқори ўсиш суръатларига эришяпмиз.
Халқаро молия ташкилотларининг баҳоларига эътибор қаратсак, Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш 7,3 фоиз бўлишини айтяпти, — деди Жамшид Қўчқоров.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА