Ядро қуроли тинчлик кафолатими ёки янги хавф манбаи?
Замонавий геосиёсий жараён шиддат билан ўзгараётган бир пайт, ядро қуролига эга давлатлар ўртасидаги стратегик мувозанат масаласи яна кун тартибининг долзарб мавзусига айланмоқда. Қудратли давлатлар қуролланиш пойгасини тўхтатмаган ҳолатда, глобал рақобатнинг янги даври нафақат дунё хавфсизлиги, балки кичик ва ривожланаётган мамлакатлар тақдирига ҳам жиддий таъсир кўрсатмоқда.
Бундай шароитда ядровий тизимнинг ҳақиқий вазифаси нималардан иборат: урушларнинг олдини олишми ёки янги қарама-қаршиликларга замин яратиш? Қолаверса, юқори технологиялар, кибер хавфсизлик ва сунъий интеллект билан уйғунлашган ядровий салоҳият инсоният олдида қандай истиқболлар очмоқда? Мазкур саволларга Ўзбекистон халқаро ислом академияси доценти, сиёсий фанлар доктори Бектош Бердиев ЎзА орқали жавоб беради.
– Бугунги кунда ядро қуролига эга давлатлар ўртасидаги сиёсий мувозанат ҳақиқатан урушларнинг олдини оляптими ёки аксинча, локал тўқнашувлар хавфини оширяптими?
– Бугунги кунда ядро қуролига эга давлатлар ўртасидаги рақобат муҳити бир вақтнинг ўзида урушларнинг олдини оляпти, дейишимиз ҳам мумкин. Яъни, ядро қуроли бир томондан тийиб туриш воситаси вазифасини бажаряпти, иккинчи томондан бошқа давлатлар ҳужум қилиши эҳтимолини камайтиряпти. Менимча, локал тўқнашувлар ядро қуролига боғлиқ эмас, чунки бундай тўқнашувларда кўпроқ миллатлараро низо, динлараро зиддият устуворлик қилади. Демак, ҳозирги урушларни ядровий муносабат билан тўғридан-тўғри боғлаш ўринли эмас. Ваҳоланки, айни ҳолат сиёсий мувозанатга жиддий таъсир кўрсатмайди.
Масалан, бугун Америка Қўшма Штатлари бошчилигидаги аксар Ғарб давлатлари Хитойга нисбатан у ёки бу даражада рақобатчи сиёсатини олиб бориши мумкин, лекин ХХРга қарши ҳеч қандай ҳарбий ҳаракат амалга оширмайди. Сабаби, Хитой ҳам ядро қуролига эга давлат. Худди шундай вазият Япония, Жанубий Корея ва АҚШга ҳам тегишли.
– Ривожланаётган давлатлар учун ядровий давлатлар ўртасидаги рақобат қандай геосиёсий хавф туғдиради? Умуман, глобал барқарорликка қандай эришиш мумкин?
– Ядро қуролига эга йирик давлатлар ўртасидаги стратегик ва сиёсий кураш ривожланаётган давлатлар учун жиддий хавф ва босим келтириб чиқаради. Кучли мамлакатлар орасидан ҳамкор танлайдиган бундан юртлар мустақил ташқи сиёсат юритиши қийин. Қолаверса, улкан бозорларнинг таъсир кучи босим воситасига айланиб, ривожланаётган мамлакатлар тараққиётига тўсиқ бўлиши мумкин. Бундай геосиёсий шароит глобал барқарорликка салбий таъсир кўрсатади. Айни вазиятда халқаро ҳуқуқ ва хавфсизлик институтлари самарали фаолият юритиши, давлатлар ўртасида очиқ ва ишончли мулоқот ўрнатилиши, дипломатик чоралар устувор бўлиши лозим.
– Ядровий қуроли бўлмаган, аммо юқори технологик салоҳиятга эга мамлакатлар, масалан Жанубий Корея, Япония ва Германия зарур мувозанатни қандай таъминлаяпти? Бу давлатлар тутган йўл бошқа юртлар учун намуна бўла оладими?
– Жанубий Корея, Япония ва Германия иқтисодий қудрати, шунингдек нуфузли халқаро тузилмалар, айниқса НАТО кўмаги билан мувозанатни сақлашга эришган. Бу ўлкалар дипломатик ҳамкорлик, инновацион лойиҳалар ва бозор механизми орқали жаҳон сиёсатида ўзига хос таъсир кучини ҳосил қилган. Профессионал армия, кучли бошқарув ва ташқи сиёсатдаги устувор йўналишлар хавфсизлик муҳитини яратган. Бу тажриба кўп мамлакатлар учун намуна бўла олади, чунки ядро қуролисиз ҳам хавфсизликка эришиш мумкинлиги яққол кўриняпти.
– Халқаро институтлар ядровий хавфсизликни бошқара оладими ёки бу борада шунчаки сиёсий рамз сифатида намоён бўляптими?
– Ядровий хавфсизликни таъминлашда БМТ, МАГАТЭ ва START каби халқаро институтлар муҳим аҳамият касб этади. Мазкур тузилмалар ядро қуроли тарқалишини назорат қилиш, қоида ва шартномалар орқали давлатларга масъулият юклайди. Бинобарин, воқелик тақозо этса, масалан йирик давлатлар шаффоф сиёсат юритмаса ёки манфаатлар тўқнашуви кучайса, бу институтлар шунчаки рамзий маъно касб этиб қолиши ҳам мумкин. Институтлар самарали ишлаши учун барча иштирокчилар ишончи, қонунийлик ва маълумотлар аниқлиги таъминланиши шарт.
– Ядро қуроли кибер хавфсизлик, сунъий интеллект ва дрон технологияси билан қўшилса, хатар ҳудуди кенгаядими? Бундай комбинация қандай оқибатга олиб келади?
– Ядро қуроли замонавий кибер хавфсизлик, сунъий интеллект ва дрон технологияси билан бирлашса, хатар янада кучаяди. Масалан, ядро бошқарув тизимига кибер ҳужум орқали назоратни йўқотиш ёки сунъий интеллект томонидан нотўғри қарор қабул қилиш инсоният учун кучли таҳдид пайдо қилади. Дрон ядро қуролини кўчириш ёки бевосита ишлатиш хавфини ошириши мумкин. Шунинг учун давлатлар ва халқаро институтлар ҳамкорлик ва назорат механизмини кучайтиришлари зарур.
– Ўзбекистон ва умуман Марказий Осиё давлатлари ядро қуролисиз ҳудуд сифатида глобал тизимда қандай ўрин эгаллаяпти?
– Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатлари ядро қуролисиз ҳудуд сифатида дунё хавфсизлигини таъминлашга салмоқли ҳисса қўшмоқда. Бу ташаббус минтақа барқарорлиги, давлатлараро ишончли муносабат ва халқаро нуфуз учун муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистоннинг айни йўналишдаги фаол сиёсати ядро қуроли тарқалишининг олдини олиш, барқарор ва тинч ривожланиш шароитини яратишга ёрдам беряпти.
Д.Ҳакимов суҳбатлашди. ЎзА