Элимиз эрки, юртимиз кўрки учун ситамлар, уқубату кулфатларга шаҳид бўлган Ватан – бу!
Қатағон қурбонлари
Сурхондарё вилоят телерадиокомпаниясида иш бошлаган йилларим эди. Узун туманидаги Бобомурод Омонов раҳбарлик қилаётган машҳур хўжаликка борадиган бўлдим. Ҳали вилоятда телевидение ишга тушмаган. Радиода ишлайман. Донғи кетган илғор хўжаликдан республика радиоси учун эшиттириш тайёрлаш керак. Раисимиз Озод Авлиёқулов топшириқни бераркан, Бобомурод Омоновнинг таниқли, вақти тиғиз раҳбар экани, идорада эрталаб учратишим мумкинлигию, кеч қолсам далагами, мажлисгами чиқиб кетишини айтиб, огоҳлантирди. Эшиттиришни тезкор тайёрлаб, эртаси кун самолётда пойтахтга жўнатиш лозимлигини ҳам эслатиб қўйди.
У замонда ҳозиргидек ахборот технологиялари ривожланмаган. Тасмаларга ёзилган тайёр эшиттиришлар самолёт орқали Тошкентга жўнатилар, аэропортда республика телерадио компанияси учун махсус ўрнатилган қутидан навбатчи ҳайдовчилар олиб кетарди. У пайтда енгил машиналар ҳам кўп эмас. Туманлар марказига йўналишли автобус қатнарди. Тонгда автобусга чиқсам, туш маҳали Узунга етиб бораман. Топшириқ кечикади. Такси ёлласам харажатини чўнтак кўтармайди. Ўйлаб кўрсам, энг яхши танлов – ярим тунда Термиздан ўтадиган “Конибодом-Душанбе” йўловчи поезди қулай транспорт экан. Раис бобони идорасида учратиш, ишни тезроқ битказиш учун шу йўлни танладим.
Ҳали тонг оқармасдан Узундаги вокзалга тушдим. Хўжаликнинг қайси тарафдалигини ҳам билмайман. Таваккал қилиб, катта йўл бўйига ўтдим. Бирпас тургандим, ёнимга “Волга” русумли такси келиб тўхтади. Йўл бўлсин, дея сўради ҳайдовчи. Хўжалик номини айтдим. Бошини ирғаб, ўтиринг, дея ишора қилди. Тонг оқариб, қуёш қизара бошлаганда хўжалик идорасига етиб келдик.
У даврда хўжаликнинг довруғи жуда баланд, раис бобо эса нафақат Ўзбекистон, балки урисияда ҳам танилган раҳбар эди. Эрта тонгда йўл-йўлакай машҳур инсон билан қай йўсинда суҳбатлашишни хаёлимда пишитиб олдим.
Қоровул билан оёқ устида суҳбатлашиб тургандик, Бобомурод Омонов кўриниш берди.
– Ана, раис бобо келдилар, – деди идора қоровули. – Хизмат машинасига имо қилиб. Раис салобат билан машинадан тушди. Қоровул шаҳдам одимлар билан бориб саломлашди. Мен ҳам аста-секин яқинлашдим. Салом бердим. Қўл чўзди. Сўрашгач, “келинг, меҳмон хизмат!”, деди жиддий оҳангда бош-оёғимга назар ташлаб. Масалани айтдим. Идорага кирдик.
Адашмаётган бўлсам ўшанда Бобомурод Омонов менга олтмиш ёшдан анча ошгандек туюлган эди.
– Хўш, – деди раҳбарларга хос жиддий оҳангда жойига бафуржа ўтириб. – Асли қаердансиз?
Ийманибгина жавоб бердим.
– Кимлардансиз?
– Агар эшитган бўлсангиз, Деновда Қобилов, деган раис бобо ўтганлар. Отам ўша кишининг жиянлари бўлади.
– Ҳа, – деди пешонасини силаб. – Шоймардон герой! Жуда ишчан, ақлли, деҳқонларга қайишадиган яхши инсон эди. Хўжаликни машҳур қилган раис эди, биламан.
– Радиода ишлаётганингизга нечи йил бўлди, ёшингиз нечида?
Айтдим.
– Ёш экансиз. Бу ёғи соддароқ, кам гап, бўшанг йигит экансиз. Хўжалигимизга мухбирлар кўп келади. Орасида йўғимда идорага келиб, удағайлаб кетадиганлари ҳам учраб туради. Нима дейсиз энди, беш панжамиз баравар эмас-да!
Бу гапни синаш учун айтдими ёки ҳамкасблардан ростдан ҳам раиснинг дилини оғритганлари бўлганми, бу ёғи менга қоронғу. Шу тобда мендан садо чиқишини кутаётгандек кўз қирини ташлаганини илғаб қолдим. Гўёки эшитмагандек, ён дафтарчамга тикилдим. Фикрини қўллаб ҳам қувватламадим, инкор ҳам этмадим. Қўллаб-қувватлай, десам бунинг эпини топмадим. Ҳамкасбларимни билмасдан ёмон отлиқ қилиб қўйишдан чўчидим. Инкор этсам, рўпарамда турган ёши улуғ, машҳур, эл суйган раиснинг дилини оғритиб қўйишим мумкин, деган хаёлга бордим.
– Ҳозир бош ҳосилатимиз келади, – дея гапини давом эттирди бошим эгик турганини кузатган раис. – Хўжаликни бирга айланасиз. Ишингизни битказасиз. Бугунга режалаштирган ишларим бор эди. Бажармасам бўлмайди. Кечга қолсангиз суҳбатни меҳмонхонамизда давом эттирамиз. Раҳматли Шароф Рашидов биз тарафларга келганларида нафас ростлаган стол атрофида гурунглашамиз.
Раис бободан узр сўраб, бу гал қололмаслигимни айтдим. Бошқа сафар келганимда албатта суҳбатни давом эттириб, Шароф отанинг қадами етган табаррук хонада тунашга келишдим.
Бобомурод Омоновни Иккинчи жаҳон урушида Шароф Рашидовнинг қуролдоши, Ўзбекистон Олий кенгаши депутати бўлган, деб эшитганман. Шароф ота Сариосиё томонларга келса, Бобомурод бобо билан албатта уруш йилларини эслаб, қуюқ суҳбат қурарди, келажакдаги ишларни маслаҳат қиларди, деган гап-сўзлардан ҳам хабарим бор эди. Қулоғимга раис пахта режаларини ортиғи билан бажариши-ю, юртга, элга қилган яхшиликлари ҳақида ҳам кўп гаплар чалинарди. Энди эрталабки ўша учрашувни кўз олдимга келтирсам, давра кўргани, кўрганда ҳам жуда катта менинг оёқ-қўлим етмайдиган давраларда бўлгани сезилиб турганди.
Ва яна айтсам, бир гурунгда Бобомурод Омонов Сариосиё туманидаги олис тоғли Хонжиза қишлоғида амалга оширган бунёдкорлик ишларини эшитгандим. Эл оғзида Узун туманидаги ҳозирги “Боботоғ” массивига улкан тоғ қияларидан транспорт қатнови учун катта йўл қуриб, аҳолининг оғирини енгил, мушкулини осон қилгани тўғрисида гап-сўзлар ҳам юрарди. “Боботоғ” деганлари Узун тумани марказидан 80-100 чақиримча олисда жойлашган тоғ қишлоқлари. Шу йўл қурилгунича атрофи тоғ билан ўралган массивга қўшни Тожикистон орқали қарийб бир кун вақт сарфлаб, борилган. Узун тарафларга келувчилар ҳам, Боботоғга борувчилар ҳам йўл азобидан азият чеккан. Ҳозир массивдаги қишлоқларда 16 мингдан ортиқ киши яшайди. Қишлоқларни ана шу йўл туну кун, қишин-ёзин Сурхондарё билан боғлаб туради. Бошқа бир давраларда Бобомурод Омоновнинг Узун туманида тарихий экспонатларга бой музей ва бошқа иншоотлар қурилишига бош бўлганини ҳам фахр билан эслашарди.
Бош агроном келгунича анча суҳбатлашдик. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, Меҳнат қаҳрамони, Ўзбекистон марказқўми аъзоси, кўплаб орденлар соҳиби бўлган отахон самимий гурунглари, болалик хотиралари ва пурмаъно маслаҳатлари билан жуда илиқ таассурот қолдирди. Хайрлашаётганда қўлимни майингина сиқиб қўйди.
Биласизми, нега яқин ўтмишни, Бобомурод Омоновни эслаб қолдим? Ҳар гал қатағон қурбонлари ҳақида гап кетса, кўз олдимда Гдлян ва Ивановнинг “ўзбеклар иши”, дея тўқилган “чўпчаклари” баҳонасида қурбон бўлган элпарвар Бобомурод Омонов гавдаланади. Шўролар даврида бегуноҳ айбланган барча қалби пок миллатдошларимиз, сиёсий қатағонларимиз Бобомурод Омоновдек Ватан тараққиёти, юртимиз осудалиги, элимиз ободлиги, халқимиз эрки, дея жон куйдиргани учун қурбон бўлгани хаёлимдан ўтаверади. Шунда озодлигимизни ўз қўлимизга олганимизга, қўлларга сохта айбловлар кишан солишидан қутилганимизга шукрона айтаман. Сизга ҳам шу ёруғ кунларга етказганимизнинг, тазйиқ ва зўравонликлардан халос бўлганимизнинг ҳар тонг шукрини айтиб яшашни тавсия этаман, биродари азиз! Зеро, бугунги осуда ва обод ҳаётимиз қатағон йилларининг қаҳрию-қиличини, азобу уқубатларини, беайб инсонларни ноҳақдан ўз домига тортиб, бегуноҳ оналар ва болаларни қон қақшатиб йиғлатган мустабид тузумни ўрганишга, ҳозирги озод ва фаровон кунларни орзу қилган миллатимиз қаҳрамонларини ҳамиша эсда тутиб, уларнинг ноҳақлик қурбони бўлганини ёшлар онгу шуурига сингдиришга, пок ҳаётини чуқур тадқиқ этиб, тарихий ҳақиқатни тиклашга қулай муҳит яратди.
Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимиз ҳудудларида, олий таълим муассасаларида “Қатағон қурбонлари хотираси” музейлари ташкил этилгани, ҳар йили қатағон қурбонлари хотирасини ёд этиш ҳафталиги ўтказилиб, порлоқ хотираси абадийлаштирилаётгани, бой мероси ва ҳаёти, элу юрт учун қилган эзгу амаллари ўрганилиб, ёшларга ўргатилаётгани бунга яққол далилдир.
Яхши эслайман: Сурхон тарафга Гдлян ва Иванов бошчилигидаги уюшган гуруҳ ўрнашиб олган йиллар эди. Каттаю кичикни ўй босган. Ҳар ҳафта Гдлян тўдаси фалончи раҳбарни сўроққа чақирибди, писмадончи раисни қамоққа олибди, деган машъум хабардан одамлар саросимага тушган, безиккан. Бобомурод Омоновни ҳам ҳибсга олишгани ҳақида гап тарқалди. Бу хабарни эшитиб, кўплар ёқа ушлади. Баъзилари кекса оқсоқол, катта ишлар қилган ҳалол раҳбар, айби исботланмаса қўйиб юборади, деса бошқалари барибир бўйнига у-бу айбни илиб, жазолашади, дея башорат қилди. Ойлар ўтиши билан айблов сохта эмиш, раис бобо “мен ҳеч қандай пулни емаганман”, дея эътироз билдириб, тан олмабди. Лекин, терговчилар бўйин олишга мажбурлаётганмиш, деган хабарлар тарқалди. Кейинчалик бу мавзу бошқа “айбланувчилар” тўғрисидаги шум хабарлар билан алмашди. Омоновнинг тақдири ҳақидаги гап-сўзлар тингандек бўлди.
Қаранг, шунақа саросимали гап-сўзлар, дилни хира қиладиган хабарлар билан хаш-паш дегунча бир йилча вақт ўтибди. Ишда навбатдаги эшиттиришни тайёрлаётгандим. Телефон жиринглади. Гўшакни олдим. Раҳбаримиз Озод Авлиёқулов. Хонамга кир, дедию, гўшакни қўйди. Сездим: кайфияти йўқ! Турли ўй-хаёллар билан шошиб қабулига кирдим. Аввалига ишларимни сўраган бўлди. Кейин мақсадга ўтиб, қўя қолди.
– Бобомурод Омонов турмада жон берибди. Айбловларни буҳтон, деб бўйин олмабди.
Мунгли, сокин овозда айтилган бу гап танамга игна санчгандек бўлди. Озод акага унсиз термилиб қолдим.
– Эссиз, ҳалол, ростгўй, ватанпарвар раис сохта айбларни тан олиб, виждони қийналиб яшашдан кўра, ўлимни афзал билибди, – дея бошини сарак-сарак қила бошлади Озод Авлияқулов. – Бу ғаламислар Сурхондарёни яна бир қалби дарё, фидойи, ўз ишининг чин устасидан айирди. Тақдирнинг ўхшашлигини қара: раҳматли Шароф отанинг жони ҳам пахта масаласи кўтарилганида узилган эди. Бу гапларни ҳеч кимга айтиб юрмагин, тағин...
Озод ака шу тобда яна нималар деганини англолмадим. Хона устма-уст чекилган сигарета тутунидан буриқсиб қолган эди.
Кечга яқин бу ҳақдаги машъум хабар вилоятга тарқалди. Бобомурод Омонов истибдод тузумда “ўзбеклар иши”, “пахта иши”, дея аталган сўнгги қатағон даврининг адолатсизлик, бедодлик қурбонига айланган эди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири