Самарқанд ишсизлик ва камбағалликни қисқартиришда намуна бўлиши керак
Президент ташрифидан сўнг
25 ноябрь куни Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида давлатимиз раҳбари энди Самарқанд ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш, инвестиция, экспорт, умуман барча соҳада методик вилоят бўлиши кераклигини таъкидлади. Янги тайинланган ҳокимга ҳам янги иш ўринлари яратиш ва аҳолини камбағалликдан чиқариш энг асосий вазифалар қаторида белгилаб берилди.
Бугунги кунда 4 миллион 328 минг нафардан ортиқ вилоят аҳолисининг 2 миллион 232 минг нафарини меҳнат ресурслари, 1 миллион 662 минг нафарини иқтисодий фаол қатлам ташкил этади. Иш билан банд бўлганлар сони 1 миллион 581 минг нафардан ортиқ бўлса, ишсизлар 80 минг нафар бўлиб, ишсизлик даражаси 4,8 фоиз бўлиб турибди.
– Йил якунига қадар ишсизлик даражасини 4,5 фоизга тушириш режалаштирилган, – дейди Самарқанд вилояти камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси бошлиғи Темур Маҳмудов. – Лекин кеча давлатимиз раҳбари томонидан берилган топшириқлар, олдимизга қўйилган вазифалар асосида келгуси бир ойда барча куч ва воситаларимизни ишга солиб, бу рақамни яна ҳам қисқартиришга ҳаракат қиламиз. Албатта, бунга имкониятларимиз бор. Чунки, йилнинг тўққиз ойида давомида 37 минг 422 минг нафар фуқаронинг ишга жойлашишига кўмаклашиб, йил бошида олдимизга қўйган вазифаларни бажаришга эришдик. Жумладан, ижтимоий муҳофазага муҳтож, меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган 4891 нафар фуқаро захираланган иш ўринларига жойлаштирилди. Муддатли харбий хизматдан захирага бўшатилган йигитларнинг 393 нафари доимий ишга жойлаштирилган бўлса, 23 нафари тадбиркорлик билан шуғулланяпти, 1425 нафари ўзини ўзини банд қилган шахс сифатида меҳнат қилмоқда. Жазодан озод этилган 116 нафар юртдошимиз ҳам ўз лаёқати, мутахассислиги бўйича иш билан таъминланди, заруратга қараб касб-ҳунарга ўқитилди.
Ишсиз фуқароларнинг бандлигига кўмаклашиш, уларни бўш иш ўринлари билан таништириш мақсадида йил бошидан буён 213 марта бўш иш ўрни меҳнат ярмаркаси ўтказилди. Бу ярмаркалар орқали 4301 нафар фуқаронинг ишга жойлашишига кўмаклашилди, 925 нафар фуқаро касб-ҳунарга жалб қилинди.
Бошқарма бошлиғининг қайд этишича, давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 17 январдаги “2025 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори 2025 йилда Самарқанд вилоятида 320 минг аҳолини даромадли меҳнат билан таъминлаш дастури тасдиқланган. Жумладан, аҳолини доимий ишга жойлаштириш ва тадбиркорликка жалб этиш орқали 221,3 минг, инвестиция лойиҳалари ҳисобига 23,8 минг, қишлоқ хўжалиги соҳасида 64,3 минг, қурилиш соҳасида 10,6 минг кишининг бандлигини таъминлаш белгиланган. Халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашлари қарорлари билан тасдиқланган режа-графикларга асосан жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида 246 минг аҳолини банд қилиш режалаштирилиб, амалда 294,7 минг аҳоли (120 фоиз) даромадли меҳнат билан банд қилинди. Йил якуни билан бандлик дастури 360 мингтага (112 фоиз) бажарилиши прогноз қилинмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 17 январда қабул қилинган “2025 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Самарқанд вилоятида ишсиз аҳолини касб-ҳунарга ўқитишнинг ваучер тизими жорий қилинди.
– Бугунги кунда вилоятимизда банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатувчи 6 та касбий кўникмалар маркази ҳамда аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш мақсадида вазирлигимизнинг ecosys.mehnat.uz дастуридан ўтган, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тасарруфидаги 28 та касб-ҳунар мактаби ва 29 та нодавлат таълим муассасаси мавжуд – дейди Темур Маҳмудов. – Йил бошидан буён ушбу марказ ва мактабларда 24 минг нафар ишсиз фуқаро, асосан хотин-қизлар ва ёшлар ўзлари истаган 36 йўналишда касб-ҳунар ва хорижий тилларга ўқитилди.
Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида берилаётган имтиёзли кредитлар аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини оширишнинг муҳим омили ҳисобланади. Вилоятда ушбу йўналиш бўйича жорий йилнинг 9 ойида 24,4 мингдан ортиқ жисмоний ва юридик шахсларга 370 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилган бўлиб, ушбу молиявий манбалар маҳаллаларда ишсизлар, ёшлар ва хотин-қизларнинг кичик ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳалари бўйича тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда қўл келмоқда.
Самарқанд вилоятида йил бошидан 321 минг нафардан ортиқ аъзолари бўлган 70 минг 285 оила камбағаллик реестрига критилган ва йил давомида 35 минг 663 оила (аъзолари 163 минг 384 нафар)ни камбағалликдан чиқариш режаси тасдиқланган. Ўн бир ойда 31 минг 736 та оилага тузилган индивидуал режа асосида даромадини оширишга қаратилган 66 мингга яқин хизмат кўрсатилди. Жумладан 26 минг 343 киши доимий ишга жойлаштирилган, 27 минг 862 киши тадбиркорликка жалб этилган, 8906 нафарига кредит ва субсидия маблағлари ажратилган ҳамда 2790 нафар фуқаро касб-ҳунарга ўқитилган. Камбағал оилаларга кўрсатилган хизматлар натижасида йилнинг ўтган даври мобайнида 155 минг 200 кишидан иборат 36 минг 780 та оила камбағаллик реестридан чиқарилди. Йил якунига қадар яна 25 минг нафарга яқин аъзосиб бўлган 4702 оилани реестридан чиқариш бўйича иш олиб борилмоқда.
Темур Маҳмудовнинг айтишича, бугунги кунда вилоятдаги 13357 та корхона ва ташкилотда 36 мингдан ортиқ бўш иш ўрни мавжуд. Албатта, бу иш ўринларининг асосий қисми учун ўрта махсус ёки олий маълумот талаб этилади. Эътиборлиси, зарурат бўлса, ўрта махсус маълумот олиш учун ҳозир ҳам имконият бор. Гап юртдошларимизнинг қонуний ишлаб, даромад топиш, нафақат бугуни, балки эртага – пенсия ёшига етганида давлат таъминотидан баҳраманд бўлишни ўйлаб меҳнат қилишида.
Ғолиб Ҳасанов,
ЎзА мухбири