Қор остида қолган орзулар
У пайтлар мактабга борган ёки бормаганимни эслолмайман. Бола эдим. Ёдимда қолгани шуки, атрофни оппоқ қор қоплаган эрта тонгда раҳматли отамнинг ўндан ортиқ тенгқури уйимизга келар эди. У замонлар одамларнинг меҳр-оқибати бир-бирига бошқача эди. Ва яна кўз олдимда қолгани ¬ қиш кунлари уйимизда алламаҳалгача қўл бола печ ёниб турган иссиққина хонада саҳифалари сарғайиб кетган араб алифбосидаги китоблар ўқилар, мағзи чақилар эди. Қўл телефонлар йўқ. Одамлар қиш фаслида телевизор, радиоларни ҳам муккасидан кетиб томоша қилмас, эшитмас, кўпроқ вақтларини китоб мутолаасига бағишлар эди.
Ёшим андак улғайгач, англадимки, у пайтда одамлар исломий китобларни ўқиш ман этилгани учун уйларда яширинча ўқишар экан. Кеч куз. Еттинчими, саккизинчими синф ўқувчиси бўлганимда зийраккина бир синфдошимни отаси араб тилидан хабари бор қишлоқдошимизникига эргаштириб боради. У уч ойлар чамаси тунлари қатнаб, шу уйда сабоқ олади. Фанларни ҳам яхши ўзлаштиришда бошқаларга намуна бўлган синфдошимнинг араб алифбосини ўрганаётганидан хабар топган мактаб директори роса дўппослагани ҳам кўз олдимдан кетмас хотирага айланган...

Ўйлаб кўрсам мен ҳам Имом Термизий, Имом Бухорий, Сўфи Оллоёр сингари буюк аждодларимизнинг исм-шарифлари ва асарлари номини болалик давримда уйимизда жам бўлган отамнинг узанги йўлдошлари оғзидан эшитган, туркона оҳангдаги ажойиб маснавийларни, пайғамбаримизнинг айтган сўзлари, қилган ишлари, ул зотга берилган сифатлар хабар қилинган гўзал ҳадисларни тинглаган эканман. Энди англаяпманки, у пайтда илмни, маърифатни сирдош дўст, деб тушунган ота-боболаримиз аждодларимиз меросини яширинча бўлса-да ўргангани, амал қилгани учун ҳам ҳозир кўзини қўл телефонидан узолмайдиган айрим инсонлардан фарқли улароқ босиқ, ҳалим ва маданиятлироқ, хушмуомала, қалби пок бўлган экан...
***
Биз кишилик жамияти яралибдики, даврлар эврилиб, замонлар ўзгарганини, лекин, барча давр ва замонларда ҳам инсоният қалбида моддий-маънавий озуқага эҳтиёж сезилганини, талаб бўлганини кўп гапирамиз. Шу боис одамзод буюк алломаларнинг маънавий меросидан озуқа олиб улғайгани, камолга етганини эътироф этамиз. Мен ёдга олган ота-боболаримиз ўтган асрда шўролар яратган мафкурани қалбига сингдира олмагани учун ҳам беназир аждодларимиз меросига суянган. Бу асарларни нафақат мутолаа қилган, балки ундан куч-қудрат олиб, маънавий юксакликка талпинган, ҳузур-ҳаловат олган. Улуғ алломаларимизнинг бой мероси улар учун ўчмас шамчироқ, ишончли маёқ вазифасини бажарган. Ҳаёт йўлларини безаган.
Яқинда Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Сурхондарё вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Зебунисо Алимардонова билан шу ҳақда анча суҳбатлашдик.

– Ислом дини Ўрта Осиёда маданият даражасига кўтарилган, – дейди Зебунисо Алимарданова. – Бу дин урф-одатларимизни, бизнинг урф-одатларимиз ислом динини безаган. Мутафаккирларимиз исломни илм-маърифат, тинчлик, бирдамлик дини сифатида намоён этган. Сурхон воҳасида туғ кўтариб турган Ҳаким Термизий, Имом Термизий, Сўфи Оллоёр ва бошқа юзлаб алломаю ¬ авлиёларимиз ўз асарларида исломга хос илму маърифат, гўзал хулқ, меҳр-мурувват, ватанпарварлик, поклик, тинчлик сингари фазилатларни улуғлаган.
Гурунг чоғида юртимиздан етишиб чиққан улуғ аждодларимиз асарларини мутолаа қилиш ўтган асрда таъқиқланганию, ота-боболаримизнинг бу китобларни қалб қўрида асраб-авайлаб, ўқиб, ўрганганини, дарсдан бўш вақтида исломни ўрганишга интилган ўқувчилар жазоланиб, миллатимиз мана шундай нодир меросимиздан мосуво қилинганини ўзимча муҳокама қилдик. Мустақиллигимизнинг дастлабки чорак асрида ҳам ислом тамаддуни ва дунё цивилизациясига беназир ҳисса қўшган мутафаккирларимиз асарларига бугунгидек эътибор кўрсатишга журъат этилмаганидан андак афсусландик.
***
Президентимиз ислом дини тамаддунига улкан ҳисса қўшган олимларимиз, авлиё ва анбиёларимиз номини улуғлаб, ул зотларнинг бой меросини чуқур ўрганиш, дунёга тарғиб қилиш ташаббусини илгари сургач, асарларининг қадр-қиммати нақадар юксак эканини илғай бошладик. Эндиликда Имом Термизий ва бошқа термизий алломалар асарлари ҳар хил даъволарни илгари сураётган ёт кучлар кирдикорларини фош этишда ноёб манба бўлиб хизмат қилишини тушундик. Соф ислом таълимоти ва маънавий баркамоллик ғоялари улуғланиб, зўравонлик, бузуқлик, хунрезлик каби иллатлар қораланган бу асарлардан ёшларимизни хабардор қилиш ўзлигимизни англашга, ёш авлод онги бузилишининг олдини олишга ижобий таъсир этишини ҳис қилдик, амалда кўра бошладик.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 14 февралдаги “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ўтмишда илм-маърифат ўчоғи бўлган жанубдаги воҳада мангу қўним топган алломаларнинг илмий-маънавий меросини мукаммал ўрганиш ва тарғиб қилишга қулай муҳит, кенг имконият яратди. Ҳозир бу даргоҳда Имом Термизий ва термизий алломаларнинг илмий-адабий мероси чуқур ўрганилиб, тадқиқ этилмоқда. Асарлари чоп қилинмоқда. Олиму фузалоларимиз меросига нафақат мамлакатимиз, балки жаҳонда янада катта қизиқиш уйғонмоқда. Буюк алломаларга бешик бўлган қадимий шаҳарда Имом Термизий номидаги ислом институти, ўрта махсус ислом таълим муассасаси ташкил этилиб, диний маълумотли ҳадис илмлари, диний фанлар ва араб тили бўйича мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилгани кексаларда ҳавас, ёшларга шижоат улашмоқда.
Президентимизнинг 2024 йил 15 августдаги “Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ҳам ислом дини ривожи йўлида хизмат қилган термизийларга кўрсатилаётган эътибор ва эҳтиромнинг амалдаги ёрқин ифодаси бўлди. Тошкент, Хива, Термиз шаҳарларида дунё давлатларидан келган дин арбоблари, нуфузли таълим муассасалари олимлари, муфтийлар, таниқли уламолар иштирокида халқаро илмий-амалий конференциялар ўтказилиб, буюк термизийларнинг ислом тамаддунида тутган ўрни алоҳида эътироф этилди. Китобхонларга Имом Термизийнинг “Сунани термизий шарҳи”, Абу Жаъфар Термизийнинг “Тафсир” китоблари, Холид ибн Зиёд Термизий, Мунжик Термизий, Саййид Али Термизий, Муҳаммад ибн Ҳомид Термизий, Муҳаммад Солиҳ Кашфий Термизий каби алломаларнинг нодир асарлари туҳфа қилинди. Ҳаким Термизийнинг “Қуръоннинг сермаъно сўзларини англаш”, “Намоз ва унинг мақсадлари” китоблари чоп этилди.
– Халқаро марказ иш бошлаганидан буён ташкил этган халқаро илмий конференцияларимиз орасида бизга Имом Термизийнинг 1200 йиллиги муносабати билан ўтказилган анжуман ўзгача ижодий руҳ бағишлади, – деб қолди бир суҳбатда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Музаффархон Жониев. – Чунки, хориждан келган меҳмонларнинг аксарияти термизийлар ҳақида илмий тадқиқот ишларини олиб борган машҳур олим ва уламолар эди. Уларнинг улуғ мутафаккирларимиз илмий-маънавий меросига берган тарифу тавсифлари фахр-ифтихор ҳиссимизни, асарларининг қўлёзма ва нашр нусхаларини излаб топишга қизиқишимизни янада оширди. Қисқа вақтда ул зотларнинг аҳоли хонадонларида сақланаётган ўнга яқин қўлёзма ва нашр этилган асарларини топиб, кутубхонамизни бойитдик. Нодир бу асарларни ҳам илмий тадқиқ эта бошладик.

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказига йўлим тушиб, бу даргоҳда таълим олаётган толиби илмларга дуч келсам, ўқувчилик йиллари улуғ аждодлар меросини ўрганишга қизиққан синфдошим ёдга тушади. Унинг тенгқурлари олдида изза бўлгани, битирувчи синфлигимизда устозлардан бири “қаерга ўқишга бормоқчисан”, дея савол берганида бошини қуйи эгиб, жавоб бермаганию, ўшанда синфдошлардан бошқа бири бехосдан тилга кириб, “ярасини” янгилагани кўз олдимда гавдаланади:
– Шарқшунос бўлмоқчи эди. Пойтахтга ўқишга борса керак...
– Йўқ!, – дейди синфдошим эгик қаддини ғоздек тик тутиб. – У болаликдаги орзуим бўлган. Уни қишда оппоқ қорга кўмганман. Музлаб қолган. Мен шарқшунос бўлолмайман...
Дўстимнинг кўз ёши аралаш қатъий оҳангда айтган шу сўзини эсласам, ҳали ҳам этим увушиб кетади. Ўшанда мактаб директори йўлини тўсмаганида, балки ҳозир яратилган имкониятдан фойдаланиб, буюк термизийларнинг, чағонийларнинг сизу бизга янги манбаларини туҳфа этармиди, деган хаёлга бораман. Гоҳо бир кўришганимизда бугун соф ислом динини ўрганишга тамомила янги муҳит яратилганини айтиб, бу имкониятдан фарзандлари фойдаланиши, неваралари Термизда ўқиб, фахр билан буюк мутафаккирларимиз меросини ўрганиши мумкинлигини тавсия этгим келади. Бунга ҳам журъатим етмайди. Болаликдаги “яра”сини янгилаб қўймай, деган андишага бораман.
***
Адашмаётган бўлсам, мамлакатимиз мустақил бўлганининг еттинчи ё саккизинчи йиллари эди. Тошкентдан Термизга поездда қайтмоқчи бўлдим. Тўрт ўринли ихчам вагонга чипта олдим. Йўловчи жуда кам. Етмиш ёшлардаги нуроний ҳамхона бўлди. Кечки пайт. Тўрт ўринли жойда икки киши кетяпмиз. Танишдик. Ҳамроҳим Сариосиё туманининг машҳур Сангардак қишлоғидан экан. Айтишича, пойтахтда яшайдиган невараларини кўриб қайтмоқда. Отахон ҳорган бўлсалар-а, деган хаёлда икки пиёла билан бир чойнак иссиқ чой келтирдим. Чойни ҳўплаб, гурунгни бошладик. Юртимизда яшаб ўтган алломаю, авлиёлар ва уларнинг ҳаётлари ҳақида ҳам суҳбатлашдик.

– Болам, – дедилар оқсоқол анча гурунглашганимиздан сўнг. Бир зум жим туриб гапини секин давом эттирди. – Илмсиз тараққиёт бўлмайди. Тараққиётсиз одамзод ўнгланмайди. Бу менинг эмас, аждодларимиз гаплари, болам! Чунки, инсоннинг тақдири, кечмишлари илмига ҳам боғлиқ бўлади. Дейлик, ҳозир барчамиз тақдиримизни шу поездга топшириб, йўлда кетяпмиз. Агар сафимизда илмли, яхши одамлар кўп бўлса, манзилга эртароқ етиб оламиз. Яхши ва ёмон инсонлар тенг бўлса, андак кечикамиз. Илмсиз, риёкорлар кўпроқ бўлса, манзилга қийналиб етиб борамиз. Ҳали шундай кунлар келадики, қадимда юртимизда яшаб, бизга катта мерос қолдирган буюк аждодларимиз номи улуғланади. Юртимиз юксалишга юз тутади...
***
Сезяпсизми, биродари азиз, бугун сизу биз ўша нурли кунларга етиб келдик. Бугун фақат Имом Термизий ва термизлик алломалар эмас, мамлакатимизда яшаб ўтган барча мутафаккирлар улуғланаётган даврда яшаяпмиз. Улар мангу қўним топган муқаддас қадамжолар обод гўшага айлантирилиб, нодир илмий мерослари тадқиқ этилаётганига гувоҳ бўляпмиз. Китоблари нашр қилиниб, ёшу кексага етказилаётганини, ота-боболаримизнинг, ислом илмига қизиққан тенгдошларимизнинг орзую армонлари ушалганини кўряпмиз. Ўтмишда юртимиздан етишиб чиққан буюк муҳаддис, мутасаввиф, шоир, адиб ва бошқа алломаларнинг бебаҳо меросини фарзандларимиз ўқиб, ўрганаётгани, ўғил-қизларимиз орасида учинчи ренессанс бунёдкорлари камол топаётгани бу бизнинг фахримиз, ифтихоримиз. Илмга ташна ёшларимизнинг бахт муждаси, Ватанимиз тараққиёт сари илдам одимлаётганининг ёрқин ифодаси – бу!
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири