Исроил ва Ливан ўртасидаги зиддият яна кучаймоқда(ми)?
Исроил армияси 2024 йил ноябрь ойида Ливан билан эришилган сулҳни тахминан 10 минг марта бузди, деди БМТнинг Жанубий Ливандаги вақтинчалик кучлари (UNIFIL) вакили Дани Гафри “РИА Новости” нашрига берган интервьюсида.
Унинг айтишича, ўтган йил октябрь ойида UNIFIL мутахассислари Ливан жанубидаги Ярун шаҳрининг жануби-ғарбида Исроил армияси томонидан қурилаётган бетон деворнинг геодезик тадқиқотини ўтказган.
– Иншоот “Мовий чизиқ”дан ташқарига чўзилганини пайқадик ва бу ҳақда Исроил армиясига хабар берамиз, - деди у.
Эришилган келишувнинг бир қисми сифатида, 2024 йил 27 ноябрда Ливан армияси мамлакат жанубига қўшимча кучларни жойлаштирди ва БМТ тинчликпарвар кучлари билан мувофиқлаштирилган ҳолда Ҳизбуллоҳ ҳарбий инфратузилмасини қидиришда давом этмоқда.
Эътиборли жиҳати, Ливан расмийлари сулҳ битимига қарамай, Исроил республика суверенитетини мунтазам равишда бузишда давом этаётганини бир неча бор таъкидлаган.
Ливан Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Исроил жорий йил бошидан бери Ливан ҳудудига 4 мингдан ортиқ ҳужум уюштирган. Ушбу ҳужумлар оқибатида қарийб 400 киши қурбон бўлди.
С.Раҳимов, ЎзА