Ёрқин саҳифаларида Самарқанднинг тарихий мероси, замонавий ютуқлари ва халқаро нуфузининг янги босқичини кенг ёритиб, ўқувчилар эътиборини қозониб бораётган инглиз тилидаги “My Samarkand” журнали дебоча сонида шаҳар ҳаётининг маданий, илмий, сиёсий ва иқтисодий жиҳатларини чуқур ёритган. Шунингдек, йирик халқаро тадбирлар, маданий мероснинг тикланиши ҳамда ёшлар ташаббуслари янгича руҳ ва ёндашув асносида очиб берилган эди.
Мазкур нуфузли журналнинг 2025 йилги иккинчи сони ҳам чоп этилди. Бу галги солнома кўҳна Самарқанднинг жаҳон сиёсати, дипломатияси, илм-фани ва маданиятидаги алоҳида нуфузини ёритувчи муҳим воқеалар, тарихий учрашувлар ва халқаро эътирофлар билан бойитилган.
Марказий Осиё – Европа Иттифоқи саммити: келажакка қаратилган тарихий қадам
Журналнинг асосий саҳифаларида 2025 йил 4 апрель куни Самарқандда илк бор ўтказилган Марказий Осиё – Европа Иттифоқи саммитининг ёрқин лаҳзалари акс этган. “Келажакка инвестиция” шиори остида ўтган мазкур тарихий анжуман минтақа давлатлари ва ЕИ ўртасидаги стратегик шерикликнинг янги босқичини бошлаб берди.
Саммит доирасида иқтисодий ҳамкорлик, яшил энергетика, транспорт йўлакларини ривожлантириш, минтақавий хавфсизлик ва инвестиция лойиҳалари бўйича муҳим келишувларга эришилгани тафсилоти журнал саҳифаларидан ўрин олган.
Давлатлар ўртасидаги дўстлик ва стратегик мулоқот
Президент Шавкат Мирзиёевнинг қатор давлат раҳбарлари билан учрашувлари – Самарқанд мезбонлигида кечган музокаралар мамлакатимизнинг минтақавий барқарорлик ва интеграцияга қўшаётган беқиёс ҳиссасини кўрсатади. Давлакатимизнинг очиқ, прагматик ва ташаббускор ташқи сиёсатини яна бир бор тасдиқлайди.
Самарқанд ва Европа: янги кўприклар
2025 йил май ойида Италия Бош вазирининг Самарқандга ташрифини ифодалаган алоҳида саҳифалар: Шаҳар марказида “Рим кўчаси” тантанали равишда очилиши давлатлар ўртасидаги дўстлик ва маданий алоқалар мустаҳкамланаётганидан далолат.
Ўзбекистон – Туркманистон дўстлиги: ўзаро эътироф ва ҳурмат
Икки қардош давлат ҳамкорлиги юқори даражада экани, ўзаро ишонч янги босқичга кўтарилгани акс этган саҳифалар Ўзбекистон ва Туркманистон дўстлиги мустаҳкам илдизларга эгалигининг инъикосидир.
Эркин фикр – янги авлоднинг кучи
Бўлимлардан бири “Эркин фикрлаш” мавзусига бағишланган бўлиб, ёшлар билан учрашувлардан лавҳалар, ўтган давр сабоқлари ҳамда Янги Ўзбекистон ўғил-қизлари учун яратилган имкониятлар кўрсатилган. Қолаверса, мажбурий меҳнат буткул тугатилгани, ёшлар сиёсатида янги давр бошлангани, халқаро рейтингларда мамлакатимизнинг сезиларли юксалиши, ёшларимизнинг жаҳон олий ўқув юртларига кириш кўрсаткичлари қайд этилган.
Илм-фан: халқаро мукофотлар, фахрий унвонлар
Журналдан халқаро илмий доиралар вакиллари билдирган фикрлар ҳам жой олган. Хусусан, халқаро мукофотлар орқали юртимизга берилаётган юқори баҳо, Самарқанд давлат университетининг халқаро ҳамкорлик йўналишидаги дадил қадамлари, тарих, санъат, илмий мерос бўйича изланишлар ёритилган.
Шунингдек, заминимизнинг фахрий фуқаролари ҳақидаги саҳифалар ҳам ушбу сонни бойитган. Бу эътироф Самарқанднинг илм, маданият ва дипломатия маркази сифатидаги ўрнини дунёга яна бир бор кўз-кўз этади.
Умуман, “My Samarkand” журналининг иккинчи сони – Самарқанднинг глобал майдонда тобора ошиб бораётган нуфузи, Янги Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги фаоллиги, ёш авлодга қаратилаётган эътиборнинг ёрқин намоёнидир.
Мусулмон Зиё, ЎзА