Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мозий жумбоғи: тарихимизга оид учта сирли саволга жавоб топа оласизми?

Тарих аждодларимиз бизга қолдирган бошқотирмаларга бой. Ўтмиш саҳифалари фақат воқеалар солномаси эмас, балки аждодлар заковатининг синов майдонидир. Биз сизни ўтмишимизга оид қизиқарли жумбоқларнинг ечимини топишга чорлаймиз. Ўз тафаккурингизни синаб кўринг ва тарихимизнинг ажиб сирларини очинг.

БИРИНЧИ ЖУМБОҚ

IX–XIII асрлар Мовароуннаҳр шаҳарлари – бу аҳоли зич яшайдиган, ҳунармандчилик устахоналари ва савдо дўконлари ёнма-ён жойлашган, ҳаёт қайнаган мегаполислар эди. Археологик тадқиқотлар шуни кўрсатадики, турар-жойлар шу даражада тиғиз қурилганки, деярли бўш ер қолмаган. Энди тасаввур қилинг: минглаб хонадонлар, ўнлаб новвойхоналар, темирчилик, кулолчилик устахоналари... Буларнинг баридан ҳар куни улкан миқдорда маиший ва ишлаб чиқариш чиқиндилари чиққан. Марказлашган чиқинди йиғиш хизмати бўлмаган ўша даврда бу чиқиндилар қаерга йўқолган? Нима учун шаҳарлар чиқиндихонага айланиб, юқумли касалликлар ўчоғига айланмаган? Ахир, тарихий манбалар, аксинча, шаҳарларнинг тозалигини мақтайди. Демак, аждодларимизда бу муаммонинг оддий, лекин жуда самарали ечими бўлган.

Савол: Ҳар бир хонадон ва устахонада деярли мажбурий бўлган, шаҳарларни чиқиндидан халос этган ушбу махсус муҳандислик иншооти нима деб аталган?

ИККИНЧИ ЖУМБОҚ

Ўрта асрларнинг энг йирик ва бой шаҳарларидан бири Марв воҳаси доимо сув тақчиллигини бошдан кечирган. Шаҳарга Муғроб дарёсидан бир нечта йирик каналлар орқали сув келган бўлса-да, уни минглаб хонадонлар, ҳунармандчилик устахоналари ва боғлар ўртасида адолатли тақсимлаш ўта мураккаб вазифа эди. Бу масала шунчалик муҳим бўлганки, уни назорат қилиш учун “дарё девони” (девони руд) деб номланган бутун бир давлат идораси тузилган. Араб географи Истахрийнинг ёзишича, шаҳар ичидаги ҳар бир ариқ ва маҳаллага сув тақсимлашда қатъий тартибга амал қилинган. Сувни тақсимлашда бирор-бир хонадон ёки маҳалланинг ҳақига хиёнат қилинмаслиги керак эди. Бунинг учун сув оқимини аниқ ўлчаш ва назорат қилиш талаб этиларди. Лекин ўша даврда сув сарфини ўлчайдиган замонавий асбоблар бўлмаган. Шунга қарамай, аждодларимиз бу муаммонинг жуда оддий, аммо ўта самарали ечимини топганлар.

Савол: Марвда каналлардан маҳаллаларга оқиб кираётган сув миқдорини аниқ ўлчаш ва назорат қилиш учун қўлланилган махсус мослама – сув ўлчагичлар қандай кўринишда бўлган?

УЧИНЧИ ЖУМОҚ

Самарқанддаги Афросиёб ёки Хоразмдаги Қизқалъа каби кўплаб қадимги шаҳарлар ва қалъалар хавфсизлик нуқтаи назаридан баланд тепаликлар устига қурилган. Бу мудофаа учун жуда қулай бўлса-да, бир улкан муаммони келтириб чиқарган: бундай баландликни узлуксиз сув билан қандай таъминлаш мумкин? Дарё ёки каналлар пастликда оқади. Сувни тепага олиб чиқиш учун замонавий насослар бўлмаган. Албатта, махсус сув кўтариш ғилдираклари – чиғириқлардан фойдаланиш мумкин эди, лекин бу усул ҳам чекланган баландликда ишлаган ва доимий инсон меҳнатини талаб қилган. Бироқ, тарихий манбалар ва археологик топилмалар, масалан, қўрғошин қувурлар ёки ер остидан ўтказилган сопол қувурлар тармоғи, сувни анча узоқ масофага ва баландликка етказиб берадиган бошқа, анча самарали технология мавжуд бўлганидан дарак беради. Аждодларимиз бунинг учун оддий, лекин ўша давр учун инқилобий ҳисобланган физик қонуниятдан фойдаланганлар.

Савол: Сувни насоссиз, пастликдан тепаликка ёки водийнинг бир томонидан иккинчи томонига қувурлар орқали олиб ўтиш учун қадимги муҳандислар физиканинг қайси қонунига асосланган тизимни қўллаганлар?

Ушбу уч жумбоқнинг жавоби кейинги мақолада эълон қилинади. Уларнинг жавобларини топишга ҳаракат қилиб кўринг.

Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА