Аҳолига бепул тиббий хизмат қайси ҳолатларда кўрсатилади? (+видео)
Янгиланган Конституциямизнинг 48-моддасига мувофиқ: “Ҳар ким соғлиғини сақлаш ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга”, шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини қонунда белгиланган тартибда давлат ҳисобидан олишга ҳақли” эканлиги белгилаб қўйилган. Асосий қонунимизда аҳолимиз манфаатларига хизмат қилувчи ушбу модданинг тадбиқ қилиниши кўплаб инсонларга давлат тиббий хизматидан бепул ва имтиёзли равишда фойдаланиш ҳуқуқини тақдим этади.
Пойтахтимиздаги 44-оилавий поликлиникада Президентимизнинг “Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан босқичма-босқич электрон тиббий хизматлар, давлат тиббий суғуртаси асосида фуқароларга хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди. Бугунги кунда беморлар қай пайтда ва қайси ҳолатда муассасадан бепул тиббий ёрдам ва дори-дармон олишларини яхши билишади.
Бу ерга келган ҳар бир фуқаро электрон навбат олиб, белгиланган вақтда тор соҳа мутахассисига учрайди ва зарур дориларни агарда кафолатланган пакетга киритилган бўлса, шифохонадан ёки яқин масофада жойлашган дорихонадан бепул олади. Дарвоқе, шу кунгача ушбу муассасада кафолатган пакетга киритилган дориларнинг тури 28тага етган.
Поликлиника электрон тизимга интеграция қилинган бўлиб, шифокор бемор киришидан олдин у ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлади. Давлат тиббий суғуртаси томонидан кафолатланган пакет доирасида аҳолига намунали хизмат кўрсатган шифокорлар меҳнати эса рағбатлантирилиб борилади.
Шифокор расмийлаштирган электрон рецепт асосида бериладиган дори воситалари ва дорихоналарнинг сарф-ҳаражатлари Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади. Имтиёзли тоифадаги шахслар шифокор кўрсатмасига биноан ахборот тизими орқали шакллантириладиган йўлланма асосида республика даражасидаги тиббиёт муассасаларида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бепул даволанади. Агарда бунга зарурат бўлмаса оилавий шифохонадаги мавжуд шароитларда даво топади.
Шу ўринда айтиш керакки барча касалликлар ҳам ушбу янги тизимга киритилмаган ва келгуси йилларда босқичма-босқич тадбиқ этиб борилади. Давлат тиббий суғуртаси механизмлари 2026 йилнинг охирига қадар республикамизнинг барча тиббиёт муассасаларида жорий қилиниши режалаштирилган.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/3B4JfJpm9_s" title="Aholiga bepul tibbiy xizmat qaysi holatlarda ko‘rsatiladi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Ойбек Давронов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА