Марказий Осиё ҳамкорлиги: Ўзбекистон Президенти ташаббуслари ортидаги стратегия
Муносабат

Бугун Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик янги, тарихий аҳамиятга эга босқичга қадам қўймоқда. Шубҳасиз, бу жараёнда 2018 йилда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Остона шаҳрида бошланган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашуви муҳим ўрин тутади.
Айнан ушбу ташаббус туфайли минтақа етакчилари кўп йиллар давомида биринчи марта ташқи воситачиларсиз тизимли ва мунтазам мулоқотни йўлга қўйди. Бу жараён ишонч, очиқлик ва умумий манфаатларни англашга асосланган янги сиёсий тафаккур рамзига айланди. Мунтазам ўтказилаётган маслаҳат учрашувлари натижасида кўплаб минтақавий муаммолар ҳамкорликда ҳал қилинмоқда.
Шу боис бўлажак Тошкент саммити олдидан эълон қилинган Президент мақоласида илгари сурилган фикр ва ташаббуслар нафақат мамлакатимиз, балки бутун минтақамизнинг келажак тараққиёти учун муҳим аҳамиятга эга. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Марказий Осиёда ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва ҳурмат муҳити барқарор равишда шаклланмоқда. Бу жараёнлар минтақанинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида чуқур сифат ўзгаришларини белгилаб бермоқда.
Бугун Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бирдамликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли ҳамкорлик учун мустаҳкам сиёсий ва ҳуқуқий пойдевор яратилди. Эришилган келишувларнинг фуқаролар ва бизнес манфаати учун амалий натижаларга айланиши эса бу жараённинг асосий вазифасидир.
Шу нуқтаи назардан, Тошкентда бўладиган навбатдаги саммит минтақавий бирдамликни янги босқичга олиб чиқиши, ҳамкорликни янада чуқурлаштириши кутилмоқда. Чунки глобал ўзгаришлар, жаҳон иқтисодиётидаги беқарорлик, иқлим муаммолари, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги масалалари минтақавий бирлашишни стратегик заруратга айлантирмоқда.
Президентимиз таъкидлаган энг муҳим жиҳатлардан бири – чегара масалаларининг ҳуқуқий жиҳатдан тўлиқ ҳал этилганидир. Узоқ йиллар давомида минтақа давлатлари ўртасидаги чегаравий келишмовчиликлар кўплаб муаммоларга сабаб бўлиб келгани маълум.
2025 йил март ойида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида имзоланган уч давлат чегаралари туташган нуқта тўғрисидаги Шартнома ва Хўжанд декларацияси бу жараённинг ёрқин намунасидир. Бу ҳужжат нафақат юридик аҳамиятга эга, балки халқларимизнинг ўзаро ишончи ва бирдамлигини ифодалаган тарихий қадамдир.
Кўп йиллар давомида тўсиқ бўлиб келган чегаралар бугун дўстлик, савдо ва ҳамжиҳатлик кўпригига айланди. Бу эса чегара ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳоли учун янги иқтисодий имкониятлар яратиш, савдо алоқаларини кенгайтириш ва инсонлар ўртасидаги мулоқотни кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Мақолада қайд этилганидек, илгари кескин келишмовчиликлар келиб чиқишига сабаб бўлган сув-энергетика соҳасида ҳам ўзаро ишончга асосланган янги ҳамкорлик маданияти шаклланмоқда. Қамбарота ГЭС–1 лойиҳасини Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистоннинг биргаликда амалга ошириши иқтисодий манфаат билан бирга сиёсий ишончнинг мустаҳкамланишини кўрсатади.
Зарафшон дарёсидаги Ёвон ва Фондарё ГЭСлари, Амударё сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича келишувлар, “Баҳри тожик” сув омборини биргаликда бошқаришга оид ҳужжатлар – буларнинг барчаси умумий манфаатларга хизмат қилувчи амалий натижалардир.
Бу лойиҳалар энергетик хавфсизликни таъминлаш билан бирга қишлоқ хўжалиги, саноат ва экология соҳаларида барқарор ривожланишга туртки беради. Сув ресурсларидан адолатли ва оқилона фойдаланиш минтақавий барқарорликнинг муҳим омилидир.
Шунингдек, 2023 йилдан бошлаб Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларининг ID-карта асосида чегарадан ўтиш имконияти яратилгани инсонлар эркин ҳаракатланиши йўлидаги муҳим қадам бўлди. Бу ташаббус фуқаролар учун қулайлик яратиш билан бирга маданий ва гуманитар алоқаларни мустаҳкамламоқда.
Қозоғистон ва Тожикистон билан ҳам шундай келишувлар тайёрланаётгани минтақанинг ягона, очиқ ва бирдам маконга айланиб бораётганини тасдиқлайди. Чегараолди савдо ҳажмининг ошиши ва ҳудудлар ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларининг кучайиши минглаб оилалар турмуш даражасига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Жорий йил октябрь ойида ўтказилган Фарғона тинчлик форуми ҳам минтақада тинчлик ва тотувлик сиёсати амалий натижалар бераётганини кўрсатди. Ушбу форум сиёсий мулоқот майдони бўлиб хизмат қилиш билан бирга халқлар ўртасидаги ишонч ва яқинликни мустаҳкамламоқда. Умуман олганда, бу каби ташаббуслар Президентимиз томонидан илгари сурилган “ишонч ва ҳамжиҳатлик асосидаги минтақавий сиёсат” концепциясининг амалий ифодасидир.
Хулоса қилиб айтганда, бугун Марказий Осиё барқарорлик, ҳамжиҳатлик ва бунёдкорлик ҳудудига айланмоқда. Бу жараёнда Ўзбекистоннинг ва шахсан Президент Шавкат Мирзиёевнинг роли беқиёс. Мамлакатимиз томонидан илгари сурилаётган ташаббуслар минтақани умумий фаровонлик ва ривожланиш йўлида бирлаштирмоқда.
Парламент вакили сифатида биз бу сиёсий йўлни қўллаб-қувватлаймиз, чунки у халқларимиз тинчлиги, иқтисодий юксалиши ва келажак авлодлар учун барқарор тараққиётни таъминлашга хизмат қилади.
Дилрабо ХОЛБОЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси ўринбосари.
ЎзА