Ўзбекистон-Қирғизистон: “Яшил” молиялаштириш лойиҳаси бўйича 50 миллион доллар миқдорида маблағ жалб этилади
Пойтахтимизда Ўзбекистон ва Қирғизистонда “яшил” инвестициялар учун янги имкониятлар яратишга қаратилган минтақавий лойиҳа тақдимотига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг атроф‑муҳитни муҳофаза қилиш, қишлоқ хўжалиги, молия ҳамда иқтисодий тараққиёт соҳалари учун масъул бўлган вазирлик ва идоралар мутасаддилари, шунингдек, Буюк Британия ва Германия Федератив Республикасининг мамлакатимиздаги элчихоналари вакиллари иштирок этди.
Тадбир иштирокчилари томонлар ўртасидаги ҳамкорлик икки давлатнинг барқарор ва экологик тоза иқтисодий ўсишини таъминлашга хизмат қилишини таъкидлади.

Мазкур минтақавий лойиҳа икки мамлакатда экологик хавфсиз инвестициялар ҳажмини кенгайтиришга тўсқинлик қилаётган асосий муаммоларни бартараф этишга қаратилган бўлиб, у Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Қирғиз Республикаси Иқтисодиёт ва савдо вазирлиги ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорликда амалга оширилади. Бу ишлардан кўзланган мақсад иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича молиялаштиришдаги тўсиқларни бартараф этиш ва молия секторининг “яшил” ўзгариш жараёнини тезлаштиришга қаратилган. Лойиҳа доирасида ҳар бир мамлакатда камида икки тижорат банки учун “яшил” молиялаштириш механизмлари ишлаб чиқилиб, жами 50 миллион АҚШ доллари миқдорида барқарор молиялаштиришни сафарбар этиш режалаштирилган.
–Буюк Британия Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматлари, шунингдек, GIZ ва GGGI билан ушбу муҳим ташаббус доирасида ҳамкорлик қилаётганидан мамнун. Иқлимга оид молияни жалб этиш мослашув, барқарорликни мустаҳкамлаш ва олдиндан чора кўриш имконини бериб, мамлакатларга иқлим хавфларини камайтириш ҳамда аҳолининг барқарор турмуш даражасини таъминлашга ёрдам беради. Буюк Британия ушбу ташаббус орқали минтақанинг барқарор ўсишига ҳисса қўшaётганидан фахрланади, – деди Буюк Британиянинг Марказий Осиё бўйича Ташқи ишлар ва халқаро тараққиёт вазирлиги (FCDO) ривожланиш бўйича директори Сара Купер.
Тадбирда қайд этилганидек, лойиҳа доирасида ҳар икки мамлакатдаги иқлим молиясининг ҳозирги ҳолати таҳлил қилинади. “Яшил” молиялаштиришга бўлган талаб ва мавжуд молиявий маҳсулотлар, имкониятлар баҳоланади. Фермерлар, корхоналар ва молия институтлари дуч келаётган тўсиқлар аниқланиб, уларни бартараф этиш бўйича амалий тавсиялар ишлаб чиқилади. Бу тавсиялар эса иқлим молиясига кириш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг “Яшил” иқтисодиётни ривожлантириш департаменти раҳбари Шаҳзод Исломовнинг сўзларига кўра, иқлим молиясини ривожлантириш ва “яшил” сиёсатга оид жамоатчилик хабардорлигини ошириш муҳим ҳисобланади.
–Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг барқарор ва паст углеродли иқтисодиёт сари йўли устувор йўналишлардан биридир. Маҳаллий банкларнинг “яшил” облигациялар чиқариш тажрибаси ижобий натижалар берганини инобатга олган ҳолда, бу амалиётни кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга. Халқаро ҳамкорлар билан биргаликда биз углерод нейтраллиги, яшил таксономия ва иқлим молиясини жалб этиш бўйича узоқ муддатли стратегиялар ишлаб чиқмоқдамиз. Бу эса энергия самарадорлигини ошириш, декарбонизация ва иқтисодиётнинг асосий тармоқларини модернизация қилишга хизмат қилади, – деди у.

Лойиҳа Жаҳон яшил ривожланиш институти (GGGI) томонидан амалга оширилади ва уни Буюк Британия ҳукумати молиялаштирган Кичик грантлар ва иқлим инновациялари жамғармаcи (SGCIF) қўллаб-қувватлайди. Бу жамғарма Германия ҳукумати топшириғига биноан GIZ томонидан амалга оширилаётган “Марказий Осиёда иқлим хавфларини бошқариш” минтақавий дастурининг бир қисми ҳисобланади.
Семинарда давомида GIZ ва GGGI вакиллари Кичик грантлар ва иқлим инновациялари механизми (SGCIF) ҳамда “Марказий Осиёда иқлим молиясидаги тўсиқларни бартараф этиш” лойиҳаси ҳақида тақдимот қилди.
Тадбир якунида ҳамкорлик тўғрисидаги битимларни имзолаш маросими ўтказилди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА