Японияда Ўзбекистон маҳсулотлари кўргазмаси (+видео)
Япония пойтахти Токиода “Ўзбекистон маҳсулотлари” савдо ярмаркаси доирасида мамлакатимизда етиштирилган энг сара мева-сабзавотлар, қайта ишланган, қуритилган ва сублимация қилинган маҳсулотлар, қуруқ мевалар намойиш этилди. Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан ташкил этиб келинаётган “Ўзбекистон маҳсулотлари” ярмаркаси кўплаб давлатларда меҳмон бўлиб, йирик экспорт шартномалари имзоланишига асос бўлмоқда.
2025 йил экспорт географиямиздан Буюк Британия, Швеция, Бирлашган Араб Амирликлари, Жанубий Корея, Мўғулистон, Покистон, Саудия Арабистони, Сингапур каби давлатлар жой олган бўлса, улар сафига энди Япония ҳам қўшилди.
Анъанага мувофиқ, 2 тоннага яқин маҳсулот энг гавжум cавдо марказида намойиш этилди. Сархил мева-сабзавотлардан анор, хурмо, узум, помидор, лимон, қайта ишланган маҳсулотлардан эса қуритилган ва сублимация қилинган қовун, олхўри, олча, олма каби мева ва полизлар маҳаллий истеъмолчиларнинг эътиборига сазовор бўлди.
- Биз айланган бозорларда ва йирик савдо тармоқларида замонавий қадоқ ва қулай қилинган, ҳар бир мевани алоҳида ўралганини, экологик тоза эканлигини кўриб ҳайратимиз ошди, - дейди тадбиркор Ёрқин Иномов. – Биз буни ўзимизда қилсак ҳам бўлади. Шуни билдимки, янгича қадоқда, кичикроқ ҳажмда қадоқлашимиз керак экан.
Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари намойиши ижтимоий тармоқларда ҳам диққат марказида бўлди. Кўргазма доирасида Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ҳамда Япониянинг Қишлоқ хўжалиги, ўрмончилик ва балиқчилик вазирлиги, JICA ташкилоти билан ҳамкорликда муҳим учрашув бўлиб ўтди. Мулоқотда фитосанитар хавфсизлик, лаборатория диагностикаси ва халқаро стандартларга мос назорат тизимларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Маълумот учун, бугунги кунда Японияга 70 турдаги мева-сабзавот маҳсулотларини фитосанитар сертификат асосида экспорт қилиш имкони мавжуд.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/-VFiz8I3Woc" title="Yaponiyada O‘zbekiston mahsulotlari ko‘rgazmasi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА