General Motors: Ўзбекистон дунёдаги иккинчи йирик “Chevrolet” бозори
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Америка Қўшма Штатларига расмий ташрифи доирасида АҚШнинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди. Мулоқотлар давомида саноат ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, “General Motors” компанияси глобал ижрочи директори Шилпан Амин Ўзбекистоннинг корпорация стратегиясидаги алоҳида ўрнини таъкидлади:
– Ўзбекистон “General Motors” учун муҳим стратегик ҳамкор ҳисобланади. Бошқача айтганда, республика бизнинг дунёдаги иккинчи йирик “Chevrolet” бозоримиздир. Биз 20 йилдан буён ўзбек жамиятининг бир бўлаги эканлигимиздан мамнунмиз. Мамлакатда “Chevrolet” автомобиллари оммалашиб бораётганидан фахрланамиз. Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё минтақаси билан ҳамкорликни янада ривожлантириш ниятимиз эса қатъий.
“General Motors” ва Ўзбекистоннинг автомобилсозлик соҳасидаги шериклиги муваффақиятли саноат ҳамкорлиги рамзи бўлиб қолмоқда. Шу нуқтаи назардан ишлаб чиқариш қувватини такомиллаштириш, янги модель ва технологияларни жорий этиш бўйича қўшма лойиҳалар “Chevrolet” брендининг минтақавий бозордаги мавқеини янада мустаҳкамлашга қаратилган.
Абдуазиз Хидиров, ЎзА