2024 йил 5 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига гиёҳвандлик воситаларининг, улар аналогларининг ёки психотроп моддаларнинг, шунингдек кучли таъсир қилувчи ва заҳарли моддаларнинг қонунга хилоф муомаласига қарши курашишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун билан кучли таъсир қилувчи ва заҳарли моддаларнинг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарликни назарда тутувчи нормалари такомиллаштирилди.
Бироқ, ушбу нормаларни амалда қўллаш билан боғлиқ суд-тергов амалиётининг таҳлили, бу борада ўз ечимини кутаётган муаммолар мавжудлигини кўрсатган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази бўлим бошлиғи Мирсаид Ҳайдаров ана шу муаммолар ечимига қаратилган таклифлар билдирди:
– Маълумки, Жиноят кодексининг 251-1-моддаси 6-қисмида гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни ишлаб чиқариш, олиш, сақлаш, ҳисобга олиш, бериш, ташиш ёхуд жўнатиш қоидаларини бузиш, агар бу эҳтиётсизлик орқасида уларнинг ўғирланишига ёки бошқа тарзда жиддий зарар етказилишига олиб келган бўлса, жиноий жавобгарлик белгиланган.
Мазкур нормани амалда қўллашда юзага келиши мумкин бўлган муаммолардан бири – бу ушбу жиноят учун жиноий жавобгарлик шарти сифатида белгиланган “бошқа тарздаги жиддий зарар” кўринишидаги оқибатнинг турлича тушунилиши ҳисобланади.
Ўз навбатида, таъкидлаш лозимки, “бошқа тарздаги жиддий зарар” кўринишидаги оқибат ҳар бир иш ҳолатидан келиб чиққан ҳолда баҳоланиши талаб этилади. Одамларнинг оммавий равишда касалланиши, атроф-муҳитнинг ифлосланиши, кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддалар, мулк объектларининг йўқ қилиниши ва бошқалар жиддий зарар, деб ҳисобланиши мумкин.
Олий суд пленумининг 2021 йил 27 ноябрдаги “Кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш билан боғлиқ жиноят ишлари бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарорининг 21-бандида таъкидланишича, кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни ишлаб чиқариш, олиш, сақлаш, ҳисобга олиш, бериш, ташиш ёхуд жўнатиш қоидаларини бузиш эҳтиётсизлик орқасида баданга шикаст етказилиши ёки одам ўлимига олиб келса, айбдорнинг ҳаракатлари Жиноят кодекси 251-1-моддаси 6-қисми билан қамраб олинади.
Бундан кўриниб турибдики, Олий суд пленуми қарорида баданга шикаст етказилиши ёки одам ўлими “жиддий зарар” сифатида баҳоланган.
Мазкур тушунтириш мазмунига қўшилган ҳолда таъкидлаш лозимки, ушбу ҳолатда шахснинг қилмишида иккита, яъни Жиноят кодекси 251-1-моддаси 6-қисми ва 102-моддаси 1-қисми (эҳтиётсизлик орқасида одам ўлдириш) ёки 111-модда (эҳтиётсизлик орқасида баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказиш)да назарда тутилган жиноят таркиби мавжуд бўлади.
Бунда умумий ва махсус жиноят-ҳуқуқий нормалар рақобати юзага келади.
Шу ўринда таъкидлаш ўринлики, умумий нормалар деганда, муайян қилмишлар учун жавобгарликни назарда тутувчи нормани тушуниш лозим.
Қонунда умумий норма жиноятнинг турдош таркиби, яъни бир турдаги ижтимоий муносабатлар гуруҳини, махсус норма эса турдош муносабатларнинг алоҳида битта турини ҳимоя қилади.
Махсус норма умумий нормадаги жиноят таркибининг белгилари билан бирга ўз белгисига эга бўлади. Унда умумий нормага нисбатан жиноят белгиларининг умумлашиш ва тўлиқлик даражаси юқори бўлади.
Яъни, юқоридаги мисолда Жиноят кодексининг 102-моддасида кўрсатилган эҳтиётсизлик орқасидан одам ўлдириш жинояти эҳтиётсизлик орқасидан одам ўлиши билан боғлиқ ҳамма жиноятлар учун умумий норма ҳисобланса, Жиноят кодекси 251-1-моддасининг 6-қисми махсус норма ҳисобланади.
Демак, умумий ва махсус жиноят-ҳуқуқий нормалар рақобати – жиноятнинг турдош қилмишлари учун жавобгарликни назарда тутувчи умумий нормада, жиноят таркибининг бирор белгиси хусусиятларига кўра қонун чиқарувчи томонидан мазкур нормадан ажратилган қилмиш учун алоҳида моддада жавобгарлик назарда тутилган махсус норманинг аломатлари мавжудлиги бўлиб, квалификацияда махсус нормага устунлик берилади.
Бу борада Олий суд пленумининг 2008 йил 15 майдаги “Бир неча жиноят содир этилганда қилмишни квалификация қилишга доир масалалар тўғрисидаги” қарорининг 8-бандида “қилмиш Жиноят кодексининг бир неча моддаларида кўрсатилган объектга нисбатан содир этилганда (умумий ва махсус норма рақобати) жиноятлар мажмуи мавжуд бўлмайди ва у махсус норма бўйича квалификация қилиниши лозим”лиги таъкидланган.
Шу ўринда асосли савол туғилади: агар кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни ишлаб чиқариш, олиш, сақлаш, ҳисобга олиш, бериш, ташиш ёхуд жўнатиш қоидаларини бузиш эҳтиётсизлик орқасида икки ёки ундан ортиқ шахснинг ўлимига олиб келган тақдирда, қилмиш Жиноят кодексининг 251-1-моддаси 6-қисми билан қамраб олинадими?
Ушбу саволга жавоб топиш учун қилмишни умумий ва махсус нормалар рақобати мавжудлигида квалификация қилишдаги алоҳида ҳолат (рақобатга киришувчи нормаларнинг санкциялари)га эътибор қаратиш лозим.
Мазкур масалада Олий суд пленумининг 1996 йил 27 февралдаги “Қонунга хилоф равишда қуролга эгалик қилиш тўғрисидаги ишлар бўйича суд амалиёти ҳақида”ги қарорининг 7-банди иккинчи хатбошисида таъкидланган аналогик тушунтириш мазмунига кўра, умумий ва махсус нормалар рақобатида агар умумий норма санкциясида махсус норма санкциясидан оғирроқ жазо назарда тутилган бўлса, у ҳолда шахснинг қилмиши ҳар иккала модда билан жиноятлар мажмуи сифатида квалификация қилиниши лозим.
Маълумки, Жиноят кодекси 102-моддаси 2-қисми санкциясида икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазолари назарда тутилган бўлиб, 251-1-модда 6-қисми санкцияси (базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш)га нисбатан оғирроқ ҳисобланади.
Юқоридаги таҳлиллардан хулоса қилиш мумкинки, кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни ишлаб чиқариш, олиш, сақлаш, ҳисобга олиш, бериш, ташиш ёхуд жўнатиш қоидаларини бузиш эҳтиётсизлик орқасида икки ёки ундан ортиқ шахснинг ўлимига олиб келган тақдирда, қилмиш Жиноят кодексининг 251-1-моддаси 6-қисми ва 102-моддаси 2-қисми билан жиноятлар мажмуи сифатида квалификация қилиниши лозим.
Н.Абдураимова,
ЎзА