Сўнгги йилларда Қатар амирлиги Ўзбекистоннинг Яқин Шарқ минтақасидаги ишончли ҳамкорларидан бирига айланмоқда. Мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар шиддат билан ривожланмоқда. Бу айниқса мунтазам самимий сиёсий мулоқотнинг ўрнатилганлигида яққол акс этиб турибди.
Жумладан, биргина 2023 йилнинг ўзида Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний Ўзбекистон Республикасига 2 марта олий даражадаги ташрифларни амалга оширди. Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳам ўша йилнинг ўзида Қатар амирлигида давлат ташрифи билан бўлди.
Бўлиб ўтган саммитлар ўзининг юқори самарадорлиги ва сермазмунлиги билан ажралиб турди. Буни имзоланган иккитомонлама хужжатлардаги қайд этилган режаларнинг миқёсида кўрса бўлади.
Масалан, 12 миллиард доллар миқдордаги 24 та келишувларга эришилди. Шартномалар икки томон учун манфаатли бўлган барча стратегик йўналишларни қамраб олди.
Энг муҳими, юқоридаги олий даражадаги учрашувларда эришилган келишувлар Қатар-Ўзбекистон муносабатларининг узоқ йиллик динамикасини олдиндан белгилаб берди.
Натижада бугунги кунда икки давлат ўртасидаги алоқалар ўзгача руҳ ва кўлам касб этиб бормоқда. Бу айниқса 2025 йили Ўзбекистон-Қатар Стратегик ҳамкорлик битимининг ратификация қилинишида яққол акс этади.
Қолаверса, Стратегик ҳамкорлик мақомидаги муносабатлар учун ҳамоҳанг бўлган институционал тузилмалар шакллантирилмоқда. Биргина ташқи ишлар вазирлари етакчилик қилувчи Мувофиқлаштирувчи кенгаш каби механизмнинг жорий этилганлиги бунга ёрқин мисол бўла олади.
Шу ўринда жорий йилнинг август ойида Доҳа шаҳрида бўлиб ўтган Стратегик ҳамкорлик бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг биринчи йиғилиши икки томонлама муносабатлар ривожида яна бир муҳим қадам бўлганлигини таъкидлаб ўтиш лозим.
Яқин кунларда кутилаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Доҳа шаҳрига бўладиган навбатдаги ташрифи эса
икки давлат муносабатларининг янги тарихи учун ёрқин саҳифа бўлиб муҳрланиши кутилмоқда.
Сабаби олиб борилган кўп йиллик музокаралар ва турли даражадаги учрашувлар томонлар стратегик мақсадларининг уйғунлиги ва кейинги иқтисодий тараққиёт йўлларининг кесишганлигини кўрсатмоқда.
Жумладан, “Янги Ўзбекистон – 2030” ва “Қатар – 2030” миллий ривожланиш дастурларининг туб моҳиятида бир-бирига ҳамоҳанг бўлган тараққийпарвар ва элпарвар режалар ётибди.
Яъни, икки давлат раҳбарияти ҳам ташқи иқтисодий алоқалар географиясини диверсификация қилиш ва янги технологияларни трансфер қилиш орқали иқтисоднинг янги моделига ўтиш каби ўхшаш интилишларга эга.
Асосий мақсад эса аҳоли фаровонлигини ошириш, давлат ва жамият ҳаётини тубдан ислоҳ қилиш бўлиб қолмоқда. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, Ўзбекистон ва Қатар бир-бирларига таянч бўлишлари мумкин.
Икки мамлакат учун ўзаро манфаатли бўлган иқтисодий йўналишларнинг таҳлили ҳам юқоридаги фикрларни тасдиқлайди.
Биринчидан, Ўзбекистон ва Қатар ташқи савдо структураси бир-бирини тўлдириш ҳусусиятига эга. Шу билан бирга икки давлатнинг бугунги кундаги ўзаро маҳсулот айирбошлаш ҳажми савдо алоқаларини ривожлантиришда улкан имкониятлар сақланиб қолаётганлигини кўрсатмоқда.
Зеро, Қатар амирлигининг 2024 йилда ташқи дунё билан савдо ҳажми 130 миллиард долларни ташкил этган бўлса, Ўзбекистондаги мазкур кўрсаткич 66 миллиард долларга тенг.
Қолаверса, икки давлат бир-бирлари учун йирик истеъмол бозори сифатида муҳимдирлар. Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг йирик демографик кўрсаткичларга эга (40 миллионга яқин аҳоли).
Аҳолининг таркибий қисмида ёшлар мутлақ кўпчиликни ташкил этади. Яьни иқтисодий фаол аҳолининг сони катта. Улар истеъмол эҳтиёжлари юқорилиги билан бошқа ёш гуруҳлардан сезиларли равишда фарқ қилишади.
Қатар эса унчалик йирик бўлмаган 3 миллионга яқин аҳолига эга бўлса ҳам, аҳоли ҳарид қобилияти юқорилиги билан бошқа давлатлардан ажралиб туради.
Масалан, турли рейтинг агентликлари аҳоли жон бошига ҳисоблаганда Қатар йиллик Ялпи ички маҳсулотини 70 минг доллардан 100 минг долларгача баҳолашмоқда. Бу дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан бири.
Шу нуқтаи назардан Қатар амирлиги Ўзбекистон экспорти учун муҳим йўналишлардан бирига айланиши мумкин. Айниқса, рангли металлар, электротехника буюмлари ҳамда озиқ-овқат, текстил ва ювелир маҳсулотларини етказиш йўналишларида Ўзбекистон имкониятлари катта.
Ўз навбатида Ўзбекистон Қатар учун муҳим стратегик йўналиш – озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда таянч давлатлардан бирига
айланиши мумкин.
Шу ўринда 2026 йилда Доҳа шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган «Made in Uzbekistan» Ўзбекистон экспорт потенциали тақдимот тадбирининг аҳамияти ниҳоятда баланд эканлигини таъкидлаб ўтиш лозим. Қолаверса, томонлар ўзаро имтиёзли савдо тизимини жорий этишни муҳокама қилишмоқда.
Иккинчидан, Қатар энергетика соҳасида йирик имкониятларга эга давлат. Бу, бир томондан, мамлакатнинг газ заҳиралари бўйича дунёдаги учинчи, нефть заҳиралари бўйича ўн учинчи давлат эканлиги билан ўлчанади.
Бошқа томондан, Амирлик нефть ва газ ресурсларини излаш геологик қидирув ва энергетик саноатни ривожлантириш бўйича узоқ йиллик бой тажрибага эга.
Шунинг учун ҳам мазкур йўналишда Қатар Ўзбекистон учун муҳим ҳамкор бўлиши мумкин. Зеро, “Янги Ўзбекистон – 2030” тараққиёт дастурида аҳолининг энергетик хавфсизлигини кафолатлаш энг устувор йўналишлардан бири сифатида кўрсатилган.
Яъни, Амирлик Ўзбекистон энергетика тизимини ислоҳ этишда, унинг самарадорлигини оширишда ва энергетика ишлаб чиқариш йўналишларини диверсификация қилишда ишончли шерик бўлиши мумкин.
Учинчидан, Қатар инвестицион имкониятлари юқори бўлган давлатлар сирасига киради. Амирликка тегишли етакчи фонд – Қатар инвестиция бошқармаси (ҚИБ) тасарруфи остида 500 миллиард долларга яқин
маблағ мавжуд.
Қолаверса, 2021 йилдан ҚИБ инвестицион сиёсатида ўзгаришлар юз берди. Шу давргача фонд сармоялари АҚШ ва Европа бозорларига йўналтирилган бўлса, эндиликда ҚИБ ўз фаолиятини Осиё қитъасининг ривожланаётган мамлакатларида кучайтирмоқда. Шу мақсадларда 2021 йилдан ҚИБнинг Сингапурдаги мувофиқлаштирувчи офиси ўз фаолиятини бошлади.
Ўзбекистон ҳам ҚИБ қизиқиш доирасидан жой эгаллаган давлатлардан бирига айланмоқда. Ҳозирги кунда Ўзбекистон инфраструктуравий ривожланиш, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва ишлаб чиқариш соҳаларига Қатар инвестицияларини жалб этиш бўйича жадал музокаралар олиб борилмоқда.
Мазкур йўналишларда бир қанча Қатарнинг етакчи компанияларини Ўзбекистон бозорига кириб келиши режалаштирилган.
Масалан, ҳозирги кунда Qatar Pharma билан ҳамкорликда фармацевтика ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, электр автобуслари ишлаб чиқариш заводини қуриш, Qatar Mining ва Petro White билан минерал қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳасида ҳамкорлик қилиш ҳамда Ariane Real Estate ва Al Mana Group иштирокида инновацион шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш каби йўналишлар муҳокама марказида турибди.
Шундай қилиб, юқоридагиларнинг барчаси Ўзбекистон Қатар ташқи иқтисодий фаолияти учун жозибадор йўналишга айланганлигини кўрсатмоқда. Яъни, Ўзбекистон Қатар компаниялари учун йирик иқтисодий синов майдонига айланмоқда, ундаги муваффақият Қатар учун ўз фаолиятини Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида ҳам кучайтиришга замин ҳозирлайди.
Бундан Ўзбекистон ҳам манфаатдор. Қатар капитали фаолияти мамлакат тараққиёт стратегиясидаги мақсадлар билан ҳамоҳанг. Шунинг учун ҳам режалаштирилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Доҳа шаҳрига ташрифи ҳар қачонгидан сермазмун бўлиши кутилмоқда. Навбатдаги олий даражадаги саммит юқорида кўрилаётган барча истиқболли лойиҳаларда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.
Азиз Каримов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти етакчи илмий ҳодими