2025 йил 30 октябрда “Стратегик режалаштириш ва ривожланиш тизимини жорий этиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, 2025 йил 1 ноябрдан стратегик аҳамиятга эга ҳужжатларни ишлаб чиқиш, амалга ошириш, мониторинг қилиш ва баҳолашни ўз ичига олган стратегик режалаштириш ва ривожланиш тизими жорий этилади.
Стратегик режалаштириш ҳужжатларининг иерархияси қуйидаги тартибда белгиланади:
1-даражали ҳужжатлар концепциялар шаклида;
2-даражали ҳужжатлар стратегиялар шаклида;
3-даражали ҳужжатлар дастурлар (“йўл хариталари”, чора-тадбирлар режалари) шаклида қабул қилинади.
Бунда 1-даражали ҳужжатлар 7 йилдан ортиқ муддатга ишлаб чиқилади ва қоида тариқасида қонунлар билан тасдиқланади. 2-даражали ҳужжатлар 4 йилдан 7 йилгача бўлган муддатга ишлаб чиқилади ва Президент ҳужжатлари билан тасдиқланади.
3-даражали ҳужжатлар 1 йилдан 3 йилгача бўлган муддатга ишлаб чиқилади ва Президент ҳужжатлари ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарорлари асосида тасдиқланади.
ЎзА