Шанхай шаҳридаги йирик савдо мажмуаларида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бағишланган тарғибот тадбирлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Тадбирлар Хитой Истеъмолчилар ассоциацияси кўмагида ташкил этилиб, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, истеъмолчиларга ўз ҳуқуқларини билиш ва улардан тўғри фойдаланиш кўникмаларини беришга қаратилган.
Тадбирлар давомида фуқароларга товар ва хизматлар сифати, кафолатлар, сифатсиз маҳсулотлар билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш тартиби ҳамда шикоят билдириш йўллари ҳақида амалий тушунчалар берилмоқда.
Шунингдек, иштирокчилар сохта маҳсулотлардан ҳимояланиш, хавфсиз товарларни танлаш ва истеъмолчи сифатида ўз манфаатларини қонуний ҳимоя қилиш бўйича маслаҳатлар олишмоқда.
Тарғибот ишлари маъруза, тренинг, мастер-класс ва индивидуал консультациялар шаклида ўтказилмоқда.

Савдо мажмуаларида фаолият юритаётган ходимлар учун эса маҳсулот сифати ва хавфсизлик стандартларини таъминлашга оид махсус ўқув машғулотлари ташкил этилган.
Бундан ташқари, истеъмолчи ҳуқуқларига оид фойдали маълумотлар савдо марказларида жойлаштирилган ахборот стендлари, реклама баннерлари ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали кенг тарғиб қилинмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу каби тадбирлар аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш билан бирга, ишлаб чиқарувчилар ва мижозлар ўртасида ишончли ҳамкорликни мустаҳкамлаб, иқтисодий ривожланишга ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Ҳамроз Баянов, ЎзА