Ҳар йили 31-октабр бутун дунё бўйлаб Бутунжаҳон жамғариш куни (World Savings Day) сифатида кенг нишонланади. Бу сана илк бор 1924-йилда Италия, Милан шаҳрида ўтказилган халқаро омонат банклари конгрессида эълон қилинган бўлиб, 1989-йилдан бошлаб Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан расман тан олинган. Ушбу куннинг асосий мақсади — инсонларни пулни оқилона бошқаришга, тежамкорлик ва жамғариш маданиятига ўргатишдан иборат.
Ўзбекистонда эса 2019-йилдан буён Марказий банк ташаббуси билан ушбу кун доирасида аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш, жамғариш кўникмаларини шакллантириш ва рақамли молия бўйича билимларини кенгайтиришга қаратилган турли тадбир ва лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда.

“Ўзмиллийбанк” АЖ ҳам ушбу ташаббусларда фаол иштирок этиб, ҳар йили республика бўйлаб мактаблар ва олий таълим муассасаларида молиявий саводхонлик дарслари, ўқув машғулотлари ҳамда маҳорат дарсларини ташкил этиб келмоқда.
Хусусан, жорий йил октябр ойида “Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан Самарқанд вилоятидаги 7 та мактабда 150 нафардан ортиқ ўқувчи учун “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди. Тадбир давомида ўқувчилар банк тизими амалиёти, пул жамғаришнинг аҳамияти ҳамда рақамли молиявий хизматлар билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдилар.

Шунингдек, Тошкент шаҳри, Жиззах, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасидаги 8 та мактабда ўтказилган интерфаол машғулотлар орқали 350 нафардан ортиқ ўқувчи қамраб олинди.
Ўзбекистон Миллий банки ёшлар орасида молиявий саводхонликни кенг тарғиб этиш мақсадида Тошкент шаҳридаги Шарқшунослик институтида ҳам талабаларга мўлжалланган маҳорат дарсини ўтказди. Ушбу тадбир доирасида талабаларга шахсий молия бошқаруви, банк тизими фаолияти ва банк маҳсулотлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Бу ташаббуслар билимга чанқоқ, молия соҳаси билан қизиқувчи ёшлар учун амалий тажриба орттириш имконини яратди.

Жамғариш — бу шунчаки пул йиғиш эмас, балки масъулиятли ҳаёт тарзидир. У орзулар сари қўйилган кичик, аммо муҳим қадамдир. Фавқулодда ҳолатларга тайёр туриш, сифатли таълим олиш, ўз уйига эга бўлиш ёки кичик бизнесни бошлаш — буларнинг барчаси учун жамғарма зарур.
Пулни тўғри сарфлаш, тежаш ва ундан оқилона фойдаланиш ҳар кимдан билим, кўникма ҳамда сабр талаб этади. Айниқса, бугунги тез ўзгараётган иқтисодий шароитда молиявий саводхонлик ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Ҳар бир харид, қарз ёки сармоя — инсоннинг келажагига бевосита таъсир кўрсатади. Шу сабабли ҳар бир молиявий қарор — онгли ёндашувни талаб қилади.

Маълумот учун, замонавий технологиялар ҳаётимизни янада қулай қилмоқда. Биргина телефон орқали банк ҳисоби юритиш, омонат очиш, харажатларни назорат қилиш ва турли молиявий хизматлардан фойдаланиш мумкин.
Бироқ бу имкониятлардан хавфсиз ва самарали фойдаланиш учун рақамли молиявий саводхонлик зарур. Ушбу билимлар нафақат тўғри жамғариш, балки шахсий молиявий хавфсизликни таъминлаш, инвестиция қилиш ҳамда мустақил молиявий қарорлар қабул қилиш имконини беради.