БугунТошкентда мамлакатимиз Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Финляндия Шарқ савдо палатаси (EastCham Finland) ҳамкорлигида Ўзбекистон – Финляндия бизнес-форуми бўлиб ўтди. Тадбирда Финляндия Республикаси Президенти Александр Стубб, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев, тегишли вазирлик, идоралар раҳбарлари, шунингдек икки мамлакатнинг 100 дан зиёд компаниялари вакиллари иштирок этди.
Савдо-иқтисодий, инвестицион ва саноат соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилиш учун муҳим платформага айланган анжуман давомида томонлар ўзаро савдо ҳажми сезиларли ўсганини қайд этдилар. Сўнгги етти йил ичида товар айирбошлаш миқдори беш баробардан кўп ошган. Шунингдек, Европа Иттифоқи билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорликтўғрисидаги битим имзоланиши Ўзбекистон– Финляндия ҳамкорлигини ЕИ ҳудудида ривожлантириш учун янги имкониятлар очиб бериши таъкидланди.
[gallery-26024]
Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев ўз нутқида юртимизда амалга оширилаётган инвесторлар учун қулай шароит яратиш ва иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини оширишга қаратилган изчил ислоҳотлар хусусида батафсил маълумот берди. Айниқса, ноёб минераллар, “яшил” энергетика, рақамлаштириш, саноат қурилиши ва озиқ-овқат саноати соҳаларидаги қўшма лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди.
Форум якунида ҳамкорликнинг кенг йўналишларини қамраб олган 14 та ҳужжат имзоланди. Ушбу келишувлар қишлоқ хўжалиги ва агросаноат мажмуаси, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, кончилик ва геология, экология ва чиқиндини бошқариш, сув ресурслари, энергетика, фармацевтика, қурилиш, туризм ва инновацион технологияларни жорий этиш соҳаларини қамраб олган. Имзоланган ҳужжатлар Ўзбекистон ва Финляндия ўртасидаги иқтисодий шерикликни мустаҳкамлаш ҳамда ўзаро алоқалар барқарор ривожланишига хизмат қиладиган қўшма инвестицион ва инновацион лойиҳалар амалга ошириш учун мустаҳкам замин яратади.
Муҳаррама Пирматова, Рустам Назарматов (сурат), ЎзА