Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш ва халқаро мажбуриятларни бажариш, шунингдек, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини ошириш ҳамда уларнинг малакали юридик ёрдам олишга бўлган ҳуқуқлари кафолатларини кучайтириш ҳам доимий эътиборда.
Сенат ялпи мажлисида муҳокама қилинган “Кам таъминланган шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун юқоридаги ишларнинг мантиқий давоми сифатида ишлаб чиқилган.
Конституциянинг 55-моддасида ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли экани белгиланган.

Лекин, кам таъминланган шахслар Конституциявий судга мурожаат қилганда уларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш амалдаги қонунда ўз аксини топмаган.
Қонун тўлиқ ёки қисман давлат ҳисобидан кўрсатиладиган, жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган малакали юридик ёрдам кўрсатишни янада такомиллаштиришни назарда тутади.
Жумладан, Конституциявий суд шикоят билан мурожаат этган фуқаронинг илтимосига кўра, “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатнинг иштирок этишини таъминлаш чораларини кўради. Кам таъминланган шахслар, агар улар муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисида Конституциявий судга мурожаат этса, улар давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Сенаторлар маъқуллаган қонун Конституциянинг 55-моддасида белгиланган – ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли деган норманинг ижро қилинишига хизмат қилади. Фуқароларнинг бузилган конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш юзасидан Конституциявий судга мурожаат қилиш имкониятининг кенгайишига замин яратади.
Н.Абдураимова,
А.Мамадаминов (сурат), ЎзА