Мамлакатимизда иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш, хусусий сектор улушини ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай инвестициявий муҳитни яратиш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бўш турган ва самарасиз фойдаланилаётган объектлар, шу жумладан, давлат иштирокидаги корхоналарнинг носоҳавий активларини хусусий секторга беришни жадаллаштириш мақсадида жараёнлар соддалаштирилмоқда, бу борадаги тўсиқлар бартараф этилмоқда.

Шу жараёнда амалдаги қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш зарурати юзага келган. Шу мақсадда ишлаб чиқилган “Давлат мулкини хусусийлаштириш соҳаси такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун Сенат ялпи мажлисида кўриб чиқилди.
Қонун билан 13 қонунга ҳамда Ер ва Солиқ кодексларига давлат активларини хусусийлаштириш ҳамда ижарага беришни соддалаштириш, соҳада тадбиркорлар учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Қонунда давлат мулки сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган бўш ер участкаларига нисбатан туман (шаҳар) ҳокимликларининг қарздорликлари бўйича тақиқлар татбиқ этилмаслиги белгиланган. Ушбу ер участкалари аукцион савдоларида сотилганида харидорларга тўсиқларсиз расмийлаштириб берилиши, ер солиғи ва мол-мулк солиғини давлат кўчмас мулк объектларини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олган харидорлар томонидан мазкур объектлар учун тўланган маблағларга пропорционал равишда ҳисоблаш каби ўзгартиришлар ҳам назарда тутилган.
Ер кодексининг 9-моддасига киритилаётган қўшимчага асосан эндиликда халқаро аҳамиятга молик автомобиль йўллари бўйида замонавий хизмат кўрсатиш мажмуалари ва сервис объектлари, жумладан, савдо-кўнгилочар марказларини мастер-режа асосида жойлаштириш бўйича бўш турган ер участкалари электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилади.

Сенаторлар маъқуллаган қонун давлат мулкини хусусийлаштириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш орқали хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш ва иқтисодиётда хусусий мулкнинг улушини янада ошириш имкониятини яратади.
Н.Абдураимова,
А.Мамадаминов (сурат), ЎзА