Сенат ялпи мажлисида ёқилғи-энергетика ресурслари билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масаласига эътибор қаратилди.
“Ёқилғи-энергетика соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш чоралари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун муҳокамаси жараёнида ушбу соҳада таъсирчан давлат назоратини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди.

Ёқилғи-энергетика ресурслари билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича тегишли чоралар кўриш, электр ва иссиқлик энергиясини беҳуда сарфлаш, газдан ёқилғи ёки хомашё сифатида фойдаланишга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликка тортиш чораларини такомиллаштириш лозимлиги таъкидланди.
Қонун билан Жиноят кодексида электр, иссиқлик энергияси, газ ва сув ўтказгичдан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жазо чоралари кучайтирилади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги ноаниқликларни бартараф этиш, якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан ёқилғи-энергетика ресурсларидан фойдаланишдаги ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олишга ҳамда бундай қоидабузарликлар учун жазо чораларининг таъсирчанлигини оширишга қаратилган ўзгартиришлар киритилмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган қонун ёқилғи-энергетика ресурслари билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда иқтисод қилинган энергия ресурсларини саноатнинг бошқа тармоқларига йўналтириш, қолаверса, уларнинг экспортини ошириб, импорт улушини камайтиришга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, А.Мамадаминов (сурат), ЎзА