Сенат ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирмоқда. Мажлисни кириш сўзи билан очган Сенат Раиси Танзила Норбоева шу кунларда дунё нигоҳи яна Ўзбекистонда эканига эътибор қаратди.
– Самарқандда куни кеча Президентимиз иштирокида ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-тарихий сессияси очилди, – деди Т.Норбоева. –Тарихийлиги шундаки, сессия 40 йил ичида биринчи марта ташкилотнинг Париждаги қароргоҳидан ташқарида ўтказилмоқда. Бу ҳам бўлса глобал миқёсда Ўзбекистонга бўлган юксак ишонч ортаётгани ва, албатта, эътироф намунасидир.
Ўтган ойда глобал миқёсдаги яна бир муҳим анжуман – БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев жаҳон ҳамжамиятининг бош минбаридан туриб, юртимизда Барқарор ривожланиш мақсадларига ҳамоҳанг тарзда олиб борилаётган ортга қайтмас ислоҳотлар мазмуни, суръати, ютуқларимиз, мақсад ва вазифаларимиз ҳақида тўхталди. Минтақа ва глобал кун тартибидаги долзарб масалаларга нисбатан мамлакатимиз муносабати аниқ-равшан баён этилди. Тараққиётга хизмат қилувчи муҳим таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.

Ўзбекистонда Бутунжаҳон профессионал таълим саммитини ўтказиш, Марказий Осиё мамлакатларининг минтақавий шериклик ва иқтисодий интеграцияни чуқурлаштиришга қаратилган ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга доир резолюциясини қабул қилиш, Афғонистон орқали халқаро транспорт ва энергетика коридорларини ривожлантириш бўйича БМТ резолюциясини қабул қилиш, “Барқарор ривожланиш мақсадлари учун ўзаро транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш” глобал механизмини жорий этиш, саноатда “яшил” технологиялар минтақавий хабини ташкил этиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, иқлим миграцияси масаласида халқаро шериклик ва мувофиқлаштирилган сиёсат юритиш бўйича Глобал пакт қабул қилиш, соғлиқни сақлаш, таълим ва маданият соҳаларида сунъий интеллектнинг амалий ечимлари ва моделларини беғараз алмашишга қаратилган Халқаро ҳамкорлик механизмини яратиш, “Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати”ни таъсис этиш ва унинг қароргоҳини Ўзбекистонда жойлаштириш кабилар шулар жумласидан.
Гендер сиёсатига алоҳида урғу берилиб, ижтимоий-сиёсий жабҳаларда, жумладан тадбиркорлик соҳасида хотин-қизларнинг роли бундан буён ҳам мустаҳкамланиши алоҳида таъкидланди. Шу маънода, минтақамиз миқёсида Осиё хотин-қизлар форумини доимий платформага айлантириб, мунтазам ўтказиб бориш муҳимлиги қайд этилди.
Мамлакатимиз 2030 йилга бориб “даромади ўртадан юқори” бўлган мамлакатлар қаторига киришни ўз олдига мақсад қилиб қўйгани алоҳида таъкидланди.
Бу жуда катта марра ва унга эришишда ички имкониятларни сафарбар этиш билан бирга халқаро ҳамжамият ва хорижий давлатлар билан ҳамкорликни янги поғонага олиб чиқиш ниҳоятда муҳим.
Шу маънода, давлатимиз раҳбарининг Бельгияга ташрифи ва Европа Иттифоқи етакчилари билан олий даражадаги учрашувлар, Европа етакчи компания ва молиявий тузилмалари раҳбарлари билан мулоқотлар, тузилган битимлар муҳим амалий аҳамиятга эга.
Президентимиз иштирокида Озарбайжоннинг Габала шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти саммити ҳамда Душанбе шаҳрида ўтказилган “Марказий Осиё – Россия” форматидаги иккинчи саммит ва МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишлари ҳам халқаро алоқаларимизда муҳим амалий аҳамиятга эга бўлди.
“Нуфузли минбарларда нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё, туркий дунё ва Ҳамдўстлик халқлари фаровонлигига хизмат қилувчи муҳим ташаббуслар илгари сурилгани барқарор ривожланиш йўлидаги саъй-ҳаракатларга муҳим туртки бўлиши шубҳасиз. Умуман олганда, Нью-Йорк, Брюссель, Габала ва Душанбедаги олий даражадаги мулоқотлар замирида миллий манфаатларимиз ётибди”, деди Сенат Раиси.
Норгул Абдураимова,
Алимурод Мамадаминов (сурат), ЎзА