Муаллиф маълум асарни яратар экан, унинг яратилишида энг қадрли неъмат бўлган умрини, шунингдек, куч-ғайрати, ақл-идрокини сарфлайди.
Йиллаб изланишлар ва қаттиқ меҳнат ортидан маънавий бойлик бўла оладиган асарлар дунёга келади. Ана шундай асарлар бутун жамиятга фойда келтиради. Табиийки, муаллиф ўзи яратган асаридан етарли даражада маънавий ва моддий манфаатдор бўлиши керак.
Муаллифлик ҳуқуқи фуқаролик ҳуқуқининг бир қисмидир. Улар фан, адабиёт ва санъат асарлари яратувчиларнинг ҳуқуқларини тартибга солади ва ҳимоя қилади. Муаллифлик ҳуқуқи фуқаролик ҳуқуқи институти сифатида кўриб чиқилади. Ҳозирда муаллифлик ҳуқуқи кўплаб халқаро конвенциялар билан ҳимоя қилинади.
Бугунги таҳлилий дастуримизда сўнгги вақтда ижодкорлар ўртасидаги муаллифлик ҳуқуқлари бузилиш ҳолатлари, суд жараёнлари, жарималар миқдори ва ижодкорларнинг ўзаро келишувларига нималар халақит бераётгани ҳақида суҳбатлашамиз.
Сўнгги муаллифлик ҳуқуқлари бузилган суд жараёнларини кузатган ҳолда, балки жарима миқдори камлиги “бузғунчи” муаллифларни унчалик ҳам ташвишга солмас, деган хулосага ҳам келдик. Маълумот сифатида хорижий давлатларда муаллифлик ҳуқуқларни бузганлик учун товон миқдорлари билан танишиб чиқдик. АҚШ да “Муаллифлик қонуни”га кўра, ушбу ҳуқуқбузарлик учун 750 АҚШ долларидан 30.000 АҚШ долларигача жарима, агар зарар етказиш давом этса 150.000 АҚШ доллари миқдоридаги жарима белгиланган. Канадада эса ушбу миқдор 500 дан 20.000 гача Канада долларини ташкил этади. Шунингдек, Сингапурда ушбу жарима миқдори бирмунча баланд бўлиб, 10.000 АҚШ долларидан 200.000 АҚШ долларигача бўлган миқдорда экан.
Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки қаҳрамонларимиз томонидан берилган таклиф, яъни хонандалар томонидан қўшиқлар телевидение, радио, интернет орқали оммалаштиришда шеър муаллифининг исм-шарифи ҳам кўрсатилиши ҳар томонлама манфаатли ва қонунчиликка риоя қилинган ҳолатда тақдим этилган ижод намунаси дейиш мумкин. Зеро, ўзгалар ижодига бўлган ҳурмат аввало, ўзимизга ҳурмат белгисини ифодалайди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/fCxcVzTJlJE" title="Mualliflik huquqlari "himoyasiz" emas!" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Турдалиева,
Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА