Тарих зарварақларидан тамаддунлар чорраҳаси, илм-фан ва маърифат бешиги сифатида ўрин олган Самарқанд заминида жаҳон ҳамжамиятининг энг нуфузли тузилмаларидан бири – ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси ўз ишини бошлади.
Мазкур нуфузли анжуманнинг қирқ йиллик танаффусдан сўнг илк бор Париждан ташқарида ўтказилиши – шунчаки тарихий воқеа эмас, бу – цивилизациялар мулоқоти, ўзаро ҳурмат ва умумий келажак учун ҳамкорликка бўлган эҳтиёжнинг ёрқин ифодасидир. Ана шундай юксак минбардан туриб Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жаҳон аҳлига йўллаган мурожаати Янги Ўзбекистоннинг бунёдкорлик сиёсати, унинг эзгулик ва инсонпарварлик тамойилларига содиқлигини яна бир бор намоён этган дастурий ҳужжат бўлди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқини Ўзбекистоннинг Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасида уйғунлик кўприги бўлишга ҳамиша тайёр эканини таъкидлашдан бошлади. Бу шунчаки чиройли ташбеҳ эмас, балки сўнгги йилларда амалга оширилаётган изчил ҳамкорликнинг амалий натижаларига асосланган қатъий позициядир. Президентимиз санаб ўтганидек, ЮНЕСКО билан биргаликда Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний, Амир Темур сингари буюк аждодларимиз юбилейларининг халқаро миқёсда нишонланиши, Зарафшон-Қорақум йўлагининг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилиши, “Шашмақом”, “Лазги”, бахшичилик санъати каби йигирмага яқин номоддий мерос намуналарининг дунё миқёсида эътироф этилиши – буларнинг барчаси Ўзбекистоннинг ўзини глобал маданий маконда фаол иштирокчи сифатида намоён этаётганидан далолат беради.
Нутқда бугунги куннинг энг долзарб масалаларига жавобан бешта стратегик йўналишда аниқ ва пухта ўйланган таклифлар илгари сурилди. Биринчи ва энг асосий йўналиш – таълим соҳасини қамраб олади. Президентимиз жисмоний ва ижтимоий хусусиятларидан қатъи назар, ҳар бир болага таълим олиш учун тенг имконият яратиш муҳимлигини алоҳида қайд этди. Шу мақсадда ЮНЕСКОнинг алоҳида эҳтиёжли болалар учун Инклюзив таълимни ривожлантириш платформасини жорий этиш, Жаҳон профессионал таълим саммитини ўтказиш ва энг муҳими, сунъий интеллектни таълим тизимига кенг татбиқ этишга қаратилган “Сунъий интеллект – мактаб” намунавий лойиҳасини амалга ошириш ташаббуслари билдирилди. Бу таклифлар Ўзбекистоннинг келажак авлодни креатив фикрлайдиган ва замонавий билимлар билан қуролланган инсонлар этиб тарбиялаш йўлидаги устувор мақсадларига тўла мос келади.
Иккинчи муҳим таклифлар туркуми инсониятнинг бебаҳо хазинаси бўлган ҳужжатли ва номоддий меросни асраб-авайлашга қаратилди. Давлатимиз раҳбари ЮНЕСКОнинг “Жаҳон хотираси” дастурини ривожлантириш, ушбу дастур яратилган сана – 19 ноябрни “Ҳужжатли мерос халқаро куни” деб эълон қилиш ва Рақамли мерос бўйича халқаро институтни ташкил этиш ғояларини ўртага ташлади. Бу ташаббуслар рақамли асрда тарихий хотирани сақлаш, халқ оғзаки ижодиёти, нодир қўлёзма ва архивларни келажак авлодларга безавол етказишдек олижаноб вазифага хизмат қилади. Бухоронинг ЮНЕСКО Ижодкор шаҳарлар тармоғи аъзоси сифатида 2027 йилда халқаро конгрессни қабул қилишга тайёрлиги ҳам Ўзбекистоннинг бу борадаги фаоллигини кўрсатади.
Нутқда гендер тенглиги масаласи глобал кун тартибининг ажралмас қисми сифатида алоҳида ўрин эгаллади. Давлатимиз раҳбари ЮНЕСКО статистикасига таяниб, илм-фан, маданият ва таълим соҳаларида аёлларнинг етакчилик ўрни ҳануз паст эканини афсус билан қайд этди. Айнан шу тенгсизликни бартараф этиш мақсадида илғор тажрибани ўрганиш учун Хотин-қизлар етакчилиги бўйича ЮНЕСКО академиясини ташкил этиш ва Самарқандда барча қитъаларнинг таниқли тадқиқотчи, санъаткор ва ихтирочи аёллари иштирокида Глобал форум ўтказиш таклифи илгари сурилди. Бу – хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш ва уларнинг салоҳиятини тўла рўёбга чиқаришга қаратилган ўта муҳим ва ўз вақтида билдирилган ташаббусдир.
Иқлим инқирози ва унинг маданий меросга таъсири нутқнинг тўртинчи муҳим йўналишини белгилаб берди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев “яшил” дастурларни муваффақиятли татбиқ этаётган шаҳарларни рағбатлантириш учун “ЮНЕСКОнинг Экологик пойтахти” глобал ташаббусини илгари сурди. Шунингдек, иқлим ўзгаришлари шароитида маданий меросни асраб-авайлаш бўйича махсус резолюция ишлаб чиқиш ва бу масалани Хива шаҳрида халқаро симпозиумда муҳокама қилиш таклифини билдирди. Бу таклифлар Ўзбекистоннинг нафақат ўз ҳудудидаги, балки бутун сайёрамиздаги тарихий обидалар тақдири учун юксак масъулият ҳис этаётганини намоён қилади.
Бешинчидан, рақамли макондаги таҳдидлар – нохолис ахборот, манипуляция ва дискриминацияга қарши биргаликда курашиш зарурлиги таъкидланди. Бунга жавобан Болалар маданий контенти халқаро фестивалини ўтказиш ва Медиа саводхонликни ривожлантириш бўйича ЮНЕСКОнинг кенг қамровли стратегиясини ишлаб чиқиш таклиф этилди. Нутқ сўнгида динлараро зиддиятлар кучаяётган шароитда ислом маданияти ва маърифатини тараннум этиш орқали радикализм ва исломофобияга қарши курашиш ғояси ўртага ташланди ва бу борада Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий каби илмий-тадқиқот марказлари салоҳиятидан биргаликда фойдаланиш чақириғи янгради.
Давлатимиз раҳбарининг Самарқанд минбаридан йўллаган мурожаати – бу шунчаки таклифлар мажмуи эмас. Бу – таълим, маданият, илм-фан ва инсонпарварлик ғоялари орқали тинчлик ва барқарор тараққиётга эришиш мумкинлигига бўлган мустаҳкам ишончнинг ифодасидир. “Самарқанд руҳи” дея эътироф этилган бу ташаббуслар, ҳеч шубҳасиз, глобал ҳамкорликнинг янги уфқларини очишга, инсониятни умумий мақсадлар сари янада жипслаштиришга хизмат қилади.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ,
Ўзбекистон Миллий университети
таянч докторанти