Минг йиллар давомида донишмандлар адолатли жамият ва оқил ҳукмдор ҳақида бош қотириб, ўзларининг мукаммал давлат назарияларини яратиб келдилар. Бироқ бу назарияларнинг аксарияти юксак парвозли ғоялар бўлиб, амалиётдан узоқлигича қолган.
Шу ўринда буюк мутафаккир Абу Наср Форобийнинг хизмати беқиёсдир. У нафақат идеал давлат ҳақида орзу қилди, балки ўзининг “Талхису навомиси Афлотун” (“Афлотун қонунлари моҳияти ҳақида”) асари орқали ҳокимлар учун деярли минг йил ўтиб ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган амалий йўриқнома, ўзига хос “ҳокимлик дарслиги”ни тақдим этди. Ушбу асарда Форобий қадимги юнон файласуфи Афлотун ғояларини шарҳлаш орқали, аслида, давлатни бошқаришнинг энг нозик жиҳатлари, ҳокимнинг масъулияти ва муваффақиятли бошқарув сирлари ҳақида ўз қарашларини баён қилади.
Форобий таълимотининг марказида қонун ва уни яратувчи шахс – “соҳиби қонун” туради. Унинг биринчи ва энг асосий талаби шуки, ҳокимнинг ўзи энг тарбияли, билимли ва юксак ахлоқли инсон бўлиши шарт. Форобий Афлотунга таяниб айтадики, “агар соҳиби қонун оддий одамлар каби жоҳил бўлса, у одамларга наф келтирадиган қонунни жорий этолмайди”. Ҳокимнинг нодонлиги халқ учун энг катта зарардир, чунки касал руҳ энг фойдали нарсаларнинг фарқига бормайди. Бундан ташқари, қонун яратувчи ўзи чиқарган қонунга биринчи бўлиб ўзи амал қилиши лозим. “Қонунига ўзи амал қилмаган раҳбар ўзи қаҳрамон бўлмай туриб аскарларга раҳбарлик қиладиганларга ўхшайди”. Бугунги кун тили билан айтганда, қонун устуворлигини таъминлаш, аввало, раҳбарнинг ўзидан бошланиши кераклиги ҳақидаги тамойил Форобий томонидан ўн бир аср аввал илгари сурилган.
Иккинчи муҳим тамойил – қонунлар мажбурлаш ва зўравонлик билан эмас, балки халқ томонидан ихтиёрий ва хайрихоҳлик билан қабул қилиниши керак. Форобийнинг фикрича, энг фойдали ва таҳсинга лойиқ нарса – бу қонуннинг “ихтиёрий зарурат” усулида амалга оширилишидир. Бунинг учун қонун яратувчи халққа қонунларнинг моҳияти ва афзалликларини тушунтириши, уларнинг ўзига фойда келтиришига ишонтириши лозим. Қонун халқнинг табиати, одатлари ва имкониятларини ҳисобга олиши керак. Ҳатто дорини ҳам меҳрибон табиб бемор яхши кўрадиган овқатга қўшиб бергани каби, қонунни ҳам халққа “ширин” қилиб тақдим этиш лозимлиги ҳақидаги мисол бу ғоянинг нақадар теранлигини кўрсатади. Агар қонун эркинлик билан ихтиёрий амалга оширилса, у ҳолда бўйсуниш ва итоат ҳам фуқаро томонидан қувонч билан қилинади ва узоқ давом этади.
Учинчидан, Форобий ҳокимнинг тарбия ва таълим масаласига биринчи даражали аҳамият бериши зарурлигини уқтиради. “Тарбия оқилликни вужудга келтиради. Кишининг тарбияси бўлмаса, у бемаъниликни хуш кўради. Қонун фаровонлик йўлидир, шундай экан, соҳиби қонун тарбияни мустаҳкамлашга алоҳида ҳаракат қилиши зарур”. Афлотун фикрини давом эттириб, у ёшликдан бошлаб давлат ишлари бўйича фойдали машқлар қилиб юриш, тўғри ва нотўғрини ажратишга ўрганиш келажакда оқил ҳоким бўлиб етишишнинг гарови эканини айтади. Бу ғоялар бугунги кундаги узлуксиз таълим ва кадрлар малакасини ошириш тизимининг фалсафий асосларини эслатади. Форобий учун давлатнинг қудрати унинг армияси ёки бойлигида эмас, балки фуқароларининг билими ва ахлоқидадир.
Форобийнинг “Қонунлар”га ёзган шарҳи шуниси билан қадрлики, унда ҳокимиятнинг мақсади халқни бахтли қилиш экани аниқ ва равшан белгилаб қўйилган. Соҳиби қонун илоҳий эзгуликларга, яъни ҳақиқий бахтга эришиш учун инсоний яхшиликларни (куч, гўзаллик, бойлик) тартибга солувчи зотдир. Ҳокимнинг вазифаси – жазолаш эмас, балки тарбиялаш; мажбурлаш эмас, балки ишонтириш; бошқариш эмас, балки йўл кўрсатишдир. Буюк аждодимизнинг бу ўгитлари асрлар оша ўз овозини йўқотмаган ҳолда, Янги Ўзбекистоннинг адолатли, халқпарвар ва маърифатли давлат қуриш йўлидаги истиқболли ислоҳотларига нақадар ҳамоҳанг экани билан бугунги кунда янада долзарб аҳамият касб этмоқда.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА