Сурхондарё вилояти ҳокимлиги воҳа иқтисодиёти тараққиёти билан боғлиқ маълумотларни очиқлади. Унда ўтган саккиз йилда вилоятнинг иқтисодий тармоқларида ўсиш суръатлари сезиларли даражада ошгани кўзга ташланади.
Маълумотга кўра, шу даврда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми уч баробарга ошиб, аҳоли жон бошига тўғри келадиган маҳсулот ҳажми, саноат ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳалари мос равишда 5,4 ва 5,5 баробарга ўсган. Аҳоли жон бошига реал даромадлар ҳам кескин ўсиб, 2017 йилда бу кўрсаткич 5,7 миллион сўмни ташкил этган бўлса, ўтган йил якуни билан 16,2 миллион сўмга ёки 2,9 баробарга ошган.
Жорий йилнинг ўтган 9 ойида вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот 106 фоизга ўсиб, 12,8 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. 30 триллион сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирилди. 10,9 триллион сўмлик қурилиш ишлари бажарилди. 24,2 триллион сўмлик хизматлар кўрсатилди. Йил якуни билан вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини 63,7 триллион сўмга етказиш ёки 106,1 фоизлик ўсишни таъминлаш мўлжалланмоқда.
Бир пайтлар аграр воҳа ҳисобланган жанубий вилоятда бугунги кунда замонавий саноат, қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳалари жадал ривожланмоқда. Маҳалла ва қишлоқлар қиёфаси тубдан ўзгариб, аҳоли турмуш даражаси тобора юксалмоқда. Бу эса ҳудудда иқтисодиётни диверсификация қилиш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш йўналишларида яратилаётган қулай шароитлар, инвестиция муҳитининг яхшиланиши ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган эътиборнинг амалий самарасидир.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири