Тарих саҳнасида баъзан шундай воқеалар рўй берадики, улар бутун бир даврнинг маданий-маънавий қиёфасини белгилаб беради. XVI аср бошида Эроннинг машҳур илм марказларидан бири – Исфаҳондан чиққан олим, диншунос ва адиб Фазлуллоҳ ибн Рўзбехон Ҳунжийнинг Мовароуннаҳрга келиши ана шундай тарихий ҳодисалардан биридир.

Мафкуравий тазйиқлар туфайли ўз юртига сиғмай қолган бу забардаст олимнинг шайбоний ҳукмдорлар ҳузуридан паноҳ топиши, мазкур сулола ҳокимияти нафақат ҳарбий, балки маънавий-ақлий марказ сифатида ҳам шаклланганидан далолат беради.

Фазлуллоҳ ибн Рўзбехон ўз даврининг энг билимдон кишиларидан бири эди. У Шероз, Макка ва Мадина каби шаҳарларда таҳсил олиб, ислом ҳуқуқи, тарих, фалсафа ва адабиёт бўйича чуқур билимга эга бўлган. Бироқ Эронда сафавийлар сулоласи ҳокимиятга келиб, шиаликни давлат мафкурасига айлантиргач, сунний мазҳабидаги Ибн Рўзбехон каби олимлар учун ватанларида яшаш имконсиз бўлиб қолади. У аввал Ҳиротга, сўнгра эса Шайбонийхон ҳузурига – Бухорога юзланади. Бу танлов тасодифий эмасди. Шайбонийхон ҳокимияти бу даврда бутун Марказий Осиёдаги сунний аҳли учун нажот қалъаси, илм-фан ва маданият ҳомийси сифатида довруқ қозонаётган эди.

Шайбонийхон буюк олимни катта иззат-икром билан кутиб олади ва уни ўзининг энг яқин маслаҳатчиларидан бирига айлантиради. Ибн Рўзбехон хоннинг деярли барча ҳарбий юришларида, сафарларида ва саройда ўтказадиган илмий мажлисларида ҳамроҳлик қилади. Айнан шу муҳитда, яъни ҳукмдор ва олимнинг ноёб ақлий ҳамкорлиги натижасида ўзбек давлатчилиги тарихининг муҳим ёзма манбаларидан бири – “Меҳмонномайи Бухоро” (“Бухоро меҳмонининг хотиралари”) асари дунёга келади. Бу асар шунчаки бир тарихий солнома эмас, балки Шайбонийхон давридаги ички ва ташқи сиёсат, ўша давр жамиятининг ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, кўчманчи ва ўтроқ халқларнинг ўзаро муносабатлари ҳақида бебаҳо маълумотлар берувчи манбадир.

Асарнинг “Бухоро меҳмонининг хотиралари” деб номланишида ҳам чуқур рамзий маъно бор. Ибн Рўзбехон ўзини бу заминда оддий хизматчи эмас, балки қадр топган, ҳурматли “меҳмон” сифатида ҳис қилган. Унинг қаламига мансуб бўлган, Шайбонийхоннинг жияни Убайдуллахон учун ёзилган “Сулук ал-мулук” (“Подшоҳларнинг хулқ-атвори”) асари эса муаллифнинг давлат бошқаруви соҳасидаги теран билими ва сиёсий маслаҳатчи сифатидаги юксак мақомини яққол кўрсатиб туради. Бу асар асрлар давомида Мовароуннаҳр ҳукмдорлари учун давлатни адолат ва шариат асосида бошқариш бўйича муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилган.

Фазлуллоҳ ибн Рўзбехон Ҳунжийнинг ҳаёти ва ижоди – бу нафақат бир олимнинг тақдири, балки XVI аср бошида ўзбек давлатчилигининг минтақадаги энг қудратли сиёсий куч бўлибгина қолмай, балки бутун ислом оламининг ўткир ақл соҳибларини ўзига жалб қила олган маънавий марказлардан бирига айланганининг ёрқин исботидир. Бу тарих бизга аждодларимиз давлатни нафақат қилич кучи билан, балки илм-маърифатга таянган ҳолда бошқарганини эслатиб туради.

Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Бухоро меҳмонининг хотиралари”