Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази тизимидаги Шоличилик илмий-тадқиқот институтида “Осиё шоли тадқиқотлари бўйича ҳамкорлик кенгаши (CОРРА)”нинг 29-ялпи мажлиси бўлиб ўтди.
Халқаро шоличилик илмий-тадқиқот институти бош директори Йвонне Пинто хоним, шунингдек, 15 дан ортиқ шоли етиштирувчи мамлакатларнинг етук мутахассислари, илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этган тадбирда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигининг шоличилик тармоғини модернизация қилиш, илмий тадқиқотлар натижаларини амалиётга жорий этиш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди.

CОРРА мажлисининг мамлакатимизда ўтказилиши Ўзбекистоннинг Осиё минтақасидаги илмий ҳамкорликдаги фаоллигини ва шоличилик соҳасидаги салоҳиятини эътироф этувчи муҳим воқеа эканлиги таъкидланди.
Ялпи мажлис доирасида Осиёда ва ундан ташқарида шоличилик тармоғининг келажаги ва ривожлантириш йўналишлари, барқарор деҳқончиликдаги инновациялар, кам углеродли гуруч ишлаб чиқариш, зараркунандаларга қарши кураш, ҳамда салоҳиятни ривожлантириш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Шунингдек, йиғилишда Ўзбекистоннинг шоличилик соҳасидаги ютуқлари, илмий-инновацион ишланмалари ва халқаро ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Масъулларнинг қайд этишича, мазкур учрашув минтақавий илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, инновацион ечимлар алмашинуви ва барқарор озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилувчи янги ташаббусларни илгари суриш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА